”Айтайинма, Гўрўғлидан бир достон”

Bildresultat för ўзбек халқ достонлари

Сарвиноз Умурова

Самарқанд бахшичилик мактабининг тарихи ва бугуни хусусида мулоҳазалар

Бахшининг дўмбирасидан таралаётган куй, унинг ўзига хос оҳанги киши қалбини тўлқинлантиради. Қалб нолаларидан яралган достонлар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, миллий маданий меросимизни бойитиб келмоқда. Негаки, достонларимизда халқимиз бадиий тафаккурининг жуда бой ва қадимий анъаналари мужассам. Бу санъатнинг бадиий анъаналари халқ бахшиларининг бетакрор ижоди ва тинимсиз меҳнати билан бизгача етиб келган. Шу тариқа бир-биридан гўзал, бир-биридан сара термалар ва достонлар бутун салобати билан ҳали-ҳануз тингловчиларни баҳраманд этиб, ўзига тортмоқда.

Бахши — қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Улар ижрочи ва ижодкор бахшиларга бўлинади. Ижрочи бахшилар, асосан, устозидан ўрганган достонларни жузъий ўзгаришлар билан куйлайдилар. Ижодкор бахшилар эса оғзаки эпик анъана асосида достоннинг ўз вариантларини ижро қиладилар, ҳатто улар асосида янги достонлар ҳам яратадилар. Рус академиги Е.Поливановнинг ёзишича, ”бахши” сўзи асли хитойча бўлиб, ”устоз”, ”ёзувчи”, ”котиб” маъноларини англатади. У асосан шомон эътиқодли туркий халқлар тилида ”тўй-тантаналарни бошқарувчи киши” маъносида ишлатилган.

Минг йиллардан буён шаклланиб келаётган, фақат биздагина мавжуд бўлган мазкур ноёб санъат тури афсуски, бугунги кунда вилоятимизда ўз ўрнини йўқотмоқда. Юртимизда бир вақтлар машҳур бўлган Самарқанд достончилик мактаблари аллақачон йўқолиб бўлди. Ҳозирда Қўшработдаги Қўрғон, Булунғур, Нарпай бахшичилик мактабларининг ”пилиги пасайган.”

Баъзан вилоятимизда элликдан ортиқ бахшилар борлиги ҳақида эшитиб қоламиз. Аммо қани ўша бахшилар? Аниқ далилларга асосланиб айтадиган бўлсак, уларнинг сони айни вақтда йигирматага ҳам етмайди. Нега энди, бахшилар кўп-ку, деган фикр¬га ҳам боришингиз мумкин. Лекин гап қўлига дўмбира ушлаган ижрочи ҳақида эмас, балки бу санъатни тўлиқ ўзлаштира олган ҳақиқий бахшилар ҳақида бормоқда. Бир-икки достонни ҳам тўлиқ билмайдиган, бирор достондан икки-уч парчани ёдлаб олиб, дўмбира жўрлигида айтишга ҳавасмандларни эса бахши дейишга шошилмайлик. Агар аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, кўр-кўрона бахшилар кўплигидан жар солсак, соҳанинг тадқиқотчисиман, деганлар мавжуд бахши-шоирларни кўрмай, ўрганмай, достонларини эшитмай илмга қўл ураверса, ҳозирча 20-60 достон биладиган 10-15 нафар кекса бахши-шоир ҳам эътибордан қолаверса… эртага биз бахшичилик тарихинигина ўрганамиз, холос.

– Ижодкор бахшилар бармоқ билан санарли қолди. Шу боис, ёшларнинг бахшичилик санъатига жалб этиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш керак, – дейди вилоят Эргаш Жуманбулбул маънавият маркази раиси Абдусамад Мамаюсупов. – Бугун олий ўқув юртлари, академик лицей ва ўрта махсус касб-ҳунар коллежларида бахшичилик санъатини ўргатадиган алоҳида дарс соатлари ташкил этилмаган. Вилоятимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, фақатгина фольклоршунослик дарсларида бахшичилик санъати ҳақида бир-икки соатгина машғулотлар ўтилади, холос. Қўшработдаги Қўрғон бахшичилик мактабида Ортиқ бахши бир нечта ёшларни йиғиб тўгарак ташкил қилган. Ана шу кичик тўгаракка бахшичилик санъатига қизиқувчиларни тўплаб, уларга керакли шароит яратиб берсак, ўйлайманки, бу санъат ривожига ўз ҳиссамизни қўшган бўлардик.

Ҳар йили Эргаш Жуманбулбул маънавият марказида ”Фольклор-инсоният яратган биринчи қўшиқ” мавзуида кўрик-танлов ва илмий анжуман ўтказилади. Бироқ йилига бир маротаба ўтказиладиган бундай тадбир бахшичиликни ривожлантириш учун камлик қилади. Эҳтимол, бу каби тадбирлар сонини кўпайтириш, географиясини кенгайтириш керакдир. Бундан ташқари вилоятимиздаги санъат коллежлари, мусиқа мактабларида бахшичилик санъатини ўрганиш бўйича махсус курслар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Илгари тўйларда бахшилар таклиф қилинган. Улар ”Алпомиш”, ”Гўрўғли”, ”Равшан” достонларини тонггача ижро этишган. Замон зайли билан бугунги кунда бахшилар фақатгина Наврўз, мустақиллик байрамлари, халқ сайилларигагина таклиф этилади. Ваҳоланки, ўзбек достончилик санъати миллий қадриятларимизнинг қомуси ҳисобланади. Бу ҳақда гап кетганда фольклоршунослар кўпроқ Самарқанд, Қашқадарё ёки Бухоро бахши-шоирлари ҳақида тўхталиб ўтмоқ жоиз. Улар ўзбек бахшичилик маҳоратини, ижро усулини, овозини дунёга намойиш қилишга ўз ҳиссаларини қўшганлар. Негадир бугун дарсликлар яратаётган, монографиялар ёзаётган фольклоршунослар Самарқанд достончилиги ҳақида, бахшиларимиз эришаётган ютуқлар, номоддий маданий меросимиз олдида турган мақсад ва вазифалар тўғрисида ҳамон сукут сақлашни лозим кўрмоқдалар.

Яна бир гап. Бугун ЎзМТРК каналларида Сурхондарё, Қашқадарё воҳаси бахшилари чиқиб туришади. Аммо вақтида мактаб яратган бизнинг бахшиларни негадир учратмайсиз. Вилоятда ёш бахшилар кўрик-танловлари ўтказиш пайти келмадимикан?

– Ёшлигимизда, айниқса қиш кунлари уйимизда 10-15 чоғли одам йиғилар, бахшилар уларга ўзлари ёд олган достонларидан айтиб беришарди, – дейди Зиёдулла бахши Исломов. – Ўша даврада биз ёшлар ҳам бир чеккадан жой олиб, достонлар эшитардик. Шу сабаб бўлса керак, бизда болалигимиздан халқ достонларига, ундаги миллий қаҳрамонларга ҳурмат шаклланган. Афсуски, ҳозирги вақтда ёшларимиз ана шундай тадбирлардан бенасиб ўсишмоқда. Ҳар ҳолда телевизор, компьютер қаршисида уззукун ўтириш билан халқ оғзаки ижодидан тасаввурга эга бўлолмайди. Шу боис, байрам ёки бошқа муносабат билан бахшиларни чорлаб, кишиларни улар санъатидан хабардор қилиш керак.

Яқинда Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида афсона ва халқ эпослари асосидаги Халқаро сценарийлар кўрик-танлови бўлиб ўтганлиги ҳақида эшитиб қолдим. Унда 232 мамлакат сценарийлари тақдим этилган. Буни қарангки, ”Алпомиш” достони энг олий мукофот – ”Гран-при”га лойиқ топилибди. Бу достоннинг оғиздан-оғизга ўтиб, такомиллашиб боришида бахшиларнинг ўрни бениҳоя катта эканлигидан фахрландим.

Вилоятимизнинг ҳар бир қишлоғида, овулида ҳали ёзиб олинмаган мақоллар, топишмоқлар, қўшиқлар, афсона-ю ривоятлар, ўланлар, лапарлар, ёр-ёрлар, оилавий маиший турмуш, ижтимоий ҳаёт билан алоқадор урф-одатлар, расм-русумлар, боболаримиз, момоларимиз хотирасида яшаётган ҳаракатли миллий ўйинлар, сўз ўйинлари кўплаб учрайди. Назаримизда бу халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиш учун зиёлилардан, ўқитувчилардан, мактабнинг юқори синф ўқувчилари, лицей, коллеж, олий ўқув юрти талабаларидан фойдаланиш керак. Ёшларга мақсадни тушунтириб, ишни қандай бажаришни уқтирсангиз, улар қизиқиб бажаришади. Гап иштиёқда, интилишда. Бу изланувчанлик улар дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилади.

Самарқанд замини моддий бойликларга қанчалик бой бўлса, бу ҳудуд аҳолисининг номоддий маданий мероси ҳам шу қадар чексиз. Минг йиллар мобайнида ривожланиб бизгача етиб келган бу бойликни асраб-авайлаш, улардаги умуминсоний қадриятлар воситасида ёш авлодни баркамол инсон қилиб тарбиялаш вазифаси кун тартибига қўйилган бир пайтда бу меросни илмий ўрганиш, амалий тарғиб этиш маркази тузилса нур устига аъло нур бўларди. Марказ барча қўлёзма манбаларни жамлаш, тасниф этиш, тадқиқ қилиш муассасасига айланарди. Ҳали Самарқанд қўшиқлари, урф-одатлари, афсона ва ривоятлари, миллий рақслари, миллий оҳанглари, миллий ўйинлари жамланиб, чоп этилмади. Шу боис, келин кўрсатар қўшиқлари ўрнига балки келин саломлар айтиб юргандирмиз…

Номоддий маданий меросимиз ҳақида камида бир неча томлик китоб қиладиган манбаларга ҳозирдаёқ эгамиз. Фольклоршунос олимларимиз, тадқиқотчилар етарли. Олий ўқув юрти кутубхоналарида кўплар орзу қиладиган даражада қўлёзма манбалар бор. Фақатгина уларни ҳаракатга келтириш, улардан фойдаланиш пайти келганини мутахассислар бир ўйлаб кўришса яхши бўларди.

Манба: Zarafshon.

This entry was posted in Крилл алифбосида, Мақолалар. Bookmark the permalink.

Comments are closed.