«Гўрўғли Султон бир ён…»
Набижон БОҚИЙ: – Иброҳим ака, ўткинчи дунёнинг ишлари тўғрисида «давра суҳбати» қизғин тус олган чоғларда негадир гап айланиб Тўра Сулаймонга тақалиб қолади. Эркин акам мақтайди, Сиз таърифлайсиз. Келинг, суҳбатимизни бевосита Тўра Сулаймондан бошлайлик.
Иброҳим ҲАҚҚУЛ: – Мен бир қадар «қадимчи»ман – қонида мумтоз туйғулар сақланган, кўнгли ўтмиш аждодларимизга хос хислат ва фазилатлардан ёришган ижодкорларни яхши кўраман. Чунки улар, энг аввало, худпарастлик ва риёкорликдан уялишади. Айниқса, сохталик ва сохтакорликдан ҳазар этишади…
Тўра Сулаймоннинг ҳаётга қарашидаги ростлик, табиийлик доимо менга ёққан. Шеърларидаги соддалик жозибаси юпанчли. Баъзан тасвирда сакталик шундоқ кўзга ташланиб турса-да, ясамалик, сунъийлик йўқ… Набижон, мен Тўра Сулаймон билан сиз қадар яқин бўлмаганман. Эҳтимол, у кишининг шахсини ҳам сизчалик яқиндан билмасман. Лекин шеърлари, китоблари орқали мен Тўра аканинг шахси, табиати, инсоний фазилатлари хусусида етарли даражада тасаввур ҳосил қилганман. Румий бобомиз: «Қандай бўлсанг, шундай кўрин, қандай кўринсанг шундоқ бўл!», деган ҳикматли бир фикрни айтганлар. Назаримда, Тўра Сулаймон худди шу «қоида»га амал қила олган, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам имкон қадар шу талабдан чекинмай яшаб келаётган бахшитабиат бир шоирдир. Унинг бахшилиги – ҳақиқат ва яхшилик ахтаришда; ҳақиқат, адолат излаш тўхтаса, сўзнинг, шеърнинг ҳеч нимага арзимаслигини бехато англашида. Аллоҳ унга оддий одамлар ишқи, дарди, орзую армонлари билан тўлган бир юрак ато этган. Унинг Миртемирдай беназир бир шоирнинг этагини тутиб, ўзини ўтга-чўққа уравермаслигини ҳам тасодиф демаслик керак. Буларнинг бари холислик, содиқлик, донишмандлик белгилари. Тўра Сулаймоннинг шеъриятда ўрин ва мавқе талашганини, адабий танқид ижодига бундоқ қайрилиб қарамаса ҳам, унинг оғринганини ҳеч ким кўрмаган ва сезмаган. Ҳозирги давр учун бу ҳол ноёбдир.
Н.Б.: – Илгари «қишлоқ прозаси» деган гаплар бўларди. Агар «қишлоқ поэзияси» хақида гап кетса, Тўра Сулаймонни «яловбардор» этиб қўйиш мумкинми ?
И.Ҳ.: – Мен Тўра акани камтарлик, хокисорлик ва самимиятда сира «рол» бажармайдиган одам деб биламан. Шеъриятдаги энг яхши хусусият ва фазилатларнинг тамал тоши ҳам эҳтимол мана шундадир. Одатда «режа ва мажбурият» бўйича шеър ёзадиганлар «яловбардорлик»ка интилишади. Тўра Сулаймон эса кайфият кутиб, кўнгилга таслим бўлиб, ғам-ғуссани шаробдай симириб юрадиган бир шоир. Тўғри, у қишлоқ ва қишлоқ одамларининг аҳволи ҳақида ёзади. Аммо «мана бу руҳий ҳолат қишлоққа», «мана бу юрак изтироби шаҳарга тегишли», деб ўйламайди-ку!
Сувлар ҳам тинди сунбула келиб,
Тиниб-тиниқмади бу кўнглим, ҳайҳот.
На баҳор, на ёздан, на тўкин куздан
Ҳечам қониқмади бу кўнглим, ҳайҳот.
«Қисмат» деб аталган шеърдан келтирилган ушбу парчани ўқиганда қишлоқ суврати ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Ҳол ва ҳолат жой танламайди, манзил суриштирмайди. Мавзуларга кўра иш юритиш, ҳаммага маълум гаплардан шеър тўқиш – шеъриятнинг вазифаси эмас. Шу ўринда яна бир гапни айтай. Маълумки, шоирлик, ёзувчилик ҳунари ёзишни ўрганишдан бошланади. Ёзиш аста-секин кўникмага айланади. Ёш бир жойга етиб боргач эса ёзиш энди узоқ давом этган касалликка ўхшаб қолади. Ана шундай бир пайтлар туппа-тузук асарлар яратиб эътибор топган ижодкорлар ҳам ёзмаса туролмайдиган аҳволга тушишади. Бу «босқич»га омон-эсон кўтарилиб олган адиб ёки шоир, асари одамларга керакми-йўқми, бадиий савияси баландми-пастми – булар билан қизиқиб ҳам ўтирмайди, фақат ёзади, холос. Шунинг учун бадиий ижодда ёзишни ўрганишмас, балки уни тўхтатиш қийин, десак хато бўлмайди. Бу ҳаққа Р.Тагорнинг «Сўнгги достон»ида мана бундай фикр билдирилган: «Ижодкор қўл остида яхши нарсалар нечоғлик оз бўлса, шунчалик яхши, чунки улар бисёр бўлса, қадри тушиб, ўртамиёна бўлиб қолади… Узоқ ижод қилувчи шоирларнинг асарлари ҳар қандай фазилатдан маҳрум бўлади. Бундай шоирлар ўтмишига ўғрилик қилиб, ўғрилик молини қабул қилувчилар даражасига тушиб қолишади…» Шоир ўтмишига хиёнат этмаслиги учун ичдан ўзгариб, тинимсиз равишда руҳан илгарилаши, янгиланиб бормоғи лозим. Тўра Сулаймон ижоди мана шу томондан ҳам эътиборга молик. Ўтган йили «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида босилган унинг «Сайҳон» китобидаги ботиний кўтарилиш эса қувонарли.
Н.Б.: – Эркак киши йиғлашдан уялиши керакми? Менимча, Тўра акам «Тополмасман» шеърини йиғлаб ёзган:
Излай-излай ҳориб бўлдим, сенсиз ёлғиз ғариб бўлдим,
Энди босган изларингни тўрт томондан тополмасман…
И.Ҳ.: – Қалби бор, дарди ва армони бор эркак йиғлаши мумкин. Нега йиғламаслик керак? Қолаверса, бу дунё ҳақиқий шоирни қачон йиғлатмаган ва қачон ингратмаган?! Акс ҳолда, Алишер Навоий ҳазратлари:
Демангиз, аҳбобким, қилмасмусен бас йиғламоқ,
Ким, манга Тенгри насиб этмиш туганмас йиғламоқ,
деб ёзмасдилар. Бундан ташқари, юракка ларза соладиган шеър кўпинча улкан йўқотиш, ажралиш ва жудоликлардан туғилади. Ана шунда шоирнинг ички оламида кутилмаган бир эврилиш содир бўлади – Сўз, оҳанг, ҳаттоки, кўзёш ҳам ўз-ўзидан қуйилиб келади. Шеър – дил ва тақдир изҳорига айланади ва бундай шеърларда шоирнинг характери, қиёфаси, таржимаи ҳоли ёрқинроқ, таъсирчанроқ бўёқларда зуҳурланади… Ўз шеърхонини топиш, йиллар давомида уларнинг ишончини оқлаш учун ўзига хос шоир – нафаси, нигоҳи, кайфият ва ҳолатлари бошқага ўхшамайдиган, шахсий фазилатлари билан ўзга қаламкашлардан ажралиб турадиган салоҳият бўлмоғи керак. Шулар бор Тўра акада. Унинг кўнгли гоҳ дарвешвашликни хушласа, гоҳида бахшиёна дардчил оҳангларга йўл очади.
Н.Б.: – Иброҳим ака, Сизнинг назарингизда Тўра Сулаймон қадрини топганми?
И.Ҳ.: – Муҳаммад Фузулий: «Жоҳилнинг ноз-неъматга қўмилиб яшаши ва олимнинг фақиру ҳақирликда кун ўтказиши ғазабдан ҳам, меҳрибонликдан ҳам эмас, балки Оллоҳ ҳикматининг сирлари туфайлидир», дейди. Менимча, Тўра ака шу сирларни жуда яхши фаҳмлайди. Тама ҳирслари тийилган қаламкашда ҳавас қилса арзигулик бир кенглик ва табиийлик бўлади. Унинг учун энг дахлсиз қадр ва эъзоз – қаноат, ўз меҳнатининг завқи, фикрий ҳамда руҳий турғунлик ботқоғига тушиб қолмасликдир.
Гўрўғли Султон бир ён,
Тўра Сулаймон бир ён,
деган байтни эсланг. Бундай шоҳона кайфиятга етишган шоир андак-мундоқ илтифотларни назарга ҳам илмайди. Тўра Сулаймон – Сирдарёнинг истеъдодли ва эркин ўғлони, Ўзбекистон халқ шоири. Қалби қуриб, виждони бужмайиб қолгани йўқ. Энг муҳими – мана шу…
Н.Б.: – Сўнгги пайтларда баъзи ижодкорлар: «Адабиёт бўлмаса ҳам ҳаёт давом этаверади. Шеърсиз ҳам яхши яшаш мумкин», дея бемалол гапирадиган, бошқаларни ҳам шунга ишонтиришга уринадиган бўлишди. Сиз нима дейсиз ?
И.Ҳ.: – Буюк Чўлпон ёки Фитрат домладан ошириб нима ҳам дердим?! Адабиётсиз яшашни кўзлаш – миллат қисмати, маърифат, маънавият, руҳоният борасидаги фикрларнинг бари омонат ва кераксиз деганидир. Адабиётга хиёнат қилган, шахсий манфаатлари учун шеъриятни сотган, ижодий имконият ва қувватини бой бериб бўлган «аллома»гина шеърсиз яшашга кимларнидир ишонтирмоғи ёки шунга даъват этмоғи мумкин. Ҳолбуки, Адабиётга ишонч жуда мустаҳкам, диний-илоҳий ишонч қадар безаволдир. Агар шундай бўлмаганда эди, биз сиз билан бир камтарин, камсуқум шоирнинг ижоди ҳақида сўзлашиб ўтирмасдик. Ва Тўра Сулаймоннинг адабиётдан ажралган, шеъриятдан айро ҳаётни шунчаки тасаввур ҳам этолмаслигига қатъиян инонмасдик.
Манба:http://oriftolib.uz/