Jabbor Eshonqul. Folklorda tush ta’biri

Жаббор Эшонқул

ФОЛЬКЛОРДА ТУШ ТАЛҚИНИ

2.1. ТУШ ВА МИФ МУНОСАБАТИ

Жаҳон фольклоршунослигида халқ оғзаки ижодини ўрганувчи кўплаб мактаблар мавжуд бўлиб, улар фольклоршуносликнинг у ёки бу томонини қамраб олади. Сўнгги икки асрда «Ритуализм ва функционализм», «Француз социологик мактаби», «Структурализм», «Символик назария», «Рус мифшунослик мактаби» каби мактаблар пайдо бўлди ва бу оқимларнинг ҳар бири фольклорга ўзига хос ёндашиши, олдига қўйган мақсадлари билан бир-биридан фарқланиб туради. Бироқ ҳеч қайси мактаб ХIХ аср охирида юзага кела бошлаган ва ХХ асрда ўзининг қиёмига етган психоаналитик мактабчалик шов-шувларга сабаб бўлган эмас. Психоаналитик мактаб немис олими И.Бахофеннинг 1861 йилда эълон қилинган «Оналик ҳуқуқи» тадқиқотидан сўнг маълум бир назария сифатида шакллана бошлади ва немис олимлари – В.Вундтнинг «Халқлар руҳияти», «Миф ва дин», З.Фрейднинг «Тотем ва табу», «Туш таъбири» каби асарлари ҳамда К.Юнгнинг тадқиқотларидан сўнг ХХ аср илмида йирик мактаб сифатида шаклланиб бўлди. Асримизнинг йирик файласуфлари – К.Юнг, Э.Фромм, Ж.Кемпбелл, М.Элиаде, В.Одайник, Ж.Хоббек, Э.Сэмоэлс, М.Фордахмлар психоаналитик методнинг турли қирраларини, унинг мифшуносликдаги беқиёс имкониятини кўрсатиб бердилар, натижада аср бошида бу оқимга шунчаки вақтинчалик модернистик оқим сифатида менсимай қараганлар психоаналитиканинг мифшуносликдаги, нафақат мифшунослик, балки фалсафа, эстетика, адабиётшунослик, социолигия, сиёсатшунослик, этика, психология ва санъатдаги ўрнини тан олдилар.
Хўш, шунчалик шов-шувга сабаб бўлган ва мифшуносликда янги оқим сифатида баҳо олган ҳамда миф ҳақидаги антик даврдан бери ҳукм суриб келаётган қарашларни янги йўналишга буриб юборган бу оқим қанақа оқим ва қанақа назария? Унинг моҳиятида нима ётади ва унинг жаҳон фольклоршунослигидаги ўрни қандай? Бу назария миф тадқиқотида нимага суянади?
З.Фрейд, К.Юнг, Э.Фромм тадқиқотларида, энг аввало, миф инсон руҳиятининг ифодаси, деган ягона қараш ётади. Тўғри, бу олимлар мифни инсон руҳиятининг турли ҳолатлари билан боғлашади: хусусан, З.Фрейд мифда шаҳвоний майл, К.Юнг оммавий онг ости ҳиссиётлари, Э.Фромм ташқи дунёни рамзлар орқали қабул қилган, бироқ онг даражасига ўсиб чиқмаган, инсон кўнглига ташқи дунёнинг рамзи бўлиб қолган кечинмалар устуворлик қилади, деган фикрни ўртага ташлашади. Бир қарашда бу олимлар бир-бирига қарама-қарши фикр айтаётгандай туюлади, аммо гап шундаки, ҳар учала олимда ҳам бир нарса – миф инсон руҳиятининг инъикоси, деган қараш мавжуд. Бу психоаналитик методнинг асосини ташкил қилади.
Инсон руҳияти жуда кенг олам бўлиб, ундаги ҳиссиёт ва туйғулар икки хил шаклда ўзини намоён этади: биринчиси англанган, маълум мантиққа бўйсунган, ташқи дунёга нисбатан ўзининг қатъий хулоса ва йўналишига эга туйғулар. Бу туйғу инсоннинг жамиятга, одамларга, атроф-муҳитга муносабати ва булар ҳақидаги маълум тушунчага эга бўлган қарашларни ифодалайди; буларнинг барчасини онг синтез қилиб беради, яъни онг бевосита иштирок этади. Иккинчиси, онг ости ҳислари, онгга қалқиб чиқмаган, лекин инсон руҳиятида доимо мавжуд, ташқи дунё билан тинимсиз алоқа қилиб турувчи ҳислар. Бу ҳислар инсон ҳаракати, руҳиятининг асосини ташкил этади. Гарчи гапираётган гапларимиз, фикрларимиз, ўзимизни тутиш ва ҳолатларимиз бизга англанган, маълум бир мантиққа бўйсунгандай туюлса-да, аммо шу ҳисларни юзага чиқарувчи, ушбу тушунчаларга туртки берувчи асосий нарса онг ости ҳисларидир. Инсон руҳиятида онгли фаолият ва онгли ҳислардан кўра англанмаган ҳислар кўлам жиҳатдан чексиздир. Гарчи биз кўчада кетаётиб олдимиздан ўтган мушукни англамай қолсак-да, онг ости ҳислари уни ўзига қабул қилади ва маълум муддатдан сўнг ўзи қабул қилган рамзда тушимизга узатади. Шу сабабли тушимиз бизга ҳамиша ғайритабиий туюлади. Улардаги воқеа ва образларни онгимиз қабул қилолмайди. Бироқ тушдаги воқеа, ҳодиса, ҳолат ёки образ айнан онг ости ҳисларининг ташқи дунёни қабул қилиш рамзлари бўлиб, одам онгли фаолиятдан тўхтаган, яъни уйқу пайтида бу ҳислар инсон миясига ўзи қабул қилган рамзларни тарқата бошлайди. Миф ва эртаклар ҳам ҳали инсон онгли фаолият даражасига кўтарилмасдан ёки дастлабки онгли фаолият босқичларида яратилган бўлиб, у пайтлар инсон руҳиятида онгли фаолият онг ости ҳислари даражасида эди. Мифлар қуруқ тушунча ёки аждодларимизнинг дунёқараши рамзи эмас, балки онг ости ҳисларининг дунёни қабул қилиш пайтдаги рамзларидир. Бугунги тушунчада юксак тараққий этмаган у пайтларда онг ости ҳислари инсон фаолияти ва қарашини ўзида акс эттирган. К.Юнг айнан шу ҳолат мифларни яратди, айнан шу ҳолат бугунги онгли инсонни катта кашфиётлар қилишга мажбур қилди, деган фикрни ўртага ташлайди. Онгли фаолият инсонни ўзи яшаб турган олам қонун-қоидалари, ахлоқи билан чегаралаб қўяди. Онг ости ҳислари инсонни ҳамиша поэзия билан, табиат билан яқинлаштириб туради, унда ижодий ҳиссиёт туғдиради. К.Юнг: «Ҳозирги одам фан ва техникага сарфлаётган ижодий қудратини қадимда аждодларимиз мифларни яратишга сарфлаган эди», дейди. Инсондаги ижод қилиш ҳисси, ижодий руҳ онг ости туйғуларига хос. Шу сабабли фольклорда, у қанчалак қадим бўлмасин, инсон руҳияти рамзлари ётади. Туш каби мифда ҳам мантиқий тафаккур изчиллиги бузилади. К.Юнг туш бу асли аждодларимиздан генлар орқали бизга мерос қолган мифик тасаввурлардир, деб таъкидлайди. Тўғри, файласуф бу ерда туш фақат аждодлардан мерос қолган тасаввурлар оқимидан иборат, демайди, балки замонавий одамнинг ўз туши, яъни ўзи яратган мифи ҳам бор. Туш – бу замонавий одамнинг мифидир. Гарчи юксак цивилизация даврида яшаётган бўлсак-да, ҳар бир одам ё англамай миф яратади, яъни онг ости ҳислари онг тараққиёти, мантиқий тафаккур ривожидан қатъи назар, ўз мифларини яратаверади ва бу мифлар тушда мантиқий тафаккурга кўниккан, табиат олдида ҳайратга ҳам, қўрқувга ҳам тушмай қўйган бугунги одамнинг тушларида акс этади. Замонавий одамда мантиқий тафаккур билан онг ости ҳислари ораси минг йиллик онг тараққиёти натижасида узилиб қолганлиги сабабли ҳам бизга бугун тушлардаги ва мифлардаги кечинмалар, воқеалар ғайритабиий туюлади. Мифлар яратилган даврда бу узилиш деярли сезилмасди. Ҳатто бугун онгли фаолият бирламчи бўлган тафаккур даврида ҳам баъзан онг бирон муаммони ечишга ожиз бўлиб қолганда инсон фаолиятини онг ости ҳислари қўлга олади, яъни у бошқаришга ўтади. Баъзан «интуиция билан сезди», «интуицияси ёрдам берди» деган фикрларни эшитамиз-у, лекин айнан интуиция онг ости ҳислари эканига эътибор бермаймиз. Онг ости ҳислари инсоннинг ижодий қувватини белгиловчи ҳислар бўлиб, шеър ёки санъат асари яратаётганда, гўзаллик инсонни тўлиқ қамраб олганда, ё муҳаббат, ё нафрат кишида ҳайрат уйғотганда онг ости ҳислари юзага қалқиб, инсон тафаккурига бевосита ўз маҳсулини беради. Санъатдаги поэтик мушоҳада билан мифдаги рамзий мушоҳада айнан бир нарса.
Санъат ва мифнинг тили битта – рамзларга асосланади. Ҳар иккаласини ҳам рамзларни шарҳлаб ўрганиш мумкин. К.Юнг мифларни таҳлил қилишда кўпроқ оммавий онг ости ҳисларига (коллективный безсознательность) катта эътибор беради. Унинг фикрича, оммавий онг ости ҳислари мифлар яратилаётганда асосий ўринни эгаллаган. Бу онг ости ҳислари мифларга рамз, тимсол, сурат сифатида кўчиб ўтади, тўғрироғи, ташқи дунёни рамзлари билан қабул қилади. Момоқалдироқни найза дея тушуниш бу мифларни яратган ибтидоий аждодларимиз учун ташбеҳ эмас, шундай тушунилган, қабул қилинган. Психоаналитика мактабининг катта хизмати шунда бўлдики, улар мифларни, халқ оғзаки ижодини рамзларни шарҳлаш ва инсон психологиясини тадқиқ қилиш билан уйғунлаштира олди. Гарчи метод ягона бўлса-да, мифлардаги рамзларни шарҳлашда ҳар хил қарашлар дунёга келди. Ана шу қарашлар ҳар хиллигидан З.Фрейд ва К.Юнг бир мактаб вакили бўла туриб, К.Юнг мифлар асосида оммавий онгсизлик рамзлари ётади, деган қарашни ўртага ташлагач, рақобатчи файласуфларга айландилар.
Психоаналитика назарияси «Шоҳ Эдип» трагедиясини шарҳлашда ўзининг мукаммал даражасига етди. Шуни айтиш керакки, биргина шу асарни психоаналитика назарияси намояндаларининг деярли барчаси шарҳлаган, аммо бу шарҳ турличалиги билан диққатга сазовордир. «Шоҳ Эдип» З.Фрейд назарида она ва бола ўртасидаги англашилмаган майлни, К.Юнг фикрича, оммавий онгсизликни рамзлаштиради. Э.Фромм фикрича эса асар патриархал ва матриархал тузумларни ва шу даврга хос ота, она, боланинг ички кечинмаларини – табиийки, англанмаган, бироқ мияга рамз ҳолатида чўккан ҳиссиёт, кайфиятлар курашини акс эттиради. Психоаналитик мактаб намояндалари шу уч хил қараш таъсирида кейинчалик уч оқимга асос солдилар.
Шуни айтиш керакки, психоаналитика методи ХХ аср бошидан буён жаҳон мифшуносларининг қизғин баҳсига айланган. Бу методни ўрганиш фольклоршунослигимизни жаҳон фольклоршунослигининг илғор оқимлари билан таништирибгина қолмай, миф, асотир, эртак ва достонларимизни ўрганишда, улардаги рамзларни шарҳлашда жуда зарур. Зеро, миф ва эртаклардаги рамзларни таҳлил қилиш бизнинг фольклоршунослигимизга ҳам бой материал беради.
«Шоҳ Эдип» трагедияси шарҳидаги З.Фрейд назарияси маълум манода тушунарли. К.Юнг «Оммавий онгсизлиги»ни изоҳлаб ўтишга тўғри келади. Шахсга хос хусусият шаклланмаган, онг ҳали шахс бўла олиш даражасида ривож топмаган, кўп нарса оломонга хос кайфият ва тушунчалар билан аталадиган ҳолатни Юнг оммавий онгсизлик, деб номлайди. Оммавий онгсизликнинг қуйи даражаси оломончиликдир. Ҳар бир киши каби маълум гуруҳ, оломонда ҳам уларнинг ҳолати, кайфияти, ички дунёсини ифодаловчи бир хил онг ости ҳислари мавжуд.
Тафаккур тараққиётида шахс хусусиятлари намоён бўлмаган барча нарса омма нуқтаи назари ва омма тушунчаси ҳамда савиясидан келиб чиқиб баҳоланган, бошқача айтганда, тасаввур қилинган руҳий ҳолат оммавий онгсизлик, деб аталади. Оммавий онгсизлик оломон кайфиятини ифодалайди. У бошқарилиши ва йўналишига қараб ёвуз ёки эзгу куч касб этиши мумкин. Одам руҳияти шундай мураккаб системаки, унда ёвуз кучни уйғотиш жуда осон. Оломон кайфиятини текширган Э.Фромм унинг кўр-кўрона сиғинишини ва ҳамиша раҳнамога, йўлбошчига ташна туришини, натижада раҳнамо, маъбуд ёки йўлбошчига ишончи мифик тарзда тушунилишини таъкидлайди. Бунда онг ости ҳислари иштирок этади. Илк космогоник қарашлар оммага, оломонга хос қарашлардан ташкил топган. Уруғчилик тузуми оломон кайфияти ва инон-ихтиёри ҳукмрон давр эди, яъни ҳамма нарса «биз» ёки «бизники» тарзида ифода этиларди. Бу даврда табиат ҳаммага бир хил иқтидор, салоҳият ато этганди. Кейинчалик жисмонан кучли ёки турмушда бошқаларга қараганда кўпроқ тажриба тўплаганлар шахс сифатида ўзини намойиш қила бошладилар, уларда «Мен» пайдо бўлди. Шу тарзда мантиқий тафаккур билан онг ости ҳислари ўртасида бўлиниш бошланди. Мантиқий тафаккурнинг бугунги тараққиёти даврида ҳам онг ости ҳислари йўқолиб кетгани йўқ, у ҳамон инсон руҳиятининг асосини ташкил қилади. Психоанилитик мактаб руҳиятнинг шу қисмини ва мифлардаги руҳий ҳолатларнинг рамзларини ўрганади.
Ушбу мактаб вакиллари биринчи марта мифни замонавий одам билан бирга қўйишни ўргана бошлади. Бу метод асосчиларининг фикрича, миф – инсоннинг фақат ўтмиши, аждодларнинг хаёлпарастлиги эмас, балки уларнинг кайфияти ва ўзи англаб етмаган, бироқ мияда сингиб ётган ҳолат, кечинма ва таассуротларидир. Мифга аждодларнинг жўн хомхаёллари ёки чўпчаклари сифатида эмас, инсон руҳиятининг инъикоси сифатида қараш зарур, шу сабабли ҳам миф ўтмиш садоси эмас, у кеча, бугун ва эртанинг мужассами, инсон руҳиятининг манзарасидир. Миф одам билан бирга яшайди, одам яшар экан, у ўзича миф яратади. Бироқ ҳамма ҳам ўз мияси яратган мифни «ўқийвермайди».
Мия яратган мифни, яъни инсон ҳаёти давомида бошидан кечирган кечинмалар, ҳиссиётлар, кайфиятлар, таассуротларни бугунги цивилизация ахборотлари билан тўлган онгимиз бирдан юзага чиқара олмайди: бу таассуротлар, кўпинча, онг ости қатламларида ётади ва одам ахборот олишдан, кундалик онгли кечинмалардан тўхтаган пайти, яъни уйқу ҳолатида туш сифатида юзага чиқади. Агар тушларимизга кирадиган «даҳшат»лар, ғайритабиий воқеаларни миф билан солиштирсак, кўп жиҳатдан ўхшаш эканлигига гувоҳ бўламиз. Тушларимиздан, шу жумладан, мифлардан ҳам воқеалар ёки махлуқлар «даҳшатли» бўлгани учун эмас, биз бу воқеа ва «даҳшат»нинг тилини билмаганимиз, уни шарҳлашга бугунги «юксалган» онгимиз қодир бўлмаганлиги учун даҳшатга тушамиз. Психоаналитик методнинг вакиллари ана шу ўхшашликдан келиб чиқиб, туш ва мифнинг айни бир нарса, яъни ҳар иккаласи ҳам инсон онгига рамзлар билан қабул қилинадиган ва рамзлар билан шарҳланадиган ҳолатлар, деб баҳо берганларида мифни ўрганишда янги метод юзага келганини бутун дунё эътироф этганди. Туш ва мифни ўрганувчи, шарҳловчи тилни Э.Фромм «рамзлар тили» деб атайди ва бу атама ҳозир жаҳон фалсафа ва фольклоршунослигида кўп такрорланадиган атамага айланди.
«Рамзлар тили» мифларни ва тушни шарҳлашда энг зарур ва ягона восита эканлигини айтиб ўтдик. Аждодларимиз бугун ибтидоий давр деб баҳо бериладиган пайтларда бизга қараганда юз карра шоирроқ эдилар. Улар, албатта, поэзияни тушунмасдилар, бироқ, бугунги тил билан айтганда, ўша минглаб йиллар аввал уларнинг тафаккур тарзи «поэтик мушоҳада» тарзида эди: улар ҳаётлари ва табиатдаги ҳар бир нарсани тасаввур қилган тушунчаларнинг рамзи сифатида қабул қилардилар. У пайтлар осмон, сув, кўкат, қуёш, ой, ёруғлик ва зулмат – тангрилар эди; қуёш ўрнини тун эгалларкан, эзгулик ва ёвузлик кураши кетаяпти, деб ўйлашарди. Ҳайвонлар ҳам муқаддас саналар, уларнинг ичида ҳам ёвуз ва эзгу ниятлилари бор, деб тушуниларди. Эзгулик маъбудлари осмонда, ер юзида ёруғлик билан бирга, ёвузлик тангрилари ер остида, зулмат билан бирга яшашади, деб ўйлардилар. Олтой мифларидан бирида ҳатто дарахт тангри – ҳаёт дарахти ҳақида ҳам афсона бор. Атроф ва табиатда кўп нарса ҳали исмсиз эди; аждодларимиз ҳар бир нарсага исм бераркан, бу исм ўз тасаввур ва тушунчаларининг рамзи эди. «Аждарҳо» деган сўз товуш ва лингвистик жиҳатдан улкан илонга ҳеч алоқаси йўқ эди, бироқ «аждарҳо» сўзи аждодларимизнинг назарида олов пурковчи, учиб юрувчи улкан илонга ўхшаш махлуқни рамзлаштиради: бу тушунча энг қадим тушунча бўлиб, ўзида динозаврлардан тортиб, улкан қушлар ва ёвуз одамларнинг феъл-атворигача бўлган тушунчани рамзлаштирар, аждарҳо гапирар, учиб юрар, улканлиги билан бутун бир қишлоқни ҳаплаб ютарди. Аслида, буларнинг бари маълум тушунчаларнинг рамзи эди; бу рамзлар аждодларимизнинг ҳиссиёти, тасаввури, онг босқичи, ички кечинмалари ва кайфияти билан боғлиқ эди. Ёвузлик белгиси бўлган аждарҳо ёвузликка хос барча нарсани ўзида мужассам этарди: исмсиз ва номсиз, улкан ва офатгўй стихияларга бой табиат олдидаги оммавий қўрқув ўша давр мифларига бутунлай сингиб кетган. Одам табиат олдида ожиз эди, бироқ борлиқ, жисмлар, коинот, наботот ҳақида шундай тасаввурлар қилардики, бу тасаввурлар тўлиқ рамзлар тили билан баён этиларди. Эртакларда учрайдиган кўпдан-кўп образлар қатори дев ҳам ҳар хил эди. Биз эртакларда Япроқ дев, Қўнғир дев, Оқ дев, Сариқ дев каби рангларга боғлиқ девларни учратганимизда уларга зарб этилган рангларга унчалик эътибор бермаймиз, ваҳоланки, Япроқ дев – ўсимлик культининг, Сариқ дев – олов культининг, Қўнғир дев – тоғ ва ғорлар, тошлар культининг, Оқ дев – осмон ва ёмғир культининг рамзлари сифатида эртакларда кезиб юради. Бундан ташқари, девлар ўзларида яна хилма-хил рамзлар ташийдики, бу рамзларни шарҳлаш бизга аждодларимизнинг поэтик мушоҳадаси ғоят кенг ва чуқур бўлганидан дарак беради. Мифлардаги рамзларга мурожаат қилиш бизга ғоят кенг бадиий олам эшигини очади. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, мифлардаги ҳар қандай рамз ушбу рамзни яратган аждодларимизнинг маълум бир кайфиятини, ички дунёсини акс эттиради. Шундай миф, эртак, достонлар борки, улардаги маълум эпизодлардаги рамзларни психоаналитик метод ёрдамида шарҳлаш бизни аждодларимизнинг тафаккур босқичлари, онг жараёнлари, интилиш ва кечинмалари билан таништиради.
«Рустамхон» достонида деярли эътибор берилмайдиган, барча эртакларга ўхшаб кетадиган шундай эпизод бор: онасини излаб юрган Рустамхон шоҳ қизини ейиш учун келаётган аждарҳони ўлдиради ва сал вақтдан сўнг шу достоннинг ўзида Рустамхон зиндондан бўшаган девга дуч келади: девни мастон кампир Рустамни ўлдириш учун зиндондан бўшатган эди, бироқ дев Рустамни ўлдирмай, мастон кампирнинг ўзини ўлдиради. Бу эпизод деярли барча эртак ёки достонларда учрайди, лекин бу хил психологик эпизодлар ўзбек фольклоршунослигида ё тарихий, ёки маросим нуқтаи назаридан ўрганилган. Бу ерда, бизнингча, психоаналитик метод бўйича ёндашиш зарур бўлади.
Аввало, шуни айтиш керакки, энг қадим эртакларда, инсоният онгли ҳаётининг илк босқичида тангрилар ҳайвон қиёфасида тасаввур қилинар эди. Биз ҳайвон, қуш қиёфали тангриларни: Тиамат, Опсу, Улген, Эрликхон ва ҳоказоларни туркий халқлар қадим мифологиясидан хоҳлаганча топишимиз мумкин. Худди шунингдек, ёвузлик тангриларининг кучлари ҳам ҳайвон шаклида тасаввур қилинган. Аждарҳо шундай ёвузлик кучи бўлиб, кейинчалик, онг маданийлашгани сайин аждарҳо қиёфаси ҳам маданийлашиб борган. В.Пропп шаҳарлар пайдо бўлиши билан худолар ҳам ҳайвоний қиёфасини йўқотиб, одам қиёфасини олдилар, дейди. Ёвузлик кучи аждарҳо ҳам онг маданийлашгани, инсон табиат сирлари ва кучларини англагани сайин одам қиёфасини олди: у энди одам каби юрадиган, қўлли-оёқли девга айланди. Бироқ у одам қиёфасини олгандан сўнг ҳам аждарга хос олов пуркаш, учиб юриш, ямлаб-ютиш, ғорларни макон қилиш каби белгиларни сақлаб қолди, яъни ёвузлик тангриси ва ёвузлик кучлари қиёфаси ўзгарди-ю, бироқ вазифалари ўша-ўша ёвузлик бўлиб қолди. Юқоридаги «Рустамхон» достонида худди ана шу жараён ўз ифодасини топган.
Ушбу шарҳдан кўриниб турибдики, достондаги воқеа эмас, балки унда сақланиб қолган қадим эпизодларнинг тарихий ва ижтимоий маъноси ҳатто достондаги кейинчалик бахшилар томонидан киритилган воқеадан ҳам кенгроқдир. Бу эпизод тўқима бўлмай, айтувчининг онг ости қатламларида англашилмаган тарзда мавжуд бўлган. Англашилмаган ёки онгга тўлиқ қалқиб чиқмаган ҳиссиётлар мифларнинг туб моҳиятини ифода этганлиги К.Юнг ва З.Фрейд томонидан исботланган ҳамда бу онг ости ҳиссиётлари психоаналитик методнинг асосини ташкил қилади.
«Рустамхон» достонидаги эпизод ҳам ана шу онг ости ҳиссиётлари маҳсулидир. Чунки тангриларнинг ҳайвон қиёфасидан одам қиёфасига ўтишини бир миф қилиб қўяй, деб ҳеч ким уринмаган, ижод қилиш ва достон тузилиши жараёнида бу эпизод ўз-ўзидан онг ва шуур оқими сифатида достонга сингиб кетган. Онг ости ҳиссиётлари воқеликнинг рамзий кўриниши бўлиб, шу пайтгача ўзбек фольклоршунослигида бунга жуда кам эътибор берилган.
Достондаги Рустам ва аждарҳо жангги унчалик паҳлавонлар жангига ўхшамайди: Рустамнинг наърасини эшитиб, аждарҳо ҳушдан кетади ва Рустамга бор-йўғи беҳуш аждарҳони чопиб ташлаш қолади. Кўриниб турибдики, наъра тортиш ва беҳуш аждарҳони ўлдириш унчалик ҳам катта ботирлик талаб қилмайди. Биз бу эпизодда жангни эмас, қадим тангрилар ўлиб, янгилари пайдо бўлиш жараёнини кўрамиз ва Рустам бу ерда ана шу янги майл рамзи сифатида иштирок этаяпти.
Бу хил мисолларни халқ оғзаки ижодидан кўплаб келтиришимиз мумкин. Психоаналитик метод фольклоршунослигимизни бойитса бойитади-ки, унга зарар етказмайди. Шу сабабли фольклоршунослигимизни дунё мактаблари билан муқояса қилиб ўрганиш тадқиқот методини ранг-баранглаштиради.
Зеро, адабиётда мифологик тасвирга эҳтиёж ҳеч қайси замонда пасаймаган. Алишер Навоий асарларининг асоси мифга қурилган. Буюк шоир мифга ўз ғояларини, инсон ҳақидаги тадқиқот ва таълимотини сингдирди. Фольклоршуносликда миф ва ёзма адабиёт, Алишер Навоий ижодида мифларнинг тутган ўрни масаласига доир қатор тадқиқотлар мавжуд.
Европада эса ХIХ асрда бунёдга келган мифологик назариялар адабиётнинг яна мифга юз буришини бошлаб берди. Ницще биринчи марта миф ва инсонни яхлит ҳолда тадқиқ этди. З.Фрейд, К.Юнг, А.Адлер мифшуносликнинг, мифга бўлган муносабатнинг янги назариясига асос солдилар. Бу назария миф билан адабиёт алоқасини мустаҳкам боғлаб берди: бу назарияга кўра, миф аждодларимизнинг тимсоллар тилига асосланган онг ости ҳис-кечинмалари инъикосидир. З.Фрейд мифга «онг ости шаҳвоний майлларнинг», К.Юнг «оммавий онг ости ҳисларининг», Э.Фромм «ақлий фаолиятгача бўлган онг ости ҳисларининг» намоён бўлиши, деб баҳо бердилар. Шу жиҳатдан миф билан тушнинг фарқи йўқ эди ва бу баҳо мифни адабиётга мутлоқ яқинлаштирди. Адабиётни услубий янгилашни мақсад қилган модернистлар мифга мурожаат қилдилар; тушга асосланган услуб –сюрреализм шу назария асосида пайдо бўлди. З.Фрейд, К.Юнг, А.Адлер мифнинг тимсолий тилини шарҳлаб бериши оқибатида мифга бўлган талаб кучайишига олиб келдики, инсондаги бадиий мушоҳада тимсолий тилга асосланар экан, миф ва адабиёт поэтик тасаввур маҳсули сифатида бир-бирини тўлдириши мумкин, деган қарашни ўртага ташлаган модернистлар мифик сюжет, рамз, тимсолларни адабиётга олиб кира бошладилар. Лекин бу «олиб кириш» шунчаки сюжетни қайтариш эмас, балки ХХ аср инсон руҳий дунёсини мифологик мушоҳада билан тадқиқ қилиш шаклида бўлмоғи керак эди.
Аслида, миф ва адабиёт мавзуси ёзма ижод пайдо бўлгандан буён файласуфлар, олимлар, шоирларнинг энг қизғин мунозара майдони бўлиб келган. Мифнинг адабиётга таъсирини аниқловчи, таҳлил қилувчи турли-туман оқимлар пайдо бўлди; бу оқимларнинг бир қисми адабиётни реал ҳаётга, реал тасаввурларга яқинлаштириш, ундан мифологик тасаввурларни суриб чиқариш тарафдори бўлса, бир қисми адабиётни мифга яқинлаштириш масаласини кўтардилар. Инсоният ақли мифдан, мифологик оламдан, аждодларнинг илк хаёлий дунёсидан қанчалик узоқлашиб ва тараққиёт зиналаридан кўтарилган сайин бу мавзу яна ҳам қизғинроқ тус олди. Атом, космик кема асри бўлган ХХ асрда ҳам физика ва кимёнинг ютуқларига қарамай, мифология яна адабиётнинг асосий мавзусига айландики, оқибатда «неомифологизм» деган оқим пайдо бўлиб, миф ва адабиёт алоқаларини биринчи марта илмий ўрганишга киришди. ХХ аср илғор адабиётининг йирик намуналари бўлмиш «Улисс», «Сеҳрли тоғ», «Доктор Фаустос», «Қўрғон», «Жараён», «Вабо», «Педро Парома», «Ёлғизликнинг юз йили», «Сарторис», «Ғазаб ва шовқин» каби асарлар адабиётдаги янгиланиш, унинг имкониятларини кенгайтириш, юксак поғонага кўтариш мифсиз содир бўлмаслигини кўрсатиб бергач, миф ва адабиёт алоқаларини энди қуруқ сюжетлардан эмас, инсон психологиясидан излайдиган фан – психоаналитика юзага келди. Бу фан миф – аждодлар дунёсининг яралиши, олам ва маъбудлар ҳақидаги жўн ва чўпчакона онгсиз тасаввурларнинг йиғиндиси эмас, балки инсон психологиясининг бир қисми, инсон руҳиятининг ажралмас бўлаги эканлигини исботлаб бера бошлади. Қизиғи шундаки, ХVIII – ХIХ асрлардаги танқидий, романтик реализмларни ўзлаштирган, инсонни ўрганишда ўзигача бўлган бой тажрибадан унумли фойдаланган ХХ аср адабиёти инсон дунёси ва руҳиятини таҳлил қилар, ўзигача бўлган адабиётлардан ҳам кўра инсон руҳияти ва қалбига кўпроқ яқинлашар, уни тадқиқ этар экан, ана шу руҳият ва қалбда илк инсонлар дунёси каби мифологик тимсолларга дуч келди. Шундагина мифни фақат ифода усули, бадиийлаштириш воситаси сифатида эмас, балки инсонни таҳлил ва тадқиқ қилувчи поэтик тил сифатида қабул қилиш бошланди. Шу сабабли миф ва адабиёт алоқаси ҳақида гап кетганда бу алоқани фақат сюжетлаштириш ва тасвир усули, бадиийлик воситаси сифатида эмас, инсон руҳиятини акс эттирувчи поэтик тил сифатидаги ўрнига катта аҳамият бериш керак, зеро, Франц Кафка асарларида «Улисс», «Доктор Фаустос» каби параллел мифик сюжетлар эмас, балки ички ва ташқи оламдаги мифологик жараён моделининг яратилиши муҳимдир. Чунки инсоннинг ўз-ўзига ва ташқи оламга ётлашуви ва муносабати жараёни илк инсоннинг табиат ва илоҳларни культлаштириш жараёни ҳамда муносабатидан кам фарқ қилади. Инсон илк аждоди табиат, «илоҳ»лар олдидаги ожиз бўлгани каби бу ерда ҳам ўз тақдирини ўзгартиришга ожизлик қилади, ташқи ва ички олам жараёни мифологик модел устига қурилади. Шу сабабли ўз ихтиёридан ёт, олдиндан жараёнга маҳкум этилган ҳамда қўрғонни излаб йўлга чиққан ва уни тополмаган ХХ аср одамининг руҳияти, тақдири маъбудлар қўлида бўлган, тақдир тақозосига қарши қанчалик курашмасин, бари бир унинг қулига айланган, қанчалик истамасин, ҳеч бир воқеа ўз ихтиёри билан содир бўлмаган Эдипдан кам фарқ қилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам одам ихтиёрсизлик қурбонидир ва ҳар иккала ҳолатда ҳам инсон ўз-ўзига ҳамда ташқи оламга бегонадир, демак, турли даврларда яратилган асар ва қаҳрамонлар муҳити мифик муҳитдир. Мифнинг бундай кенг имконияти ва инсонни таҳлил қилишдаги ролининг беқиёслиги унинг адабиётнинг ажралмас қисми сифатида яшаб қолишини кўрсатдики, ХХ асрда эмас, умуман, инсоният шу
пайтгача яратган ёзма адабиётнинг бирон улкан намунасини мифсиз, миф иштирокисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Хўш, бу нимадан дарак беради? Адабиётга нега миф шунчалар «ёпишиб» олган? Адабиёт ва миф таъсирини қандай илмий асослаш мумкин? Умуман, нега адабиёт мифсиз яшолмайди? Нега мифсиз адабиётнинг умри қисқа? Бу саволга жавобни, бизнингча, икки нарсадан излаш зарур бўлади. Булардан биринчиси, инсоннинг ташқи олам билан муносабати ва уни қабул қилиш жараёнидир. Илк аждодларимиз ҳам худди шу ҳолатда мифларни яратган, яъни мифлар аждодларимизнинг ташқи оламга муносабати, уни жонли, ҳаракатда, дея тасаввур қилишлари, ана шу муносабатда инсоннинг тутган ўрнини белгилашлари, макон ва замин ҳақидаги тушунчалари оқибатида юзага келади.

(Давоми бор)

Манба: www.kh-davron.uz

This entry was posted in Uncategorized, Жаҳон халқлари фольклори, Крилл алифбосида. Bookmark the permalink.

Comments are closed.