Kategorier
Крилл алифбосида Шеърлар

Тийра қилди кўксингни ўқлар…

 

Амирқул Пўлкан

Жангчи

 

(Отам Умарқул Пўлкан ўғлига бағишлайман)

Ўн олти ёшида жангчи эди у,
Ватанидан ёвларни қувди изма-из.
Неча бор қузғундек чанг солди қайғу,
Неча бор ўлимга келди юзма-юз.
Лекин у қочмади жангоҳни ташлаб,
Қўрқувдан қалтираб чекмади фарёд.
Ҳолбуки ўша пайт ёвузлик яшнаб,
Милтиқнинг учида турарди ҳаёт.
У баттол қисматга бош эгмади йўқ,
Ва нажот ахтариб чопмади гирён.
У бир қалқон эди – ўтмас эди ўқ,
У бир қоя эди – бўлмасди вайрон!
Сувга чўкмади у, ўтда куймади,
Томчидек тупроққа кетмади сингиб.
Уни тарк этмади бахти, омади,
Музаффар қайтди у ёвларни енгиб.
Энг бахтли кунларга етди ниҳоят,
Оналар гул сочди жангчи пойига.
У бугун умридан хурсанддир ғоят
Ва лекин кўнгли ҳеч тушмас жойига.
Синиққан чеҳрада ажинлар қат-қат,
Қалбига сиғмайди қувлик, ёмонлик.
Тинчлик бўлса дейди дунёда фақат,
Энг севган сўзи ҳам фақат омонлик.
Осойиш тилайди башарга ҳар кун,
Жангчининг қалбида эзгу бир ғоя…
У ҳамон фидодир она-юрт учун,
У ҳамон юртини қилар ҳимоя!

1977

Номаълум жангчига

Кимлигингни аниқ билмайман,
Айтолмайман, дўстим, исмингни.
Мардлигингга шубҳа қилмайман,
Зотан, тупроқ олмиш жисмингни.

Қорамиди кўзинг? Кўкмиди?
Текканмиди бўсага лабинг?
Ўртоқларинг – дўстинг кўпмиди,
Кўп эдими юракда гапинг?

Йигирмада эдими ёшинг,
Ё ўттизга киргандинг, ўғлон?
Сен тупрoққа қўймасдинг бошинг,
Бўлмаганда уруш бегумон!

Тийра қилди кўксингни ўқлар,
Сен абадий бош қўйдинг ерга.
Қайтолмади юртига кўплар,
Қолиб сен билан бирга.

Улар сен-ла биргадир ҳамон,
Бири – тенгдош, бириси – оға.
Эр қисмати шунақа экан,
Ҳаммангизга дунё садаға!..

Ўчмас,йиллар кетсада ўтиб,
Уруш қалбга солган у доғлар.
Ўққа сендек кўксини тутиб,
Қулаб кетди қанча зўр тоғлар!

Бу кун сенга тенгдошман мен ҳам,
Сен бош қўйган тупроқ – Ватаним.
Ҳамон сени ёд этар олам,
Ҳамон сендан қўрқади ғаним.

Маконингда тинч ётгил, ўртоқ,
Руҳинг туташ бўлсин ҳар жонга.
Мен қабрингдан бир қисим тупроқ
Олиб қайтай Ўзбекистонга.

Бахтли бўлар сени ёд этган,
Ёшлар бўлар сендек устивор.
Чунки юрт деб жон фидо этган
Жангчини ҳеч унутмас диёр!