Саодат Пўлканова

Қўрғондаги айтишув

Кунларнинг бирида Томди туманидаги овуллардан бирида яшовчи қозоқ аёлларнинг бир нечаси Нуротадаги қариндошларникига тўйга отланишиб, машҳур Қўрғон достончилик мактаби вакилларидан бири Султон момо яшаган қишлоқдан ўтиб қолишибди.Йўл юриб чарчаган аёллар Султон момо уйи яқинидаги, гужум остида нафасларини ростлашибди.Шунда аёллардан бири “биз жуда чарчадик ва жуда ҳам сувга муҳтожмиз.Мен мана бу эшикни қоқиб уй бекасидан сув сўраб кўрсам” деб Султон момо хонадони эшигини қоқибди. Ўша эшик қоққан аёл аслида ширин тилли, момиқ белли, гапга чечан қозоқ бахши аёлларидан бири экан.

Дарвоза тақиллаганини ва кимнингдир овози қулоғига чалинганини эшитиб Султон момо унинг қаршисига чиқибди.Дарвозани очиб нотаниш аёл билан саломлашиб, уни уйга таклиф этибди.Ўзбек халқида “Меҳмон атойи худо” деган нақл бор, шул боис ҳам, ўзбек хонадонларига ташриф буюрган ҳар бир киши ўзига хос тарзда, ҳурмат ва эътибор билан эъзозланади.

Анъаналарга мувофиқ Султон момо ҳам меҳмон аёлни уйига чорлабди, аммо аёл ёлғиз эмаслигини, у билан бирга дугоналари ҳам борлигини Султон момога айтибди ва суҳбат давомида бошқа бир қишлоқдаги қариндошлариникига тўйга кетишаётганини ҳам гапириб берибди.Суҳбатдошининг шерикларини ҳам Султон момо уйига чақириб уларни меҳмон қилибди.

Меҳмоннинг ёнида дўмбираси борлигини кўрган Султон момо, уни сўзга чечанлигини синамоқ мақсадида у билан айтишув қилмоқчи бўлибди.Ва яқин атрофдаги қўшни аёлларни ҳам суҳбатга чақирибди.Султон момо Қўрғонда номи тилга тушган бахши аёллардан бири эканлар.Қўрғонда бўлиб ўтадиган ҳар бир маърака момонинг иштирокисиз ўтмас экан.

Сув баҳонасида ростмана айтишув бошланиб кетибди.Дастлаб айтишувни, Султон момо хонадонларида меҳмон бўлаётган оқин аёл бошлаб берибди.

Ақлли қозоқ оқини Султон момога аввал салом берибди.Сўнг момонинг нуроний чеҳрасига қараб, илҳоми жўшиб, сув баҳонасида бир сўз қотибди:

Сумбатинг қарасам сулув ойдайин,
Сўзларинг ширали ёқар мойдайин.
Бир коса сув бер энажон энди,
Не гап бўлса, кейин сўрсанг айтайин.

Султон момо унинг сўзларини тинглаб, ғайрати келиб, қувончи жўшиб, чеҳраси ойдай ёришиб, уни яқиндан танимоқчи бўлиб, бир сўз деб турибди:

Суриштирай сени ота журтингди,
Суриштирай энанг қўйган исмингди.
Қайлардан келасан, нелар биласан?
Жавоб айла, сўнгра ичгил сувимди.

Қозоқ оқин аёли шунда:

Суриштирдинг эна, ота журтимди,
Суриштирдинг энам қўйган исмимди.
Танитсам, танитай сенга ўзимди,
Бўламан қозоқнинг сулув боласи.

Шунда Султон момо ҳам унга қарата шундай дебди:

Мен ҳам билсанг ўзбекнинг суйган боласи,
Тоғида очилган гулгун лоласи.
Гар ранжитиб мени инжитар бўлсанг,
Ёмон сўз айтарман, кўнглинг қоласи.

Шунда қозоқ оқини ҳайрон бўлиб,Султон момодан буни кутмаган эканми араз билан шундай дебди:

Эшигинг олдида бир туп зардоли,
Айтар говинг бўлди бунча зардали.
Меваси пишганда бўлар мазали,
Кўнглимга ёқувди Қўрғон шамоли.

Султон кампир қозоқ аёлининг аразлаганини билиб, атай унинг жиғига тегиб деди:

Билсанг дерлар мени Султон боридор,
Кўрган кўрмагани менга харидор.
Сен ҳам говни айлантирдинг сингилжон,
Кел тўхтагин бунда бўлмай саргардон.

Қараса Султон момо меҳмонни сийлайдиган эмасга ўхшайди, у ҳам бўш келгиси келмай шундай дебди:

Ўйласам жудаям доно сўзларинг,
Жулдуздай чақнайди,чақноқ кўзларинг.
Бунчалар гурланиб осмон сўзладинг,
Бермайсанми энди эна сувингди?

Султон момони аччиғи келиб,”Эй буни тўхтатиш маҳолга ўхшайдику, кел яна бир нима деб кўрайчи” деб сўз бошлади:

Ҳаддингдан ошмагин бунча,
Маъносиз сайрадинг қушча.
Айтсанг ҳам қўшиқ тонггача,
Мен сенга сув бергим йўқдир.

Қозоқ оқини, Султон момони бунчаликка боради деб сира ўйламовди, у ҳам хозиржавоблик билан шундай деди:

Айланай деб бошлабидим сўзимди,
Бе тиғлар ўйдин -ку менинг кўзимди.
Ё, билдинг билмадинг менинг дилимди,
Мен сендан ҳапалар бўлдим энажон.

Султон момо шунда:

Сув сўраб келдингми ёки дил сўраб,
Гапирсанг бўлмасми, феълимга қараб
Мен сенга ўлдимми ёмонлик тилаб,
Эндику сув сира беришим гумон.

Шунда қозоқ оқини Султон момонинг муносабатини кўриб,” Бу момонинг дарди кўп экан, феъли ҳам ажабтовур, кел яна бир нима деб кўрайчи” деб шундай савол берибди:

Чечан бўлсанг, чечанлигинг кўргизгин,
Бийрон сўйлаб ҳаммани танг қолдиргин.
Бир арзим бор, айтай сенга энажон,
Маъқул топсанг жавобин тез билдиргин.

Наридан кўринар баланд Оқтовинг,
Шунчалар кўпмиди, сени ўйловинг.
Сир бўлмаса, неча ёшда бу товинг
Сўровим сендан шу, жавоб айлагин.

Султон момо мийғида кулиб шундай жавоб берибди:

Оғилимда бир отим бор ўйноғича,
Ер тепиниб, кишнаб турар ҳар тун кеча.
Бор оғзин кўр кучинг етса, тиши неча,
Айланайин саволингга жавобим шул.

Шунда қозоқ оқини Султон момонинг оғилида ҳақиқатдан ҳам оти борми-йўқми билиш мақсадида, оғил тарафга қараб йўл олибди.Қарасаки, ҳақиқаттан ҳам бир байтал кишнаб турганмиш. Бориб уни ёлини силаб оғзидаги тишларини санамоққа чоғланибди, аммо Султон момонинг оти бегона аёлга оғзини очмабди. Отнинг тишларини саналмаган оқин аёл, охири Султон момога тан беришга мажбур бўлибди. Айтишувдан сўнг меҳмондорчиликни давом эттирибдилар.Қозоқ оқини момо билан қариндош тутиниб, Нуротадаги қариндошларикига дугоналари билан йўл олишибди.

Қўрғондаги Султон момо хонадонида бўлиб ўтган айтишувни момонинг ҳамқишлоқлари узоқ вақт бир-бирларига сўзлаб юришибди.

This entry was posted in Саодат Пўлканова. Bookmark the permalink.

Comments are closed.