Пўлкан шоир ижодига назар

Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан

Ўзбек достончилигида халқ эпоси намуналарини, мазкур санъат турини олий даражада ижро этган бахшилар жуда кўп бўлган. Ўнлаб улкан санъаткорлар асрлар давомида асл фарзандлар томонидан яратиб келинган достонларни меҳр билан айтиб маҳаллий аҳоли ўртасида шуҳрат топдилар. Уларни санъат мухлислари бахши, шоир номлари билан эъзозладилар. Алоҳида маҳоратли бахшилар исми номига булбул сўзи қўшиб талаффуз қилинди. Аммо бахшилар куйлаган достонларга бир оз диққат билан назар ташласак, уларнинг ҳар бирида ўзига хос йўналиш, сўз танлаш, куй ижро этиш усули борлигини сезамиз. Бу ҳақда баъзи фикрларни қайд қилганмиз ҳам. Хусусан, Фозил Йўлдош ўғли достонларни қаҳрамонли, Эргаш Жуманбулбул муҳаббатли қилиб айтишларини эслаганмиз. Бу жиҳатдан Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан айтган достонлар кўпроқ ўтмиш ҳақида ҳикоя қилиши билан ажралиб туради. Бахши ижро этган “Гўрўғлининг туғилиши”, “Юнус пари”, “Мисқол пари”, “Чамбил қамали” каби достонлар айнан “Равшан”, “Кунтуғмиш” достонларидан қадимийроқ турмуш воқеаларини баён қилиши билан фарқланади. Айнан ана шундай достонларни куйлаш Пўлкан шоирга алоҳида завқ бағишлаган экан.
Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан 1874 йилда Самарқанд вилояти Хатирчи туманидаги Қатағон қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келади. Пўлкан, Фозил шоирга ўхшаб ёшлигиданоқ етим қолади. У ҳам 10 ёшидан деҳқончилик билан шуғулланади. Кўп ўтмай чўпонлик қила бошлайди. Шунинг учун подани маълум ўтлоққа қўйганидан сўнг, уни назорат қилишдан бошқа иши бўлмайди. Натижада, дўмбира чертиб вақт ўтказишни одат қилади. Ўзича терма ва достонлардан парча айтишни ўрганади. Аммо ундаги табиий иқтидор тез орада машҳур бахшиларнинг эътиборини ўзига жалб қилди. Катта устозлик тажрибасига эга Жассоқ бахши унга бахшилик сирларини ўргатади.Муҳими, Жассоқ бахши Пўлканнинг ўзига хос достон айтиш усулига тўсиқ бўлмай мустақил ижро қобилиятини ривожлантирди. Натижада, икки йил ўтар-ўтмай Пўлкан устоз бахшилар синовидан муваффақиятли ўтиб, шоир номига муносиб топилади. Бу муваффақият Пўлканга ўз машқларига масъулият билан ёндашиш кераклигини таъкидлагандек бўлди. Жассоқ бахшининг 4 йил у билан машқ қилиши оқибатида бахшилик тажрибасига эга бўлди. 25 ёшида синовдан ўтиб тахминан 1899-1900 йиллар атрофида номдор бахши сифатида тилга тушди. Аммо у пайтда Муҳаммадқул бахши деб аталган Пўлкан ўзига ўта талабчан инсон эди. Шунинг учун мустақил бахшилар фаолият олиб бориш ҳуқуқига ва имкониятига эга бўлса-да, Жассоқ бахшидан ажралмади. Устозининг ҳамма достонлари репертуарини тўлиқ ўзлаштиришга ҳаракат қилди, эшитган ва ўрганганларига муттасил янгиликлар киритиб борди. Лекин ҳаёт унга ўта мураккаб синов лавҳаларини тайёрлаб қўйган эди. Гап шундаки, 1914 йилда Муҳаммадқул Жонмурод ўғли 40 ёшда эканида чор Россияси подшоҳи фармонига биноан Туркистон ўлкасидан биринчи жаҳон урушида қора ишларни бажариш учун мардикорликка олинган маҳаллий аҳоли қаторида она юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди: қишлоғидаги Бўрибой исмли бир бадавлат одам мардикорликдан озод бўлиш маблағини тўлайди ва унинг ўрнига Муҳаммадқул мардикорликка олинади ва Россияга жўнатилади. Бу сафар натижасида бахшининг “Мардикор” достони вужудга келади. Унда оқ подшоҳ зулмига, ўзбек халқига ҳеч қандай алоқаси йўқ уруш ташвишларига бўлган норозилик ўзининг бадиий ифодасини топган. Пўлкан номи эса “полк” сўзидан олинган бўлиб, мардикор бўлиб юрган замонлардан хотира сифатида фронт орқасидаги полкда хизмат қилгани учун унга тахаллус бўлиб қолди.
Пўлкан ўтган асрнинг 20-йилларидан ўзбек фолъклоршунос олимлари эътиборига тушди. Ҳоди Зариф, Буюк Каримов, Мансур Афзалов, кейинчалик ундан ёзиб олинган асарларни Охунжон Собиров, Муҳаммаднодир Саидов, Малик Муродов ўргандилар. Бахши “Гўрўғлининг туғилиши”, “Юнус пари”, “Гулнор пари”, “Авазхон” достонларини алоҳида маҳорат билан ижро этган. Шунингдек, “Ёдгор”, “Шайбонийхон”, “Қиронхон” “Кунтуғмиш” достонларини ҳам ўзига хос усулда айтганлиги маълум. Ўзбек фолъклоршунослиги фани ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлар В.М.Жирмунский ва Ҳ.Т.Зарифов 1947 йилда нашр қилинган “Ўзбек қаҳрамонлик эпоси” китобида Пўлкан ижросидаги “Қиронхон” достони 20000 мисра шеърдан иборат эканини алоҳида таъкидлаганлар.Таниқли олим Мансур Афзалов “Пўлкан шоир” китобида: “Пўлкан шоир босқинчиларининг айёрлик, қўрқоқлик сифатларини усталик билан кўрсатиб, душманлар образини ёрқин чизиб беради. “Райҳон араб қўрқувди”, “Ўлгандан қўрққан ёмон”, “Тиши тошдай уришиб” ва бошқалар…”
Ҳар бир бахши ўз халқини, ёш авлодини комил инсон сифатида тарбияланиши учун муносиб ҳисса қўшадиган асл инсондир. Пўлкан ўзининг устозидан Қўрғон достончилик мактабига хос усулларни мукаммал ўзлаштиргани учун бутун ижоди давомида ёшларни аждодларимиз қадриятларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият билан қаради. Айниқса, “Гўрўғлининг туғилиши” у ёддан билган 70 та достон орасида ўзининг воқеаларни аниқ ифодалаши, тилининг соддалиги, қадимги одатларни улуғлаб тасвирлашига кўра жуда ибратлидир. Хусусан, бахши яшаган ҳудудда Гўрўғлидек қаҳрамоннинг дунёга келиши ва тарихини билишга қизиқувчилар жуда кўп эди. Достонда эса Гўрўғлининг Равшан синчи оиласида туғилиши, унинг ёшлиги, улғайиши ҳақида ҳикоя қилинади. Халқ ҳимоячиси ва халоскори – Гўрўғли, Ғирот қаҳрамонлигини элга танитиш эса ўзбекнинг ота-боболари нечоғлик мард, жасур эканликларини кўрсатиш воситаси эди. Ватанни мустақил асраш бахши достонларининг бош ғояси бўлди. Жумладан, “Чамбил қамали” достонидан қуйидаги парча фикримиз далилидир:

Ёвгарчилик бўлди энди ёронлар,
Ғайрат қилинг, Чамбил элнинг хотини…
Қовоқларни уйинглар,
Қиз-хотинни жийинглар,
Пўпакни йиғиб ташлаб,
Сочни бошга туйинглар.
Хотинликни қўйинглар,
Сарбо занжом кийинглар,
Ғайрат қилинг, аёллар .

Достон мазмунига кўра, Гўрўғли Воянганга кетганидан фойдаланиб душман Чамбилга ҳужум қилади. Чамбил мудофаасига Юнус пари аёлларни сафарбар қилиб, Гўрўғлининг йўқлигини билдирмайди. Гўрўғли душман ҳақида хабар топиб келгунига қадар Чамбилни ҳимоя қилади.
Муҳаммадқул Жонмурод ўғли куйлаган достонлар фақат мазмунан эмас, бадиий жиҳатдан ҳам мукаммал эди. Бахши ҳайратомуз муболағалар, чиройли сифатлашлар, ўхшатишларни қўллашда тенги йўқ санъаткор эди. Жумладан, халқ мақоллари унинг шеърий мисраларига шундай сингиб кетар эдики, шоир маҳоратига қойил қолмаслик мумкин бўлмасди:

От бошига кун тушса,
Сувлиқ билан сув ичар.
Эр бошига кун тушса,
Этик билан сув кечар .

Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкандан ёзиб олинган ва нашр қилинган терма ва достонлар сони юздан ортиқ. Пўлкан устоз ва таниқли бахшилар қаторидан муносиб ўрин эгаллашга лойиқ ижоддир. У 1941 йилда вафот этган.
Савол ва топшириқлар:
1. Пўлкан ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзланг.
2. “Гўрўғлининг туғилиши” достонини ўқинг.
3. Пўлкан достонларидан парчалар ёдланг.

Адабиётлар:
1. Пўлкан шоир. Ўзбек халқ оғзаки ижоди бўйича тадқиқотлар. 4-китоб. – Т.: Фан, 1976.
2. Афзалов М. Пўлкан. – Т.: Фан, 1955. –Б. 10-14.
3. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – Москва: ОГИЗ, 1947. – С. 46-49.
4. Гўрўғлининг туғилиши. – Т., 1967.

Манба: Adabiyot.uz

This entry was posted in Крилл алифбосида, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан шоир. Bookmark the permalink.

Comments are closed.