Хўжаи Хизр хақида ривоятлар

Саодат Пўлканова

Қадимги Самарқанд шаҳрига кириб борар экансиз Сиёб бозорига етмасдан ўнг томонингизда қад ростлаган муаззам бир масжидга кўзингиз тушади. Бу масжид Хўжаи Хизр номи билан юритилади.
Хўжаи Хизр масжидининг қурилиши тарихи хақида оғиздан оғизга ўтиб келаётган ривоятларда асос бордек. Айтишларича, Хизр масжиди қурилиши VIII асрнинг бошларида Марказий Осиёни ишғол қилган араб хукмдорларидан бири Қутайба ибн Муслим томонидан бошланган, бироқ уни қачон қуриб битказилгани маълум эмас.
Масжид ўрни Хўжаи Хизр ишоратлари билан кўрсатилганлиги хақида ривоятлар сақланиб қолган. Улардан бирида айтилишича, масжиднинг супаси ҳали битмаган пайтда, Хўжаи Хизр пайдо бўлибдилар. Қарасалар суфа қиблага нисбатан бироз қийшиқ ҳолда қурилаётган экан.Шунда, Хизр бобо масжидни қиблага тўғрилаб, қуришни маслаҳат берган эканлар. Шу сабаб, Қутайба ибн Муслим уни Хўжаи Хизр масжиди деб номлаган.
Хизр Алайҳиссаломнинг Самарқанддаги масжидлари 1854 йилга келиб ўша пайтдаги Бухоро амири Музаффархон томонидан қайта қурилган. Масжиднинг айвон қисми 1999 йилда Самарқанддаги усталар иштирокида таъмирланган.
Самарқанддаги Хўжаи Хизр масжиди “Бону ножия” қабристони яқинида қад ростлаган. Хўжаи Хизр масжиди имом хатиби Аъламхон эшон Набираевнинг айтишича, масжид қурилган пайтда унинг ёнида қабристон бўлмаган. Қабристон кейинчалик пайдо бўлган.Масжиднинг Самарқанддаги энг баланд ва баҳаво жойда қурилгани боиси эса бу ердан бир вақтлари карвон йўли ўтгани билан боғлиқдир.
Хизр бобо шарофати билан масжид ёнидан “Арзис” ариғи оққан ва бу ердан шу номдаги қудуқ бўлган. Карвон йўлидан ўтаётганлар, масжид ёнида тўхтаб дам олганлар ва ўз йўлларига равона бўлганлар.
Замонлар ўтиши билан “Арзис” ариғи йўқолиб кетган. Ниҳоят, 1992 йилга келиб, Хўжаи Хизр масжиди ёнидаги “Арзис” қудуғи топилиб, қайтадан ишга туширилди. Қирқ метр чуқурликдаги бу қудуқ энг қадимги қудуқлардан бири бўлиб, хозирги кунда ундан самарқандликлар фойдаланишмоқда.
Қудуқ бундан 1200-1300 йил олдин пайдо бўлган деган тахминлар бор. Ҳатто, ушбу қудуқ ҳақида халқ орасида турли туман ажабтовур ривоятлар юради. Эмишки кимда ким, ушбу қадамжога зиёрат этгани келган чоғида пок ният билан қарса, сув юзида ойнинг акси ҳамда қатор бир қатор юлдузларни кўриши мумкин бўлар экан. Бу манзара фақат чин дилдан ихлос қилган кўнгли тоза инсонларга кўринар эмиш. Айтишларича, қирқ душанба куни бомдод номозини жамоа билан бирлашиб ўқиган кишига, Хизр бобо кўринар эмишлар.
Хизр бобо масжиди, совет даврида жуда ёмон холатда бўлган. 1996-1998 йилларда Ўзбекистон хукуматининг махсус қарори билан бошқа қадамжолар каби Хўжаи Хизр масжиди ҳам қайта таъмирланди. Бугунги кунда Хазрати Хизр масжидини ҳар куни, юздан ошиқ одамлар зиёрат қилишади. Айниқса Ўзбекстоннинг иссиқ жойлари бўлган Хоразм ва Сурхандарё ҳамда Фарғона водийсидан келган кўплаб зиёратчиларни учратиш мумкин.

Хўжаи Хизр ҳақида нимларни биламиз?

Халқ орасида юрган афсоналарга кўра, Хўжаи Хизр тахминан олти минг йиллар муқаддам дунёга келган эканлар. Туну кун зикр айтиб, тоат ибодат қилиб юрганликлари учун, Аллоҳ ул эотга боқий умр бахш этган.
Хўжаи Хизр Одам Сафиуллоҳнинг 20 чи аждодлари эканлар. У кишининг оталари исми Мулкор, боболари Колий, катта боболари Мард, ундан олдинги боболари исми эса Ҳут бўлган. Шундай қилиб бу шажара давом этиб, Одам Атога боғланган.
Худои Таоло Хизр Алайҳиссаломга боқий ҳаёт билан бирга, яна бир қанча мажбуриятларни ҳам берган экан. У киши дунёдаги жамики ер остидаги ва ер устидаги сувлар, барча бойликларнинг эгаси, пири эканлар. Кимдаким Хизр Алайҳиссаломга учраб, у кишининг дуоларини олса, у одам бахтли саодатли, бой-бадавлат бўлар экан.
Ҳар бир одам ўз умри давомида уч марота Хизр бобога йўлиқар экан. Бироқ кўп ҳолларда у кишини танимай қолар экан. Сабаби кўп кишилар, ўз тилари билан диларини бир қилиб юра олмайдилар. Агар ҳар бир киши, бирор савобли ишни чин дилдан қилса албатта, Хизр боьбо у кишига йўлиқар эканлар.
“Хизр” арабча сўз бўлиб, унинг маъноси “яхшиллик ва яшовчи” деганидир, Шунинг учун у кишини кўпроқ ям- яшил ўтлоқзор, ям-яшил дарахтзор ёки ям-яшил сувни, дарёни олдида учратиб қоладилар.
Ривоятларда, Хизр бобонинг ўнг қўлларидаги бош бармоқлари суяксиз эканлиги айтилади. Шунинг учунми ўнг қўлидаги бош бармоғида суяги йўқ одамни кўрган кишилар ўзларини, Хизр Алайҳиссалом билан учрашганликларини нақл қилиб юрадилар. У киши кўпинча нуроний чол киши қиёфасида кўринар, кўпинча мададга муҳтож ҳолатда, елкаларига бирор оғир юк кўтарган вазиятда одамлар кўзига кўринар эмиш. Ёрдам қилишга интилган кишиларга Хизр бобо раҳмат назари билан қарар эканлар.

Қуръони Каримда Хизр Алайҳиссалом тафсилоти

Хўжаи Хизр ҳақида исломда жуда кўп нақл ва ривоятларга дуч келамиз. Хизр Алайҳиссалом Аллоҳнинг қули, пайғамбар, ножоткор сифатида талқин этилади. Масалан Қуръони каримнинг 18 сурасида хазрати Хизр хақида ажойиб бир ривоят бор. Унда пайғамбарлардан бири Мусо алайҳиссаломнинг Хизр билан учрашувлари ҳақида гап боради.
“Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамаймиз”, деган пайтини эслангиз, (таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур).
Изоҳ : Мана шу оят билан Мусо ва Хизр пайғамбарлар ҳақидаги қисса бошланади. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Тангри таолога муножот қилиб: “Бандаларинг орасида мендек илми зиёдроқ бўлган киши борми?” деб сўраганида, Аллоҳ таоло: “Ҳа Хизр сендан олимроқ” деб жавоб қилган экан. Шунда Мусо “У зотни қандоқ излаб топаман?” деганида, “Денгиз соҳилидаги қоя олдидан топурсан”, деган жавоб бўлибди. “У ерга қандоқ борилур?” деб сўраганида, Аллоҳ таоло айтган экан: “Бир балиқни саватга солиб, йўлга чиқарсан.Қаерда уни йўқотиб қўйсанг, Хизрни ўша ердан топурсан!”. Шундан кейин Мусо хизматкор йигитига балиқ солинган саватни бериб: “Бу балиқни йўқотган жойингда менга айтарсан”, деб тайинлаб йўлга тушибдилар.
61. Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган жойга ерга етишгач, балиқларини унутдилар. Бас у (балиқ) денгизга қараб йўл олди. 62. Бас, қачонки (у ердан)ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир, хақиқатдан бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деган эди. 63. У (хизматкор) айтди: “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни (унга жон кириб саватдан тушиб кетганини) унутибман. (Бу воқеани сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга ажойиб (сездирмаган йўсинда) йўл олган эди”. 64. (Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарсадир”. Сўнг (Хизрни) излаб ортларига қайтдилар. 65. Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик. 66. Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” деди. 67. У (Хизр) айтди: “Анники сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас. 68. (Зотан) ўзинг эгаллаб олмаган – хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!” 69. Мусо деди: “Иншоллоҳ, сен менинг сабр тоқатли эканимни кўрурсан. Мен бирор ишда сенга осийлик – итоатсизлик қилмасман”. 70. У (Хизр) айтди: “Бас. агар менга эргашсанг. то ўзим сенга айтмагунимча бирор нарса ҳақида мендан сўрамагин”, 71. Бас, икков йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан (Хизр кемани) тешиб қўйди. Мусо атйди: “Уни одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми?! Жуда даҳшатли иш қилдинг ку!”. 72. У (Хизр) деди: “Анники, сен мен билан бирга сабр қилишга харгиз тоқатинг етмас. демаганмидим?!” 73. Мусо айтди: “Унутганим сабабли, мени айбламагин ва бу ишим учун мени машаққатга дучор қилмагин”. 74. Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида (Хизр) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: “Бировни ўлдирмаган бир бегуноҳ жонни ўлдирдинг-а?! Дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қлидинг!” 75. У (Хизр) деди: “Мен сенга, сен мен билан бирга сабр қилишга харгиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!” 76. (Мусо) деди: “Агар бундан буён сендан бирор нарса хақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. Чунки ( у ҳолда) мен томонимдан узр етган бўлурсан (яъни, у ҳолда мени ташлаб кетганинг учун сени айблай олмасман”). 77. Сўнг (улар) Яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб, улардан таом сураган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни куришгач, (Хизр) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: “Агар ҳоҳласанг, шу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди”. 78. У (Хизр) айтди: “Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи) дан огоҳ қилурман. 79. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин – бечораларники эди. Бас. мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим.(Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларини талон тарож қилиб, тортиб олувчи бир подшоҳ бор эди. 80. Ҳалиги боланинг эса ота оналари мўмин киши эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик. 81. Шу сабабдан, уларга Парвадигор (бола) дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик. 82. Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, улар вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмат марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг бирортасини) ўз – ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир”.
Изоҳ. Мазкур илоҳий қиссадан олинадиган ибрат бандаларга берилган илмнинг чексиз -чегарасиз эканлигидир. Пайғамбарлар тарихидан маълумки, Мусо Алайҳиссалом “Калимуллоҳ” – Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашувчи” деган номга сазовор бўлган зотдирлар. Демак, у киши, Яратган билан савол – жавоб қилганларида, ўртада ҳатто фаришта ҳам воситачилик қилмаган бор хақиқатни Хақ таолонинг ўзидан олганлар. Бинобарин, ўзларича дунёда мендан ҳам илмлироқ одам бормикан, деган фикр кўнгилларидан кечган бўлса керакки, юқоридаги оятларда зикр қилинган қиссада Тангри Ўз пайғамбарини огоҳлантириб, гўё шундай дейди: “Агар сенга бўлиб ўтган барча нарсалар тўғрисида билим берган бўлсам, бандаларим орасида шундай бир киши ҳам мавжудки, унга энди бўладиган нарсаларнинг билимини ҳам ато этгандирман – яъни, сен ўз илм маърифатинг билан бутун дунёга устоз бўлишинг мумкин, аммо, у бандамга шогирд бўлишга ҳам ожизлик қилурсан” Бу ҳикоя билан Аллоҳ Ўзининг “Ҳар бир билим соҳиби устида унданда билимлироқ биров бордир”, деган ояти каримасини яна бир карра исбот этади”. (“Қуръони карим”. Ўзбекча изоҳли таржима. Тошкент, “Чўлпон нашриёти, 1992 йил).

Хўжаи Хизр шайхларга мададкор

Улуғ аллома шайх Фариддин Аттор хазратлари ўзларининг “Тазкират ул Авлиё” асарларида Хўжаи Хизр мададига сазовор бўлган улуғ инсонлар хақида кўплаб маълумотларни келтирган. Улардан бири Шайх Абу Бакр Абу Вароқ Термизий хазратларидир. Айтишларича, Хазрати Шайх Абу Бакр Вароқ муомила ва адаб бобида ўхшаши йўқ киши эканлар. Ҳатто у кишини “Муаддаб ул авлиё”, яъни авлиёлар адаблиси деб атар эканлар. Нақл қилишларича, Хизр пайғамбар алайҳиссаломни кўрмоқ орзуси у кишининг кўнглига тушибди. Ҳар тонгда Қуръон ўқир ва қабристонга борар, у ерда тазарру ва илтижо этар эканлар. Бир куни уйларидан чиққанларида бир нуроний пир келиб у кишига салом берибди.
- Бугун бирга суҳбат қилмоқлигимизни истармисан? – дебди пир.
- Истайман, – дебди у киши.
Иккиси суҳбатлашиб қабристонга борибдилар, кўп сўзлар сўзлашибдилар. Пир кетмоқчи бўлибди.
- Ё Абу Бакр! Бугун сени бир пора Қуръон ўқимоқдан қўйдик. Мен ўша орзу қилганинг Хизрман. Бир соат хақ билан суҳбат қилмоқ, минг йил Хизр билан ўтиргандан яхшидир.
Пир шу сўзларни айтиб ғойиб бўлибди.

* * *

Фаридиддин Аттор хазратлари Хизр алайҳиссаломга дуч келган шайхлардан бири Абу Бакр Каттоний ҳақида ҳикоя қиладилар.
Нақлдурки, хазрати Абу Бакр айтур:
“- Бир куни бир пир жойномозини устига ташлаб, менинг олдимга келди, салом берди ва :
- Ё Шайх! Нечун мақоми Иброҳимга келмайсан? У ерга бир пир келган, ҳадис ривоят қилгай, тинглаганларнинг жонлари роҳат топур, деди. Мен сўрадим:
- Ул пир ҳадисни кимдан ривоят қилур?
- Абдуллоҳ, Абу Хурайро, Ибни Аббосданким, булар пайғамбар (с.а.в) дан эшитганлар.
- Мен буларни устозсиз ҳам эшитгайман, дедим.
- Бу ўзгача бир зўр қувватдур. Сен уни кимдан эшитасан? деди.
- Кўнглим Аллоҳдан эшитгай ва менга хабар бергай, дедим.
- Далилинг борми? деди.
- Далилим шуки сен Хизр пайғамбарсан, дедим.
Бу даъфа Хизр айтмишки,
- Дунёдаги Аллоҳ валиларининг барчасини биламан, деб ўйлар эдим. Илло Абу Бакр Каттоний мени билди, мен уни билмадим…
Бундан маълум бўладики, Аллоҳнинг шундай валилари бордирки, Хизрни билурлар, Хизр уларни билмас. Ва яна кўп валилар бордирки, уларни на Хизр билур, на валилар билур, Аллоҳдан бошқа бирор зот уларни билмас. Зеро, у Аллоҳнинг хосидир, уни Аллоҳдан бошқа киши ундан муталиъ (хабардор) бўла олмас. Баъзи валилар ҳам бордирки, ўзлари ҳам ўзларини билмаслар. Уларнинг ҳолини ёлғиз жаноби Хақ билур деб нақл қиладилар Аттор хазратлари.

* * *

Яна Тазкир -ул Авлиёда ҳикоя қилишларича, Хазрати Шайх Хаким Термизий шайхларнинг муҳташамларидан эди. У киши ёшлик пайтларида икки толиби илм билан келишиб, бориб илм олмоққа лафз қилдилар. Ихтиёри онасида эди, онаси изн бермагани учун у бора олмади. Термизий қабристонларга бориб йиғлар эди. “Ё Худо ё! У икки йўлдошим бориб, илм билан машғул бўлдилар. Улар тезда олим бўлғайлар, мен жоҳил қолгайман” деб шу сабабдан ичи ёнар эди. Ногоҳон унга бир пири фоний учради. Дедики, “Эй ўғил, йиғлама, қайғурма. Ўшал икки йўлдошингдан кўра олимроқ бўлмоқни истармисан?”. “Истайман”,- деди…
Хазрати Термизий айтарки, “Ул пир менга бир жойни тайин этди. Ҳар куни ул кўрсатган жойга борар эдим, менга сабоқ берар эди. Уч йил шу йўсин менга бутун анвойи илмларни кўрсатди ва ўргатди. Сўнг билдимки, ул зот хазрати Хизр пйғамбар эканлар. Бу улуғ давлатни онамнинг ризосидан топдим”.

* * *

“Тазкират-ул Авлиё” да Шайх Иброҳим Адҳамнинг Хизр алайҳиссалом билан учрашувлари ҳақида қизиқ бир ривоят келтирилади.”Ул подшоҳи иқлими аъзам Иброҳим бин Адҳам кодасаллоҳул азиз, муттакаййи жаҳон (жаҳон парҳезкори) ва сиддиқи замон эди. Кўп шайхлар унинг юзини кўриб, хазрати пайғамбар жанобимизни кўргандай бўлур эдилар. Имоми Аъзам (хазрати Абу Ханифа) билан суҳбат қурганлар. Жунайд (Бағдодий) унинг ҳақида “Иброҳим мифтоҳ ул – улум (илмлар калити) дир” дер, эди.
Бир куни у Абу Ханифанинг олдига келганида (Абу Ханифанинг) ёронлари унга қаттиқ назар билан боқдилар. Абу Ханифа ҳам “Саййидуна Иброҳийм”, деди.Саййидликни нимадан топди?” дедилар. “Хақ бирла машғулликдан”, деб жавоб берди (Абу Ханифа).Аввал ҳолида у Балх шаҳрининг подшоси бўлиб, қирқ нафар олтинқалқонли қули дабдаба билан унинг олдида борар, қирқ нафари ортида юрар эди. Бир кеча у саройида ётар экан, томнинг тепасидан бир дупурни пайқади. “Ул нимадир?” деб товуш берган эди, “Туямни қидираяпман”, деган садо келди. “туяни томнинг устида қидирадими?” деган эди, жавоб келдики, “Эй ғофил, Аллоҳни атлас кўрпачалар ичида қидирадиларми?!” деб. Бу сўзни эшитиши билан унинг жонига ўт тушди. Тонгга қадар ухлай олмади.Мутаассир бўлиб тахтига ўтирди. Аркони давлат ва қуллари келиб, қўл боғладилар, шу замон хайбатли бир зот эшикдан кириб келиб, тахтнинг ёнига борди. Бирор киши бир сўз сўзлай олмади. Тиллари тутилди. Иброҳим: “Кетгил бу сарой меникидир, сен телбамисанки, бу ёққа келдинг!” деган эди, ул зот “Бул карвонсаройдир. Сендан олдин кимники эрди?” деди. “Отамники, Ундан олдин ҳам боболаримники эди”. “Улар не бўлдилар?”. “Ўлдилар”, деди (Ибрҳим) Бунга жавобан: “Демак менинг айтганимдек (бул Сарой) карвонсарой эмасмидирки, бириси келиб, бириси кетар?”- деди, ул зот.
Ўшал зот Хизр алайҳиссалом эди. Иброҳим хазратлари бу ҳолни кўргач, дарди зўрайди. Қарори қолмади. Таажуб ичра: “Отларни хозирлангиз, овга кетамиз! Балки шунда тасалли топарман” деди. Саҳрога чиқдилар. У не қиларини билмас эди. Кезар экан, ўз саройи аҳлидан ажралди. Кетаётиб “Интибоҳ!” (Огоҳ бўл, уйғон”) дейилди. Учинчи марта “Интибоҳ қоблан тантабоҳ!” (Ўлмоқдан аввал уйғон) дейилди. Буни эшитгани замон дунёдан қўл тортди. Отини илгари сурди. Олдидан бир кийик чиққан эди, бирдан кийикни овлагиси келиб қолди. Аммо, кийик тилга кириб: “Ё Иброҳим! Хазрати Хақ таоло сени ов қилмоқ учун дунёга келтирдими? Бошқа ишинг йўқми?” деди.Шу сўзларни эшитар экан, бир овоз келди : “Сен ов қилмоқ учун яратилмадинг”. Бу сас, уни титратди. Шавқи ортди.Кўзига малаклар кўринди. У йиғлай бошлади. Шу қадар йиғладики, кийимлари ҳўл бўлди. Жону дил билан насул тавбасини қилди. (Насул тавбаси соф, ҳолис ҳолда, қайта гуноҳ қилмаслик аҳди билан қилинган тавба).
Шу ҳолда кетар экан, ўз одамларидан бўлмиш бир чўпонга учради. Чўпоннинг телбалиги ва чакмонини кийиб олиб, қўйларини унга бағишлаб юборди. Иброҳимнинг бу ҳолига малаклар назар қилар эдилар: “Подшоҳлик либосини ечиб, жаннат ва жамолуллоҳ ошиғи охират либосини кийди” дедилар.
Иброҳим у ердан Марв шаҳрига келди. Кўприкдан ўтаётган эди, бир киши пастга қараб учди. Иброҳим “Аллоҳуммаҳфузҳу!” деб нидо қилди, ул киши сувга тушмасдан муаллақ қолди. Халойиқ бу кароматдан хайратга тушди.Иброҳим у ердан Нишопурга келди. Бир ғорга кириб, тўққиз йил ибодат қилди. Нишопурга ўтин келтириб сотар, ярмини дарвишларга тортиқ қилиб, жума номозини ўқигач, ғорга қайтиб келиб, рўзасини тутар эди.Маълум вақт ўтгач, у ғорни ташлаб, йўлга чиқди.Бир зотга дуч келдики, у исми аъзам (Аллоҳнинг исмларини) ўқир эди. Иброҳимга ҳам ўргатди. Не лозим бўлса ўқир ва истаган илмларини ёнида топар эди. Бир куни Хизр алайҳиссалом билан кўришди. “Исми аъзам”ни ўргатган менинг биродарим Илёс алайҳиссаломдир”, деб хабар берди ул зот. Иброҳимнинг аввалги шайхи Хизр алайҳиссалом кўп насиҳатлар бериб, ғойиб бўлди. Саёҳатидан фавқулодда ҳолат кўриб, (Иброҳимнинг) кашфи очилди. Ўн тўрт йил поклик, холислик билан эл кезиб, ибодат билан машғул бўлди. Маккаи муаззамани зиёрат қилдида, бир муддат шу ерда мусофир қолди. Дурадгорлик билан машғул бўлар эди. Кечалари Каъбанинг хилват бўлишини кутар эди. Шунга муваффақ бўлди. Унда дуо қилдики, “Ё Рабб! Менга истат (поклик) бер!” деб. Муножотига жавобан бир нидо эшитди: “Менинг Наффор эканимни билмоқ лозимдир. Гуноҳларга истиғфор (айтмоқ) фазилатдир”. Иброҳим ҳузур билан: “Аллоҳуммаҳфирли!” деган эди, бир жавоб эшитдики, “Ё Иброҳим! Ёлғиз сен сени истарсен. Бошқа бандаларимни ҳам қўшиб ниёз этсанг, раҳмати илоҳиятдан ҳеч бир нарса камаймас!”. Шу хитоб онида Иброҳим ўз эксиклигини (нуқсонини) идрок этиб, “Ё, барча пинҳон ва ошкор нарсаларни билган Аллоҳим! Густоҳлигимга ва қусуримга боқмагин! Жами бандаларинг билан биргаликда, раҳмат ва мағфират насибу муяссар айлаганинг жамоатга барчамизни йўлдош айлагин!” деб тазарруъ ва ниёз этди. Илоҳининг зоти улуҳиятини билиб, танир экан, “билмаганларнинг ҳолига войким, Сени билмаганнинг ҳоли не кечар экан!” дер эди.

Аҳмад Яссавий Хўжаи Хизр хақида

Тўрт ёшимда хақ Мустафо берди хурмо,
Йўл кўрсаттим, йўлга кирди неча гумроҳ,
Қайда борсам, Хизр бобом менга ҳамроҳ,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

* * *
Ўн тўққизда етмиш мақом зоҳир бўлди,
Зикрин айтиб ичу тошим тоҳир бўлди,
Қойда борсам, Хизр бобом хозир бўлди,
Ғавс ул ғиёс май ичурди, тўйдим мано.

“Хикматлар” дан

This entry was posted in Крилл алифбосида, Мақолалар. Bookmark the permalink.

Comments are closed.