Дунё ўзи сарҳадсиз денгиз

Саодат Пўлканова

Тўртликлар

Азалий қисматга айланган бардош,
Юракни тилкалар қайғу аламлар.
Дунё ташвиши кўп, кўзинг оч сафдош,
Сизга инсоф берсин азиз одамлар.

* * *
Хаёл отларида чопганимча жим,
Армон қатларига сингиб кетаман.
Сен мени чалғитма, чалғитма ғаним,
Мен неки истадим бир кун етаман.

* * *

Дунё ўзи сарҳадсиз денгиз,
Унда ҳақсизликнинг уруғи кўпчир.
Надомат даштида саргардон кўнгил,
Азоб ютавериб бўзлайди унсиз.

Меҳр деган гулқиз яшамас бунда,
Бунда яшамайди гўзал туйғулар.
Имонин ютган бир кимса мисоли,
Фақат қабиҳликнинг ислари тўзғир.

* * *

Юрак макруҳ аламдан куйди,
Видосини ҳижронга дўниб.
Бу вужудга хира ҳис туйди,
Ва бошлади исёнин туриб.

Савол берди ўзига-ўзи,
Не наф кўрдинг бу алафлардан.
Ва жавобин баён айлади,
Тамом бездим бу карахтлардан.

Неча йилки, ҳали ҳамки шу,
Бир маънисиз, ўйга у чўмар.
Тополмайди, чекади қайғу,
Сирин эса англатмас улар.

* * *

Ичиккан кўзларда армон туйғуси,
Соғинар меҳрнинг дийдаларини.
Бу ерда куйланар қайғу қўшиғи,
Эшитиб тўймайсиз нолаларини.

Юраклар тўлғонар қадр топмаган,
Ҳижрон саҳросида ёлғиз, сўққабош.
Фақат вафо излаб вафо топмаган,
Кўнгил камарига севимли яккаш.

Вақт ахир соқчимас, турса бир жойда,
Ўтар тун, ўтар кун, ўтади умр.
Сўнг эса эсларсиз энди у қайда,
Нечун беролмадик тўйгунча меҳр.

Ўзбек аёли

Дунё ташвишидан бир зум ҳолимас,
Орзу қанотида учар хаёли.
Тонгдан кечга қадар ишлаб чарчамс,
Бардошли, жафокаш, ўзбек аёли.

Гоҳи аскардаги ўғлини эслар,
Кўз олидига келар кўрки жамоли.
Келин тўй орзуси дилида саслар,
Меҳрибон, жафокаш ўзбек аёли.

Меҳр гўшасида тизилган севинч,
Бағридан эсади шодлик шамоли.
Ёруғ орзу билан кечаю кундуз,
Тиниб – тинчимайди ўзбек аёли.

Бири чўпонликда, бири соғувчи,
Бириси шифокор, бири зиёли.
Фарзанд ишқи билан толиқмас ўзи,
Мўътабар онадир, ўзбек аёли.

Она, таърифингга сўзим етмайди,
Меҳр – муҳаббатинг йўқдир поёни.
Ўзбекистон агар бир бешик бўлса,
Уни тебратувчи ўзбек аёли.

Ўхшашлик

Саёҳат қиламан тоғларга чиқиб,
Қулоғим тутаман қушлар сасига.
Бирининг сайраши ўхшаб кетади,
Бобомнинг жарангдор дўмбирасига.

Қушлар ҳам сайроқи бўларкан шунча,
Мириқиб қарайман узмасдан кўзим.
Парилар юртига келиб қолгандай,
Боғи эрамларда юргандай ўзим.

Мисли Гўрўғлининг Ғир оти кишнар,
Бобом айтиб берган Чамбил тоғими?
Пастликлар боғлардан ястаниб ётар,
Достонда куйланган Эрам боғими?

Қарайман ҳисларим чўлғаниб яна,
Тоғлардан боғларга учиб ўтаман.
Эй, она Ватаним, бу чиройингга,
Умрим тугагунча қўшиқ битаман.

Саёҳат қиламан тоғларга чиқиб,
Қулоғим тутаман куйлар сасига.
Мен ёниб юртимнинг мадҳин куйлайман,
Жўр бўлиб бобомнинг дўмбирасига.

This entry was posted in Саодат Пўлканова. Bookmark the permalink.

Comments are closed.