( Мақоланинг давоми)
Достонда Хизр образига кенг ўрин берилганлиги ҳам беъжиз эмас албатта. Чунки Гўрўғли ғайри табиий ҳолатда гўрда туғилар экан, илк бор уни Хизр ва Чилтонлар йўргаклаб оладилар унга хомийлик қиладилар. Негаки Биби Ҳилолнинг жонсиз танаси уни тарбиялай олмас эди. Маълумки, достончилик анъаналарига кўра ҳар бир халқ қаҳрамонининг доимий ҳомийси бўлиши, уни қўллаб-қувватлаши керак. Акс ҳолда Гўрўғлининг тенгсиз куч қудрати, афсонавий баҳодирлиги бизни ишонтирмас, достон ғоявий-бадиий ҳамда ҳиссий таъсир қувватини таъминлай олмас эди. Гўрўғли характеридаги қаҳрамонлик белгилари у Ёвмитга келгандан кейинги воқеа ҳодисалар асосида кенгроқ кўрина бошлайди. Райҳон араб билан бўлган тўқнашувларда унинг маънавий дунёси, дўстга муҳаббат, душманга нафрат туйғулари гўзал шеърий мисраларда ўз аксини топган.
Бошқа бир қатор ўзбек халқ достонларидаги каби Райҳон араб “Гўрўғлининг туғилиши” достонида ҳам салбий образ сифатида талқин этилади. Бинобарин, бу достонда Гўрўғли билан Райҳон араб ўртасидаги келишмовчиликнинг туб замини яратиб берилган ва қолган воқеалар мана шу келишмовчилик асосида ривожлана боради. Бу ҳолат шу туркумга мансуб достонларнинг аксариятида учрайдики, биз Райҳон араб тимсолида адолатсиз, очкўз, ўз манфаати йўлида ўзгалар бахтини паймол этиш, риёкорлик, такаббурлик, ҳийлагарлик каби салбий хусусиятлари тўла намоён бўлганлигини кўрамиз. У тулпорини Гўрўғлининг биясига “қўйиш” баҳонасида Аҳмадбекнинг гўзал хотини Ҳолжувонни Ширвонга олиб қочиб кетади. Райҳон араб характеридаги салбий жиҳатлар унинг Гўрўғли билан бўлган тўқнашувларида чуқур очиб берилган.
Райҳон арабнинг Ёвмитга келиб Ҳолжувонни олиб қочиб кетиши асарда Гўрўғлидаги баҳодирлик сифатларини юксак инсоний хусусиятларини янада бўрттириброқ янада кенгроқ кўрсатиш учун олиб кирилган ўринли бадиий усуллардан биридир. Гўрўғли ўнбеш ёшга кирганда Райҳон арабни доғда қолдириб, унинг Зайдиной исмли қизини олиб қочади ва уни тоғаси Аҳмадбекка хотинликка элтиб беради. Гўрўғлининг Ширвонга бориши, Райҳон арабнинг бундан хабар топиб қолиб ортидан қувиши ҳажвий тарзда ифода этилган. Масалан, бу ҳолатни Райҳон арабнинг кийим бошсиз, кўрпа ёпиниб Гўрўғлининг ортидан от қўйиши ёки етолмаганидан кейин “етимак” болага “қизимни ўзинг олгин” деб ялиниб ёлвориши каби воқеларда яққол кўришимиз мумкин. Худди шунингдек, Ҳолжувоннинг Гўрўғлига Зайдинойни олиб қочишида бевосита ўзи ёрдам бериб, ҳийлакорлик билан ишни битказиши ёки:
Янги оламдай қилганман ўзимни,
Йўлингга тўрт қилдим шаҳло кўзимни.
Сен қандайин бемазасан, йўловчи,
Қўйиб юбор, маҳкам ушла қизимни.
Хақ куйдирди менинг кулба хонамни,
Райҳон араб куйдирганди танамни,
Сен қандайин ўлармонсан йўловчи,
Қўйиб юбор, маҳкам ушла қизимни!
деб ёлғондакамига фарёд чекиши каби мисолларда кўзга ташланиб туради. Шоир достон қаҳрамонларининг ўқувчи ва тингловчида бевосита кулги уйғотадиган психологик ҳамда драматик ҳолатларга алоҳида урғу беради ва бу борада муболаға, сифатлаш, ҳар хил сўз ўйинларидан маҳорат билан фойланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Пўлкан шоир куйлаган достонларда Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор пари образлари билан бир қаторда Ҳолжувон образи ҳам маҳорат билан ишланган. “Чамбил мудофааси” (Чамбил аёллари) достонида Гўрўғли ва унинг ботир қирқ йигитининг Чамбилда йўқлигини билдирмасдан эркакча кийим кийиб, бутун аёлларга бош бўлиб босқинчиларга қарши кураш олиб борган бўлса, “Гулнор пари” достонида Алман қизил ва Райҳон араблар билан маънавий тўқнаш келади. “Гўрўғлининг туғилишида” эса қайниси Гўрўғлининг “тарафи”дан “лоти”ни олишида унга яқиндан кўмак беради. Агар Ҳолжувон бу ишга шахсан ўзи аралашмаса, ёш халқ қаҳрамонининг Ширвондан Зайдинойни олиб қочиб келиши мумкин эмас эди.
Чунки Гўрўғли қанчалик ботир ва кучли бўлмасин, Райҳон арабнинг қизи Зайдиной ҳам ўз зотига тортган, паҳлавон йигитларни маҳв қиладиган даражада катта кучга эга бўлган ғайратли қиз. У Гўрўғлига қаршилик кўрсатиш мақсади-да, ўзини ерга ташлаган пайтда от сағрисигача ерга кириб кетади. Гарчи бу ҳолат воқеани бироз бўрттириб, кучайтириб кўрсатиш учун атайлаб келтирилган бўлса-да,достончи бу билан қаҳрамонининг олдида турган вазифанинг нақадар хавфли ва қийин эканлигини алоҳида уқтиришга муваффақ бўлган.
Достонда Ҳолжувон гўзал, ақл-фаросатда тенги йўқ, соҳибжамол, ҳамиша ҳақиқат ва адолат учун курашувчан ватанпарвар, ўз юртидан йироқда бўлса-да, доимо унга талпиниб яшовчи меҳрибон ва мағрур аёл қиёфасида кўринади. Шоир уни “Ҳолжувон қандай хотин – товусдай таралган, беллари буралган, ҳар хил кийимларга ўралган, ойнага қараган, зулфини тараган, ўзига лойиқ рўмоллар ўраган. Ҳамма ери бирдай, тиши оппоқ дурдай, баданлари кишининг куни ёққан қордай, лабининг ширинлиги асал билан болдай, юзининг қизиллиги қор устига томган қондай” деб тавсиф қилади. Ҳолжувон образида ўзбек хотин қизларига хос гўзаллик, мардлик, вафодорлик туйғуларининг бутун бир мужассамини кўрамиз.
Аҳмадбек образи Пўлкан шоир репертуаридаги ҳар иккала асар “Гўрўғлининг туғилиши”да ҳамда, “Гулнор пари”да ҳам ижобий образ сифатида гавдалантирилади. Аҳмадбек Гўрўғлига ота ўрнида оталик қилади. Ўзининг бутун давлатини,салтанатини унга инъом этади, унинг истиқболи учун қайғуради. Ҳатто Гўрўғли туфайли севган хотини Ҳолжувонни Райҳон араб олиб қочиб кетганида ҳам ундан хафа бўлмайди, унинг кўнглини ранжитмайди. Лекин шуни айтиш керакки, Эргаш Жуманбулбул репертуаридаги “Ҳолдорхон” ҳамда “Чамбил қамали” достонларида ва бошқа қатор халқ шоирлари куйлаган анъанавий достонларда салбий қаҳрамон сифатида талқин этилган. Бу типдаги барча достонларда Аҳмадбек Чамбилдаги ички душман, қариндош ниқобини кийиб олган Гўрўғлининг рақиби, иккала парининг телба ошиғи ва Гўрўғли йўқлигидан фойдаланиб, ҳокимиятни ўз қўлига олиш учун курашдаги салбий жиҳатлари очиб берилади. Масалан, “Ҳолдорхон” ва “Чамбил қамали” да Гўрўғлининг Чамбилда йўқлигидан фойдаланиб, мамлакатни ўз қўлига олишга, Юнус пари ва Мисқол париларга уйланишга уринади. Лекин “Гўрўғлининг туғилиши” достонида эса у Ёвмитнинг йирик давлат арбоби, Гўрўғли ва унинг отаси кўр Равшаннинг яқин кишиси, умуман ёш халқ қаҳрамонининг ҳомийларидан бири сифатида талқин этилади. Бинобарин, Аҳмадбек образидаги ички зиддиятларни достончилик анъаналарининг достончилар ўртасида қай даражада тарқалганлиги билан бевосита боғлиқдир.
Достонда Гўрўғлининг туғилишидан тортиб, то улғайиб Ёвмитда хонлик тахтини эгаллаганига қадарлик бўлган воқеалар тасвирланади. Достончи Гўрўғлининг отаси Равшан ва онаси Биби Ҳилоллардаги юксак инсонийлик, фавқулодда қаҳрамонлик, идроклилик, ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ва довюраклик каби хусусиятларни кейинчалик Гўрўғли тимсолида гавдалантиришга ҳаракат қилади.
Гўрўғлининг отаси Равшаннинг Заргар юртининг подшоси Шоҳдорхон томонидан кўр қилиниши, Биби Ҳилолнинг гўрда туғиши, Гўрўғли Шоҳдорхон вазири Бадкирни ўлдириб Ёвмитга қочиб келиши қаҳрамон характерини шакллантиришдаги асосий воситалардир. Чунки бўлғуси халқ қаҳрамонининг ботир, қўрқмас, куч-қувватда тенгсиз паҳлавон бўлиб етишуви биринчи навбатда унинг ижтимоий келиб чиқишига, иккинчидан ёшлигиданоқ соғлом фикрли, фаҳм-фаросатли, юксак инсоний хусусиятларга эга бўлишига боғлиқ.
Достончи Гўрўғлининг Ёвмитга подшо бўлгунга қадарлик саргузаштларини Хизр ва Чилтонлар билан боғлиқ ҳолда тасвирлайди. Модомики, у хақиқаттан ҳам афсонавий қаҳрамон, куч -қудратда тенгсиз паҳлавон экан, Хизр ва Чилтонлар мададига суяниши табиий эди. Асарда Гўрўғлининг болалиги ва ёшлиги маҳорат билан тасвирланиши билан бир қаторда, унинг ички дунёси, психологияси, маънавияти айниқса яхши очиб берилган. Гўрўғлида энг яхши инсоний фазилатлар мужассамлигини кўрамиз. У қанчалик ботир,мард, паҳлавон бўлиши билан бир қаторда, шунчалик ақилли, камтар, инсон. Гўрўғли характерида халққа хос инсонпарварлик ғоялари тўла намоён бўлади: “Гўрўғлининг юзи хотиридан ҳамма келган бекларга Равшанбек,Гаждумбек бошлиқ сарпо ёпдилар. Ана шунда Гўрўғлибекка ҳам неча одоблар билан шоҳона тўн, сарпо ёпмоқчи бўлди.Шунда Гўрўғлининг эгнига тўнни солди. Гўрўғли тўнни киймай, тиззасининг устига босди. Бу ишни кўриб турган одамлар:
-Нима тилло тўнни киймайсиз?- деди. Шунда Гўрўғли:
-Иложи бўлса, менга жўн шолдан бўлган кийим берингизлар, кияйин,- деди. Гўрўғлидан бу сўзни эшитиб, ўлтирган кишилар дарров айтганидан зиёда, яхши жундан бўлган тўн сарполарни олиб ёпдилар. Гўрўғли кийиб олди”. Кўриниб турибдики, достончи мана шу кичкинагина тасвир орқали Гўрўғлининг қай даражада камтар, ақл фаросатли, юксак одоб эгаси эканлигини ёрқин очиб беришга муваффақ бўлган. Пўлкан шоир воқеалар тасвирини беришда ҳам кишиларнинг ички кечинмаларини ифодалашда ҳам хаққоний воқеликдан келиб чиқиб, иш тутади, баёнчиликдан, кўрсатишдан қочади. Шубҳасиз, бу ҳолат достоннинг бадииий баркамоллигини оширишда катта роль ўйнаган.
Достонда Гўрўғли ва унинг афсонавий Ғиркўк отининг ёшлиги ёнма-ён равишда тасвирланади. Ғиркўкнинг туғилиши ва ёшлиги ҳам илоҳий кучлар таъсири билан боғланган. Чунки Ғиркўкни тойлик чоғидаёқ Хизр ва Чилтонлар олиб кетиб,”ёмон кўздан асраш” мақсадида ўзлари тарбия қиладилар. Ғиркўк дунёда тенги йўқ от бўлиб етишади. Унда ҳатто одам боласида бўлиши мумкин бўлган барча сезгилар мавжуд: у гарчи ўзи гапирмасада, гапга тушунади, қирқ эллик газ осмонга кўтарила олади, кези келганда учади, кези келганда бамисоли одамдек гапира олади, рақибини қувса етади, қочса қутилиб кетади. Достончи Гўрўғлининг Ғиркўкни парвариш қилишини ва унда мана шу хусусиятларнинг вужудга келишини шундай ифодалайди. Тушунарли бўлиши учун матнни тўлиқ келтирамиз:
Қўйнинг сутин беради қўйдай юввош бўлсин деб,
Эчки сутин беради ёрдай ўйнаб юрсин деб.
Туя сутин беради бўйни узун бўлсин деб,
Шер сутин беради ўмгани кенг бўлсин деб,
Йўлбарс сутин беради, йўлбарсдан зўр бўлсин деб.
Алқор сутин беради тоғда ўйнаб юрсин деб,
Кийик сутин беради кийикдай ўйнаб юрсин деб.
Қуён сутин беради, қуёндай чаққон юрсин деб,
Қулон сутин беради, чўлда маҳкам юрсин деб.
Филнинг сутин беради, ерда пишқириб юрсин деб.
Каркнинг сутин беради, ҳамма жондор қўрқсин деб.
Қундуз сутин беради, сувда сузиб юрсин деб.
Балиқ мойин беради, сувга шўнғиб кетсин деб.
Қуш юрагин беради, қушдек учиб кетсин деб.
Қоплон сутин беради, тулкидай сузиб кетсин деб.
Този сутин беради қушга қувиб етсин деб.
Бургут боврин беради, тепиб ўтиб кетсин деб.
Лочин боврин беради, тишлаб қийиб ўтсин деб.
Қузғун юрагин беради умри узоқ бўлсин деб.
Маймун сутин беради, кўп ўйинчи бўлсин деб.
давоми бор..