Kategorier
Крилл алифбосида Шеърлар

Чанқовузни ким чалди?

Эшқобил Шукур

Қодир бахши ёди

– Оғам, айтгин,
Чанқовузни ким чалди?
– Чиммат тутиб куёв кутган келинлар чалди.
– Сарбон, айтгин,
Чанқовузни ким чалди?
– Қақшаб-кақшаб қумда қолган қулунлар чалди
– Синглим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
– Далаларда куйиб кетган ойларим чалди.
– Она, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
– Болаларим ташлаб кетган куйларим чалди.
– Элим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
-Томиримга қўниб ўтган бир булбул чалди.
-Бахшим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
-Кўкрагида эрк чайқалган эна эл чалди.
1987

(Ҳамал айвони китобидан)