Шаҳодат Улуғ
Қушлар чарх уриб лаби дарёга қўнса,
Бузрук қуёш нурлари саҳрога инса,
Агар сувдан нигоҳлар терса нилуфар,
Лаблар магар тусини йўқотиб рангпар,
Дунё, бизни мафтун қилган сенсан-афсунгар!
Жунун асосига таяниб мубтало,
Капалак қанотига ўраниб зебо,
Ўтмишини унутиб Мажнун дарбадар,
Лайлининг қўлидан тутиб қаён кетар?
Дунё, сен уларни ҳам мафтун қилдинг, сеҳргар!Бир кун руҳ ҳам ожиз тандан бўлади жудо,
Кўнгилга инжа нақш чизиб Дилшунос Худо!
Фақат руҳни ушлаб турар охир кун қадар,
Биз эса сўнгги кун қадар кезиб дарбадар,
Сен барчани мафтун қилдинг, дунё-афсунгар!
Ўтиб борди аро йўлда кўтариб даст,
Билолмадим у меҳрибон, ё худпараст,
У-да биздек атрофга лол, юзи рангпар,
Сув ичидан терар эди зариф нилуфар,
Уни мафтун этиб қўйдинг, дунё-афсунгар!
2012 йил, 19 сентябр.