Ҳақдир кўнглим меҳрибони

Саодат Пўлканова

Танам титраб нафс ичида,
Кангул истаб лаввомани,
Нетай дарвеш каби кездим,
Машрабдайин бу дунёни.

Анинг дарди кўксима жо,
Неки десун қилай бажо,
Хизматиға жоним фидо,
Авф этурми мутбалони?

Берганидин бўлиб ризо,
Ишқи ани дилга даво,
Фурсат келиб етса қазо,
Эслайсизму мен адони?

Этгайму деб фазлу карам,
Ҳар туну кун кўзимда нам,
Васлин истаб тинмас қалам,
Ҳақдир кўнглим меҳрибони.

Чора истаб ҳар ён боқдим,
Недин кечиб, нега чопдим?!
Ул ишқидин ором топдим!
Йўлга чоғлаб соф имонни!

* * *

Имон нурин машъали,
Қалб шуурим сайқали,
Каламуллоҳ меҳвари,
Калималар афзали,
Ла илaҳа иллаллоҳ.

Вужудимда бор латиф,
Қалб ила руҳ, сир ажиб,
Кўксимда аҳфо ҳабиб,
Беш бўлакда мустажиб,
Ла илaҳа иллаллоҳ.

Зикрда кўпдир савоб,
Улки сўзлардин ноёб,
Ҳаққа бергаймиз ҳисоб,
Машҳарда бордир азоб,
Ла илaҳа иллаллоҳ.

Бошимизда бор паноҳ,
Зикр боши бисмиллоҳ,
Фақат танҳодир Аллоҳ,
Демишдир Расулуллоҳ,
Ла илaҳа иллаллоҳ.

This entry was posted in Саодат Пўлканова. Bookmark the permalink.

Comments are closed.