Гўрўғлининг туғилиши

Айтувчи : Раҳматулла Юсуф ўғли

(Достондан парча)

Бир вақтлар Туркман эли Урганчга қарар эди. Замонлар ағдарилиб Урганч подшолиги барҳам топиб, Урганчда бир подшо турадиган бўлиб қолди. Ундан кейин така,ёвмит,эрсари,кўкланг туркманларининг оқсоқоллари бир жойга йиғилиб, Оғалибек деганини подшо кўтариб, Ёвмитни ўрталиқ, деб Ёвмитда бир қулай жойни Оғалибекка ўрда қилиб бериб, бозор юргиздириб қўйдилар. Туркман чочув ўтирганлиги сабабли қизилбошлар ҳар доим туркманга ёв бўлиб келиб, бу ёғидан, у ёғидан талаб, мол одам ўлжа қилиб кетар эди. Оғалибек ҳеч қизилбошнинг уддасидан чиқа билмас эди. Оғалибекнинг Гаждумбек, Ҳасанбек, Аҳмадбек деган уч ўғли бор эди. Гаждумбек билан Ҳасанбек , отаси Оғалибекнинг қирқ йигитлари эл қўриб юрар эди. Аҳмадбек бўлса, ҳали ёш эди.

Кунлардан бир кун қизилбош юртидан бир катта ёв келиб, туркманни кўп овора қилиб, Оғалибекни ўлдириб, туркмандан ўғил-қиз асир қилиб кетди. Шу тало-тўпда Гаждумбек билан Ҳасанбек ҳам банди бўлиб кетган эди.Қизилбошларнинг подшоси Хунхоршоҳ Гаждумбек билан Ҳасанбекни текшириб, Оғалибекнинг ўғиллари эканини билиб: “Туркманнинг белгили ўғлонлари экан, буларнинг орқасидан элати оёққа турмасин”, –
деб хавф қилиб, Гаждумбек билан Ҳасанбекни озод қилиб, юртидаги бир тўда озод қилинган туркманларга Гаждумбекни бошлиқ қилиб, шаҳарнинг бир четидаги қўриқни буларга ер қилиб берди. Шу ерда Гаждумбекни бир тўда туркманга бош бўлиб, бечорачилик билан тинч яшай берди. Ҳасанбек бўлса, бир тўда мол қилиб, бой бўлиб, қўриқда туркманлар билан яшар эди. Гаждумбек бўлса, шаҳарда туриб, ҳар замонда қўриққа келиб-кетиб турар эди. Булар шу аҳволда қизилбош юртида яшай берсин.Энди туркман юртидан эшитинг.
Оғалибек ўлдирилгандан кейин туркман юрти яна бе подшо қолиб, элат оқсоқоллари йиғилиб, Жиғалибек деган биттасини подшо кўтардилар. Аммо Жиғалибек жуда қари одам эди. Унинг Равшанбек деган бир ёш ўғли бор эди. Равшанбек каттариб йигит бўлиб, қирқ йигит билан элат қўрийдиган бўлди. Энди гапни Хунхордан эшитинг.
“Туркманлар яна тикланиб, Жиғалибек деганини подшо кўтариб, яна қирқ йигит қилиб, элат қўритиб юрган эмиш, – деб эшитиб, – шу туркманларни тоза ўзимга қаратиб, бож-хирож тўлатиб қўймасам”, – деб жуда кўп қўшин қилиб, туркманга бостириб келиб, Равшанбекни ушлаб, банди қилиб, минг-минглаб молини ўлжа қилиб, ҳайдаб кета берди. Шунда Жиғалибек қизилбошнинг саркардаларига қараб алжираб, довдираб: – Энди мени ҳам ўлдиринглар. Мен то тирикман, сизларга хирож бермайман, – деди. Қизилбошлар Жиғалибекни ўлдириб, Оғалибекнинг ўғли Аҳмадбекни топтириб келиб: – Сен Хунхоршоҳ томонидан туркманга бек бўлиб, бож-хирожини Хунхоршоҳга вақтида етказиб турасан, – деб, Аҳмадбек қўрққанидан рози бўлиб, туркман юртига сардор қилиб тайинланди. Аҳмад сардор туркманда сардор бўлиб турсин. Энди сўзни Равшанбекдан эшитинг.
Равшанбекни қизилбошлар ялангбош, яланғоёқ боғлаб, от ҳукмида ҳайдаб, юрак-бағрини доғлаб, қамчи уриб, илинган жойини қонатиб бораётир. Шунда Равшанбек олдида бир мадад қилгудек кимса топмай, аввали худо, дуюми пирларга сиғиниб, зор-зор йиғлаб, бир сўз деди:

Барчани яратган худой,
Банди қилди Хунхор мени,
Оч офатдай балолардан,
Золимлардан қутқар мени.

Бари чоқо қизилбошлар,
Қамчи уриб кўзни ёшлар,
Шафқати йўқ бағри тошлар,
Жафосидан қутқар мени.

Сўз бимайин лолулашар,
Кўзларин косаси тошар,
Илғорлашиб тоғдан ошар,
Бадбахтлардан қутқар мени.

Юрай дейман, юрак доғли,
Урай десам, қўлим боғли,
Қонлар ютди бекнинг ўғли,
Қизилбошдан қутқар мени.

Чорёрлар мадад қилинг,
Комил пирлар қўлим олинг,
Ожиз қулни йўлга солинг,
Урганж пирим ҳозир бўлинг.

Қолдим офат ўртасида,
Бул ҳам кўнглим хатоси-да,
Қўлим душман пўтасида,
Бандиликдан қутқар мени.

Равшан йиғлаб, қилур нола,
Ҳақ Расул, раҳм эт бу ҳола,
Қамчи ўқталар қадала,
Ёмонлардан қутқар мени.

Равшанбекнинг қўл-оёғи қонаб, от ҳукмида зор-зор йиғлаб, пиёда банди бўлиб кетиб бораётибди.Хонаси куйгур қизилбошлар Равшанбекнинг дод-войига қулоқ солмай, ундан баттар қамчилаб, боши демай, оёғи демай ясаб бораётир. Шунда Равшанбек ўз ҳолига ўзи хўрланиб, зор-зор йиғлаб, бир сўз деб бораётир.

Не савдолар тушди менинг бошима,
Ҳеч ким раҳм айламас кўзда ёшима,
Ҳасрат ўти урди ичу ташима,
Қизилбошга банди бўлдим, найлайин.

Кўпайлашиб икки қўлим боғлади,
Лолулашиб бағри-дилим доғлади,
Чалқайиб ўзларин баланд чоғлади,
Қизилбошга банди бўлдим, найлайин.

Қизилбоши экан ғалча, тил билмас,
Ғажир бойқуш экан, айтганни қилмас,
Талтайиб туркманни кўзларга илмас,
Қизилбошга банди бўлдим, найлайин.

Қизилбоши экан авбош, баччағар,
Бир занги сифатли, кўзлари чоғар,
Бари бирдай ақли калта энағар,
Қизилбошга банди бўлдим, найлайин.

Қизилбоши экан ола кўзлилар,
Кимлигини билмас оша сўзлилар,
Тишлари оқчиган, қора юзлилар,
Қизилбошга банди бўлим, найлайин.

Яккалашса келар эди зўрлигим,
Водариғо, кўрсатмадим, эрлигим,
Асир қолиб, келди қаттиқ хўрлигим,
Қизилбошга банди бўлим, найлайин.

Душманимдан оларманми оримни,
Эшитмайди булар қилган зоримни,
Бек Равшан дер еттирмишам коримни,
Қизилбошга банди бўлдим, найлайин.

Равшанбек бечора йиғлаб бораётир. Сонсиз-саноқсиз қизилбош бошинг демай, оёғинг демай Равшанбекни ясаб уриб бораётир.

Ташвиш тушар мард йигитнинг бошига,
Лолулашиб душман тегра-дўшига,
Қонлар оқиб тушиб кўзу қошига,
Ҳай, аттанг-эй, бекнинг ўғли боради.

Ситам кўрган кўнгил мойдай қоради(р),
Ёлғизликда дардин кимга ёради,
Тез юргин, деб қизилбошлар уради,
Равшан шуйтиб банди бўлиб боради.

Биёбонда ташна бўлиб боради,
Хафалидан бағри тўлиб боради,
Ғазаб тортиб ранги сўлиб боради,
Шуйтиб Равшан банди бўлиб боради.

Оғзидан қумлар ботиб боради,
Айролиқ дардини тотиб боради,
Пиёда танглайи қотиб боради,
Шуйтиб Равшан банди бўлиб боради.

Елкасидан душман дўниб боради,
Мисли ғажир гўштга қўниб боради,
Шуйтиб Равшан банди бўлиб боради.

Қизилбош олдида йўртиб изиллаб,
Орқасига боқса душман бизиллаб,
Бош-оёқдан қамчи зарби жизиллаб,
Шуйтиб Равшан банди бўлиб боради.

Тош қаттими,бош қаттими, ёронлар,
Юрагида чўкиб ётар армонлар,
Бизга ҳам етарми яна давронлар,
Дейиб Равшан банди бўлиб боради.

Бандаргоҳ-бандаргоҳ беллардан ошди,
Ҳар нечук савдога кўниккан бошди(р),
Неча манзил шабғир тортиб, йўл юриб,
Асқар тоғнинг бағрига етишди.

Энди бек Равшаннинг бағри қон бўлди,
Туркман чўли жовлик намоён бўлди,
Навбат келди, душман қаҳрамон бўлди,
Озод бўлмоқ дарди даргумон бўлди.

Қулоқ солинг суханварнинг тилига,
Ким чидайди айролиқнинг хилига,
Бек Равшанни ҳайдаб жами қизилбош,
Чиқиб борди Асқар тоғнинг белига.

Дардманд кимсанинг кўнгли яради(р),
Эронлик душманнинг ичи қоради(р),
Ўсган элинг энди қолди орқада,
Ҳолинг қандай деб Равшандан сўради.

Шунда қизилбошлар бек Равшанга қараб : – Энди ўсган элингдан айрилаётирсан, баччағар туркман. Шу тоғнинг устидан юртингга бир қараб ол. Иккинчи бу ёқларни кўрмайсан, тағи армонда кетма, – дедилар. Шунда бек Равшан қизилбошларга қараб: – Э, лолулашган ақли калталар, ҳали туркман тўпланар, элатларингга туман қопланар. “Араб ўчини қирқ йилда олибди”, дегандай туркманга ҳам навбат келар. Бек Равшан қўлингда абадий қолмас, – деб дадил туриб, душманларга қараб, мўйловини бураб, бир сўз деди:

Бу тоғларнинг қалин экан тумани,
Бизни тутмоқ доим душман гумони,
Бу бахтга элтгани туркман полвони,
Адо бўлмас бу даланинг сиртлони.

Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема,
Ҳали туркман савлатини кам дема,
Кучларимман бу элатни дим дема,
Ҳали замон туғилар гўчлар замони.

Ҳар туркманлар чиқар ёвнинг қасдида,
Араби тулпорлар ўйнаб остида,
Пўлат найза ярқиллашиб дастида,
Уруш бўлар шу Бадбахтнинг устида.

Қизилбош деганига найза санчилар,
Майдон ичида қолиб лоши янчилар,
Ўч олган сўнг ҳа демайин устингдан,
Оғиз кериб ғинг дейишларинг тинчилар.

Ғидинглаб кўпшитма оғиз уртингни,
Бурама, баччағар, ҳа деб муртингни,
Эсон бўлсам элатингнинг, юртингнинг
Тупроғини совурганим кўрасан.

Баҳор бўлса булбул қўнар гулига,
Қўшиқ айтар муқом ташлаб тилига,
Қизларинг келтириб туркман элига,
Чўри қилиб қучганимни кўрасан.

Жанг куни қўзғалар марднинг ғайрати,
Йиғилиб жам бўлар туркман элати,
Етиб келар қасос олмоқ навбати,
Шунда қириб-жўйганимни кўрасан.

Какликлар чарх урар тоғу қияда,
Ҳайдай бер, ҳайдай бер пою пиёда,
Қачон бўлса туркман сендан зиёда,
Катта қирғин қилганида кўрасан.

Мақтама, қизилбош, чиркин гандасан,
Ғайридинсан, лот-манотга бандасан,
Ҳа демасдан жонинг бўлса тандасан,
Туркман човут солганини кўрасан.

Бек Равшан қўрқмайди пишак дўғидан,
Номард паноҳ истар сенинг ойғингдан,
Ҳали замон туркманлар ўраб соғингдан,
Ҳайдаб олиб кетганида кўрасан.

Ана энди бек Равшандан қизилбошлар бу сўзларни эшитиб: – Воҳ, энағарнинг дамининг баландлигини-эй. Ўзи ўлимга ҳукм бўлиб туриб, айтган йирик гапларига қаранг. Буни шу ерда чопиб ташласак, ўлжамизни бепул йўқ қилган бўламиз, ҳам Хунхорнинг ғазабига қоламиз. Ундан кўра буни тезроқ Хунхорга топшириб, мукофотини олиш керак. Чўлда оғзи беўлчов ўсиб, ҳар нимани гап деб ўтлаб юрган саҳройи туркман-да, – дейишиб, бек Равшанни уриб-ясаб, нар ёққа эндириб, ҳайдаб кета берди.

Аччиқ қамчи бериб Равшан сонига,
Асло раҳм айламай йиғлаганига,
Ўчакишиб-ўчакишиб ҳайдади,
Қўлу оёғини бўяб қонига.

Қамчи урар боқмай кўзу бошига,
Шалҳа бўлиб, баданлари зирқираб,
Иситма чиқади ичдан ташига.

Ҳай, аттангг-ай, алам тушди бошига,
Қизилбош айланиб тегра-дўшига,
Тез юргин, эй баччағар, деб ҳайдади,
Раҳм айламай кўздан оққан ёшига.

Ариқ келса жуппай қилиб сакратди,
Уват келса,юр, деб найзаман туртди,
Кўр сичқондай бекнинг ўғли бечора,
Сонсиз қизилбошнинг олдида йўртди.

Оёғидан шувоқ боши қон бўлди,
Кўргуликни кўрган ғариб жон бўлди,
От ҳукмида юра-юра Равшанга
Булдираб бир шаҳар намоён бўлди.

Қизилбош мақтаниб борар шанқайиб,
Равшан кетар қараб оғзи анқайиб,
Бир шаҳар кўринди чанггиб узоқдан,
Минорлари, пештоқлари қанқайиб.

Ким яхши, ким ёмон олло билади,
Ғамлик, шодлик мард бошига келади,
Минор пештоқдан сўнг оли бинолар,
Илгари борган сайин яқин бўлади.

Қизилбош кўнглини энди тиндирди,
Нос чекиб туфлашиб кайфин қондирди,
Яланг оёқ, яланг бош қип Равшанни,
Қамчи уриб берган бетдан эндирди.

Қараб бўлмас қизилбошнинг кўркига,
Ҳина суйкаб сочу соқол, бўркига,
Бек Равшанни дарвозадан киргизиб,
Ҳайдаб борди шаҳарининг аркига.

This entry was posted in Крилл алифбосида, Ўзбек достонлари. Bookmark the permalink.

Comments are closed.