Самарқанд:муқаддас қадамжолар – ҳақиқат ва афсона

Саодат Пўлканова

Мурод авлиё – қандай авлиё?

Мурод авлиё деб аталувчи зиёратгоҳ Самарқанд шаҳрининг Темирйўл туманида жойлашган. Ушбу қадамжо XIII ва XIV асрларда яшаб ўтган, Саййид Мусо ибни Саййид Муртазо номлари билан боғлиқдир. Бу кишига ўша давр уламолари томонидан “Авлиё” деган унвон берилган. Ул зотнинг сағаналари устига “Фахрий cаодат” деган битик битилган экан.Мурод авлиёнинг қаерда туғилганликлари маълум эмас. Лекин ул муборак зотнинг Саййидлардан эканликлари Самарқандлик олимлар томонидан аниқланган. Шунингдек у киши табиб ва олим, пайғамбаримиз авлодларидан бўлиб Шайх Хожа Аҳрор издошларидан бири эканлар.Мурод авлиёнинг зиёратгоҳига ташриф буюрувчилар асосан мурод ва истаклари ижобат топишини сўраб келишар экан. Айниқса бефарзанд, дардманд бахти боғлиқ кишилар бу қадамжога аллоҳдан ниятлари ижобатини сўраб, ҳафтанинг чоршанба кунлари ташриф буюришади.

Ҳозирги кунда ҳам ўз бағрига қанчадан қанча зиёратчиларни чорлаётган Мурод авлиё шўро даврида таъқиб ва тайзиқларга учраган. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида Усмонҳўжаев раис ўлароқ ишлаган пайтларида, у кишининг мафкуравий ишлар бўйича ёрдамчиси Раъно Абдуллаева ташаббуси билан муқаддас қадамжоларни йўқотиш режаси ишлаб чиқилади. Бир гуруҳ хизматчилар буйруққа асосан, “Мурод авлиё” қадамжосини бузиш мақсадида бу ерга келишади. Оғир техникалар ишга солинади, шунда кутилмаганда мўъжиза рўй бериб, трактор ҳамда булдозерлар бузилиб қолади. Шунда улар ҳақиқаттан бу ерга авлиё кишининг хоклари дафн этилганлигини ва унга тегиш мумкин эмаслигини англаб етадилар ва изларига қайтиб кетадилар.
Халқ орасида Мурод авлиё ҳақида маълумотлар деярли йўқ ҳисоби. Одамлар Мурод авлиё таҳаллусли кишининг ким эканлиги, қаердан келганлиги кашфиёти ва кароматлари ҳақида яхши билмайдилар. Кейинги йилларда, ул зот асли Қувайт шаҳридан ислом динини тарғиб қилиш мақсадида Самарқандга ташриф буюрганликлари маълум бўлган.
Бугунги кунда ҳам Самарқанд шаҳрининг Темир йўл туманидан жой олган, бу қадамжони зиёрат этувчи кишилар истаганча топилади.Улар аллоҳдан ниятларини ижобатини сўраб, Мурод авлиё руҳларига тиловатлар қилишади.

(давоми бор )

This entry was posted in Асарлар. Bookmark the permalink.

Comments are closed.