Саодат Пўлканова: “Ватанни ҳеч нарсага тенглаштириб ёки алмашиб бўлмайди”

Саодат Пўлканова Самарқанд вилоятининг Хатирчи туманида таваллуд топган. 1996 йилда Тошкент Давлат Университетининг филология факультетини тугатган. Бир қача шеърий ва бир насрий китоблар муаллифи. Пўлкан шоир номи билан боғлиқ адабий сулоланинг кенжа вакили. www.pulkan.org интернет саҳифаси асосчиси. Айни пайтда Швецияда яшайди.

Би-би-си: Муҳожиратда ижодкор бўлишнинг ўзига хосликлари нимада? Гашти, машаққати назарда тутилганда…

Саодат Пўлканова: Муҳожиратдаги ижодкорликнинг ўзига хос гашти, афзалликлари ва айни пайтда машаққати ҳам бор.

Муҳожиратдаги ижодкорда бошқа ижодкорларга қараганда Ватан соғинчи кўпроқ бўлади. Ва бу соғинч муҳожир ижодкорни юксакка кўтаради.

“Мусофир бўлмагунча-мусулмон бўлмайсан” деган нақл бежизга айтилмаган.

Мусофирлик оддий инсонларни чексиз ғаму уқубатга ошно этади, шоирлар қалбига адоқсиз дарду андуҳ солади. Ва бу дард муқаддасдир…

Ватанда ёзилган шеърлар билан муҳожирликда битилган назмий машқларнинг фарқи катта…. Ватанда бизда яхши ижодий муҳит бор эди. Хорижда бу нарса йўқ. Лекин ижод қилиш учун яхши шароит бор.

Бу шеър муҳожир шоирнинг кўнгил кечинмаларидир…

Оҳ, ҳасрат эзади, дилингни бу кун,
Дардларинг ичингга сиғдиролмайсан.
Айролиқ тушди деб дил аро нечун,
Ҳижрондан энтикиб бағринг доғлайсан.

Умрингга ғанимат бўлган у дамлар,
Бирма-бир ёдингга тушади тинмай.
Дунёда йўқмиди сендайин камлар,
Нима ҳам қилардинг, тақдирга кўнмай.

Белибос одамдай қолсанг чорасиз,
Ҳам ватандан айро, ҳам юрагингдан.
Ҳаётинг ўтса гар рангсиз, маъносиз,
Муддао бормиди бундай яшашдан?

Ўлимга куч топсанг, ўлолмасанг лек,
Надомат юрагинг кемириб ётса.
Тангри мадад бериб ғамларинг енгсанг,
Қумсаб чорлаганинг малҳам бўлолса…

(2006 йил февраль. Швеция).

Бошқа томондан муҳожирликнинг ўзгача гашти, таровати бор. Энг муҳими – дунёни кўрасиз, ўзингизни қайтадан кашф этасиз…

Биз оиламиз билан 2006 йилдан буён Швецияда яшаймиз. Ўтган беш йил давомида биз швед халқи маданиятини, урф-одатларини яқиндан ўргандик. Швед халқининг менга манзур бўлган томони – улар ёлғон гапиришни хуш кўрмайдилар. Айниқса, инсонларнинг бир-бирларига бўлган муносабатлари жуда самимий. Мактабларда таълим олаётган ёш болакайлар ҳеч вақт бир-бирлари билан қўпол муносабатда бўлишмайди. Ҳар бир инсон ўз кучи ва билими билан орзу мақсадларига эришишга ҳаракат қилади. Бу мамлакат Европанинг гўзал шаҳарлари Лондон, Париж, Рим каби гўзалликка бой бўлмасада, сокин ва баҳаво табиати билан муҳаббатингизга сазавор бўлиши мумкин.

Би-би-си: Муҳожиратдаги ижодингизни сермаҳсул деб айта оласизми? Ўзбекистондаги потенциалингиз даражасида ижод қила олаяпсизми?

Саодат Пўлканова: Йўқ, мен ўзимни сермаҳсул эмас, балки камтар ижодкор деб биламан. Мактабда ўқиб юрган кезларимда ва талабаликда кўп шеърлар ёзардим. Ва бу ижод намуналарим ўзбек матбуотида ёритилиб борарди. Оила қургач бир оз танаффус қилиб, вақтимнинг кўп қисмини фарзандлар тарбияси ва оила ташвишларига бағишладим. Лекин ижод деб аталган гўзал оламдан мосуво бўлмадим. 2004 йилда Франциянинг Марсел шаҳрида бўлиб ўтган “lirе en Fete ” деб номланган халқаро китоблар анжуманида “Самарқанд:муқаддас қадамжолар – хақиқат ва афсона” номли китобимнинг рус тилидаги нусхаси билан иштирок этдим. Ушбу китоб гўзал ва муқаддас Самарқанд заминида жой олган муқаддас қадамжолар ва шу заминда яшаб ўтган азиз авлиёлар ҳаётига бағишланган эди. Айтиш мумкинки, бу менинг илк маротаба насрдаги камтарона ижодим эди.

Швецияга келгач, боболарим ижодини давом эттириш билан бирга, уларни хорижда ҳам тарғиб қилиш бўйича иш олиб бордим. Бу ерга келиб www.pulkan.com номли интернет саҳифасини ташкил этдик. Саҳифага сулоламиз бош бўғини – Муҳаммадқул Жомурод ўғли куйлаб ўтган терма ва достонлар, бобом – Умарқул Пўлкан шеърий китоблари, раҳматли отам – Амирқул Пўлкан шеърлари, ўзимнинг назмий машқларим, таржималарим ва китобларимни, укам – Мақсуд Пўлкан шеърларини жойладик. Бундан ташқари ўзбек халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ тадқиқотларни ҳам ёйинлашга ҳаракат қилдик. Бу мен учун жуда ҳам мароқли иш эди. Сабаби, шу пайтгача Пўлкан шоир сулоласи ва умуман, ўзбек халқ оғзаки ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи алоҳида веб саҳифа йўқ эди. Ўзбекистон ичидаги фолкьлоршунос олимлар ва тадқиқотчилар босма нашрлар билан кифояланиб, халқаро тармоққа эътибор қаратишмаган, бу борада биринчилардан бўлиб иш бошлаётган эдик.

Швецияда интернетдан фойдаланиш яхши йўлга қўйилган. Техник имкониятлар анча юқори. Бу ерга келгач, “Самарқанд: Муқаддас қадамжолар-ҳақиқат ва афсона” асаримни ўзбекча вариантини қайта ишлаб чиқдим. “Бобом ҳақида хотиралар” номли автобиографик асар устида иш олиб бормоқдаман. Турмушимда камчиликлар йўқ ҳисоби. Имкониятдан ортиқ даражада ижод қилиш мумкин холос.

Би-би-си: Муҳожират ижодкор сифатида сизга қандай имкониятлар берди ва сизни яна қандай имкониятлардан маҳрум этди?

Саодат Пўлканова: Муҳожирликнинг менга берган энг катта имконияти – ўзим яшаётган Швеция тарихини, швед тили, маданиятини, халқ оғзаки ижодини яқиндан ўргандим. Шунинг билан бирга швед шоирлари шеърларини ўзбек тилига ўгира бошладим. Бу менинг илк маротаба таржима жанрига қўл уришим эди. Швед тилидан Паулус Уутси, Анна -Грета Виде, Лена Томповкий, Карин Бойи, Барбро Линдгрен, Бенгт Берг, Улф Лунделл каби шоирлар шеърларини ўзбекчага ўгирдим. Астрид Линдгреннинг болаларга бағишланган асарларини ҳамда швед халқ оғзаки ижоди намуналарини ўзбек китобхонларига етказиш истагидаман.

Швед шоирлари орасида кўнглимга яқин бўлган шоира – Карин Бойидир. У ёлғиз яшаган. Ёлғизликда ижод қилган. Карин Бойи қисқа умри давомида кўплаб шеърий асарлар ёзиб қолдиришга улгурган. Унинг инсон изтиробларини акс эттирувчи дилбар шеърлари кўп. Ёки Брор Рённҳолмни қамоқхонада ёзган шеърлари ҳам жуда таъсирли.

Қуйида айрим таржималардан намуналар …

Ёлғизлик

Ёлғизлик – бир қамоқхона
Бироқ у қурол ҳам
У билан ўзингни ҳимоялайсан
Улғайиш учун

Инсон танҳоликда улғаяр
деган эди бир оқил киши
нақадар ҳақ экан бу сўзлар

Бироқ инсон улғайган сари
қуроллари борар камайиб

Инсон куч олади
ёлғизликдан

(Брор Рённҳолмдан)

Истак

Оҳ, ҳаёт нақадар хақиқатдир рост,
ва аниқ бир бор ўлмоқ ҳам,
атрофда тириклик мавжланар масрур
қайғу ва шодликла жамулжам.

Бир қўшиқки бирам осуда
Куйлар мени кўнгил оҳимни.
Йўқолмайди бу оҳанг сира
эсга солар кўнгил розимни.

Ва бу узун ҳаёт сўнггида
Бордир бир кун – мен учун якто.
У кун мени қалб илинжида
Элтар гўзал ўлимга танҳо.

Ва бу гўзал тупроқ устида
Барча нарса тартибли сокин.
Бироқ инсон қисмат қасдида
Етар унга ёлғиз ва мискин.

Гўёки бу улуғвор олам
япроқ узра қўнган бир шабнам,
ва бу сокин биллур ичида
Томчи сувдек турар муаллақ.

Ва у ёлғиз томчи сув каби
Севимлидир бу ҳаёт жуда
Менга бахш эт ўша ҳаётни!
Менга бахш эт покликни дунё!

( Карин Бойидан )

Ҳимоясиз қирғоқ

Ҳеч нарсани тушунмадим,
Кўнглим эса ғаш.
Кўраяпсизлар эҳтимол.

Барча қишлоқ бузилди бунда,
Бегоналар топтади э воҳ,
Чегарага улар муҳтож эмасди.

Мен турибман қирғоқ бўйида,
Қирғоқдирки узундан узун,
Кўраяпман сизни тахминан.

Кўҳна соҳиллари унча кўп эмас
Бегоналар талаб қилишар биздан,
Бироқ чегарага муҳтож эмаслар.

Менинг халқим бугун чайқалар,
Безовта бир денгиз сингари,
Кўраяпсизлар бизни эҳтимол.

Муҳтожмиз адолатли ҳимояга биз,
Улар эса олдимизга қўйишар талаб,
Улар чегарага муҳтож эмаслар.

Аждодларим кўрар, мен курашаётган авлод,
Кўраяпсизлар бизни эҳтимол,
Чидаяпмиз ҳақоратларга.

Бегоналар эгмоқ исташар бизни,
Улар чегарага муҳтож эмаслар,
Улар чегарага муҳтож эмаслар.

(Паулус Уутсидан )

* * *

Би-би-си: Агар муҳожиратдаги ҳаётингиздан келиб чиқиб айтсак, ижодкорлик Ватан танлайдими ё ижодкор учун қаерда ижод қилишнинг фарқи йўқми?

Саодат Пўлканова: Ватан – ижодкор қалбидаги улуғ маъводир.

Муҳожирликдаги ҳаёт мени кўп нарсани қадрига етишни ўргатди.

Ватанни ҳеч нарсага тенглаштириб ёки алмашиб бўлмайди. Қайғу ва соғинч инсонни улғайтиради.

Мен ҳам муҳожирликда ҳаёт кечираётган ижодкор дўстларимиз сингари ватанга қайтиш орзусидаман. Балки вақти келиб бизга ҳам ватанга қайтиш ва ватанда яна ижод қилиш бахти насиб этар. Ўша кунларни соғиниб яшашдан бошқа на илож бор…

Юртга қайтмоқ нақадар яхши,
Дилда – иймон гулининг нақши.
Қўлида соз – куйлайди бахши,
“Юртга қайтмоқ нақадар яхши”.

Бежиз Бобур куймаган экан,
Дилга армон уймаган экан.
Хом хаёллар бўлмағур экан,
Юртга қайтмоқ нақадар яхши.

Тоғларда қор кўринадими,
Туркийлар ҳеч бўлинадими?
Кўзга намлар илинадими-,
Юртга қайтмоқ нақадар яхши.

Муҳожирликда ёзилган баъзи шеърларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга имконият берганингиз учун Сизлардан бағоят миннаддорман.

ДУНЁ

Бу дунё бир аросатлиғ,
Мани дилим ром этолмас.
Солиб бошға кўп балолиғ,
Валеъ мақсада элтолмас.

Кимҳобдин ҳийло кийғузиб,
Нафс чаманиға юрғузиб.
Бу дила зардоб тўлғузуб,
Лек малҳаму жон ўлмас.

Ишқида бўлурсан сархуш,
Кунинг ўтур ғафлатда хуш.
Бу қандай маломат бир туш,
Уёнмоқ керак, лек бўлмас.

Адаштиб дашти сар-сори,
Жонингдин ўтиб озори,
Туганмас ғалва бозори,
Кетарга лек чора бўлмас.

* * *

Хажр даштида тийра дил,
Сани васлинг истар бўлди.
Жамолингга бўлиб маҳтал,
Сани ишқинг сўрар бўлди.

Ўртониб ишқ талошинда,
Юрак қонлар ютар бўлди.
Нафс ичинда бу жонима,
Маломатлар келар бўлди.

Болиш қилиб кесак ётсам,
Сийнама оби гил ортсам.
Жаҳолатдин ўзни тортсам,
Кимларгадир ўйин бўлди.

Кўк илкидин нур сўрадим,
Кўксимни ғамга беладим.
Беҳиштдин бир жой тиладим,
Саботларим синар бўлди.

Мискин дилим хор айлади,
Кимлара зор, бор айлади.
Ишқи дила кор айлади,
Чин дунёға кетар бўлдим.

Чорасиз одам

(Юсуф Расулга)

Ёлғизоёқ кунлар, ёлғизоёқ тун,
Танҳоликка маҳкум этилган бу жон.
Паноҳ излар бир руҳ, истар бир илинж,
Топарми, топмасми кезар саргардон.

Некқадам кунларни санайди бир-бир,
На айтар сўзи бор, на дилга малҳам,
Эгасиз овулдай қисмати чўлдир,
Чораси йўқ унинг, чорасиз одам.

Вужуд чиркинидан холилик истар,
Юраги сипқорар ғам зардобини.
Самодан илоҳий муждалар кутар,
Дилига жой айлаб, Ҳақ каломини.

* * *

Нола

Гумроҳлара парвойим йўғ,
Солмиш ишқи қалбимға чўғ,
Раббим ўзи бошимға туғ,
Андин кечиб ҳеч бўлғайму?

Оҳим етмай ашк кўшкиға,
Тушдим савдонинг қасдиға,
Боқмам дунёнинг нақшиға,
Мавлом мани эшитғайму?

Жолаларим тўкиб бисёр,
Истиғфорим айтиб минг бор,
Фарёд тортгум ҳар тун бедор,
Ҳурлар мани овутғайму?

Балогардон йўлин тутсам,
Фақир дилла ишққа етсам,
Ул истаса, бунда кетсам,
Қабоҳатлар чекинғайму?

Ул номиға сано айтсам,
Хаста жонни фидо этсам,
Ҳурлар ила кўкга қайтсам,
Тангрим мани кечирғайму?

Бале, йўлдин тойрилмағил,
Ул ишқидин айрилмағил,
Мискин, қанча оҳ урмағил,
Сани дардинг соп бўлғайму?

Унитғонлар

Ором учун Ҳақдин кечуб,
“Ҳу”ла бирлашмоқдин қочуб,
Сўнг кетарда андин чўчуб,
Саломини унитғонлар,
Каломини унитғонлар.

Бўлур зарға девона хўп,
Нафси тоғдин бисёра кўп,
Сўнгги дамда ололмай чўп,
Бозорини унитғонлар,
Мозорини унитғонлар.

Бир-бировин ўйиб кўзин,
Рангу рўйин этиб сўлғин,
Сўнгги онда излар таскин,
Аъмолини унитғонлар,
Камолини унитғонлар.

Ҳақ йўлинда ўтди Кубро,
Анга йўлдош эди Мавло,
Вале қолур бўлиб гумроҳ
Ҳақ йўлини унитғонлар,
Тоқ йўлини унитғонлар.

Ўтди бундин Темур, Доро
Фақиру ночор уқробо,
Кетар чоғда истар Худо
Қазосини унитғонлар,
Жазосини унитғонлар.

Узлат аро тушиб маҳзун,
Қалбинг покла аё Мискин,
Излар Ҳақдин дилга таскин,
Маъвосини унитғонлар,
Мавлосини унитғонлар.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/

This entry was posted in Крилл алифбосида, Мақолалар. Bookmark the permalink.

One Response to Саодат Пўлканова: “Ватанни ҳеч нарсага тенглаштириб ёки алмашиб бўлмайди”

  1. Кунгилнинг маъюс ранглари says:

    Сухбатни укиб рости гап бирам маъюс тортдим. Кадрдоним Юсуф, Саодат бир лахза булсада узимни сизларнинг урниларингга куйиб курдим. Мусофирлик..накадар дахшат.Юрагимда кандайдир шамол кузгалди. Бир томондан сизларга хавасим келади.Согинчни юрак-юракдан хис этасизлар.Рост, бу туйгуни хеч нарсага киёслаб булмайди. Шеърлардан буюк бир дарднинг иси келади.Худо сизларга сабр берсин,азизларим.Сиз кутган онлар якиндир,иншаоллох…