Kategorier
Крилл алифбосида Умарқул Пўлкан

Қалам соҳиблари доим соғ бўлинг


Умарқул Пўлкан

Самарқандни севмай бўлмас

Қалдирғочни қанотидай қайрилди кўп замонлар,
Мард тарихнинг қўлларида синиб кетди камонлар,
Самарқандни асраб қолди, бироқ ишқу-имонлар,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Самарқанд бу тўзим билмас мангуликка ҳайкалдир,
Кўп савдодан сочи оппоқ она-ерга сайқалдир,
Бу кун менинг манглайимга битилган бир зарҳалдир,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Хатирчида,Нуротада,Иштихонда кезганман,
Зарафшоннинг зилолидан ажиб бир завқ сезганман,
Шоир бўлиб Самарқандда илк шеъримни ёзганман,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

У Жиззахнинг қўшнисидир, Фарғонага қариндош,
Зўр жанглардан омон қолган Бухоро-ла кўзу қош,
Унинг билан бир умрга оғайнидир кўҳна Шош,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Афросиёб қирларида Улуғбекнинг изи бор,
Мадрасалар пештоқида Навоийнинг сўзи бор,
Қиздай гўзал баҳори бор, болдай ширин ёзи бор,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Келажаги кундай ёруғ, муроди кўп улкандир,
Фарзаднлари омадбардор, бахт-иқболи кулгандир,
Балки бири Жуманбулбул, балки бири Пўлкандир,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Кўрмаганлар кўрмоққа зор, билмаганлар камдан-кам,
Регистонни бир кўрмоқни бахт деб билар кўп одам,
Армоним йўқ, бир умрга Самарқандда яшасам,
Бу дунёда Самарқандни севмай бўлмас, дўстларим.

Соғ бўлинг

Дилга ором берар юртим шамоли,
Созимни созлаган кўркам замони,
Куйлашда устивор булбул мисоли,
Эл мадҳини куйлаганлар соғ бўлинг.

Ватаним кўркамдир Эрам боғидан,
Куй-қўшиқ таралар ҳамма ёғидан,
Ҳурмати баланддир Казбек тоғидан,
Улкан шеър яратган дўстлар соғ бўлинг.

Уйлари шинамдир, қизлари санам,
Қуёшга қўналға – Ватаним онам,
Тавсифин айтмоққа ошиқар қалам,
Қалам соҳиблари доим соғ бўлинг.

Пишқириб йўл босар элим каврони,
Бу ерда ҳеч кимнинг йўқдир армони,
Эл мадҳин куйлаган шоир достони,
Достон айтган қора кўзлар соғ бўлинг.

Сизни сийлар азиз халқим, элатим,
Сиз билан жарангдор, қўшиқ, ижодим,
Отам – Пўлкан шоир, сизлар – устодим,
Устозлар, жўралар мудом соғ бўлинг.