”Ўтмишдан эртаклар” қиссасининг юраги

Саъдулло Қуронов

Ёзувчи янги бир асар яратаркан, идеалидаги ўқувчи билан ”мулоқотда” бўлади. Муаллиф асарнинг ўқувчига таъсири юзасидан атрофдан нусха кўчирмайди, аксинча, уни ўз тафаккурида қайта ишлайди, мақсад ва ғояларига тўйинтиради. Асар сюжети шундай бўлсинки, ўқувчи ундан зерикмасин, воқеалар шундай кетма-кетликда берилсинки, асар моҳиятини ўқувчи тўла англаб етсин. Ҳеч қандай ортиқча воқеа, ортиқча деталь бўлмасин, уларнинг бари асар композициясини ҳосил қилишда иштирок этсин.

Абдулла Қаҳҳорнинг ўтмиш ҳаётидан сўзловчи ”Ўтмишдан эртаклар” қиссаси адиб ижодий камолотининг маҳсули бўлгани ҳолда, унинг сюжети, ҳикояларнинг тутган ўрни, асар қаҳрамонлари ўта моҳирлик билан келтирилганки, улар ёзувчи мақсади, асар қурилиши учун тўла хизмат қила олади.

А. Қаҳҳор воқеликни бир неча мустақил сюжетга эга бўлган ҳикоялардан фойдаланиб тасвирлайди. Адиб асарни ёзаркан, унинг мақсади қолоқ, ўз-ўзига чоҳ қазиётган халқ тасвирини яратиш ва бунинг аянчли оқибатидан келиб чиқиб, хулоса чиқариш эди. Ёзувчи ўз мақсади йўлида жамиятни бир қанча типдаги образлар орқали барпо этади.

Бу қаҳрамонлар-уста Абдуқаҳҳор: адиб идеалига яқин, янгича фикрга эга шахс. Уста замонанинг бошқа кишиларидан фарқли ҳолда янгиликларни тўғри қабул қила олади, кези келганда ноҳақликларни, хатоликларни тап тортмай айта олади. Шу хислатлари туфайли замон уни хушламайди. Ҳар ёққа кўчиб юришга мажбур қилади. Ёлғиз отнинг чанги чиқмаганидай, энди уста Абдуқаҳҳор ҳам бошқалардай бўлишга, улардай фикрлашга маҳкум этилади.

Устанинг онаси бўлмиш кампир, қарияларнинг типик вакили сифатида келтирилган, у бир муҳитда қотиб қолган, ўзгаришларга кўниколмайди ва бошқаларни ҳам шунга мажбурлайди.

Тўрақул вофуруш ”ўликни ёғини” ялаган, ўз манфаатини кўзлаб иш тутувчи, зиқна ва муғамбир инсон эди.

Валихон сўфи даврнинг ”илмли” шахсларидан бўлиб, одамларга сўзи ўтгудай эди. Кўпчилик орасида обрўйи баланд одамларнинг, ”илм” кишиларининг бундай худбинлиги, ўқувчида замона ҳақидаги тасаввурни янада кенгайтиради.

Яна шундай одамлар ҳам бор эдики, улар замона йигитларини ҳезалакликда айблаб, барчани оёққа турғизган, лекин юзбошининг хуни учун йигирма деҳқонни олиб кетишаётганда жим қараб туравеган кишилар эди. Али-лайлак каби йигитлар ноҳақликларни кўриб, билиб турар, бунга нафрат кўзи билан қарар, лекин бирор чора кўришга келганда юракларидаги қўрқув бунга йўл қўймас эди.

Жамият қурилишида ёзувчи наздидаги охирги босқич одамлари ”Тешиктош” ҳикоясидаги Бабар типига кирарди. Бабар даврнинг умумий кўриниши, унда ўша замонни ортга тортувчи барча: жаҳолат, мутелик, қолоқлик, каби иллатлар мавжуд эди.

”Ўтмишдан эртаклар” қиссаси турли рангдаги гўзал тошлардан терилган мозаика кабидир. Агар мозаикани жуда яқиндан туриб кузатсак, гўзал тошларни-ю, уларни улаб турган чокларнигина кўра оламиз, холос. Лекин унга узоқдан қараганимизда, у бор гўзаллиги билан бутун бир санъат асарини ифодалайди. Аммо ўша бутунликни бирданига юқоридан кузата олмаймиз. Аввало, қисмларни ўрганиб, ўзимизни бутунлик сари тайёрлашимиз керак бўлади.

Агар юқоридаги қаҳрамонлар воситасида сюжетга назар ташласак, ”Тешиктош” ҳикояси адиб болалигига боғлиқ сюжет воқеаларига бевосита таъсир этмаслиги билан бошқа ҳикоялардан ажралиб туради. Яъни ҳикоя қаҳрамони Бабар, унгача яратилган бошқа образлардан (Кампир, Тўрақул вофуруш, Валихон сўфи ва ҳ.к) фарқли ўлароқ адиб ҳаёт йўлига алоқасиздай тасаввур беради. Ўз-ўзидан савол туғилади: Ёзувчи нима учун бу ҳикояни асар таркибига киритади?

Ҳа, бир қарашда ҳикоянинг асардаги ўрни у қадар аҳамиятли туюлмас, лекин яхшироқ мулоҳаза юритсак, бу ҳикоя асарнинг энг муҳим нуқталаридан эканлигини англаб етамиз.

”Тешиктош” ҳикоясидаги воқелик адиб болалигининг ёрқин, унинг учун энг таъсирли дамларидан бўлган десак, адашмаймиз. Асардаги биринчи ”Бир-икки сўз” боби сўзимизни тасдиқлаб турибди. Бабар билан бўлган воқелик ёзувчига боғлиқ ҳодисалар ичида бўлмаса-да, А. Қаҳҳор болалигини, яратилажак асарини усиз тасаввур эта олмайди. Демак, ҳикоянинг асарга киритилиши авваламбор ҳиссий эҳтиёж юзасидандир. Аммо воқеа фақат ҳиссий эҳтиёж натижасида олинса, санъат асарининг савиясига путур етган бўлар эди. Шу боис, улкан маҳорат соҳиби оргинал бир сюжет қурилишини яратадики, оқибатда ўз юрагини ларзага солган воқеа, қиссанинг юраги даражасига кўтарила олади.

Қиссадаги ҳар бир боб ўзининг муҳим вазифасига эга. Аммо ”Тешиктош” ҳикоясининг асардаги вазифаси ўз-ўзидан англашилмайди. Унинг ўрни асар моҳияти ва структураси билан боғланган ҳолда ойдинлашади. Ҳикоялар ўзининг тугуни, кульминацияси, ечимига эга. Лекин барча ҳикояларга яхлит бир ҳолатда, бир воқеликнинг кетма-кетлиги сифатида қарасак, улар бир сюжет чизиғига жамланади. Бу ўринда ”Тешиктош”нинг вазифаси нимадан иборат?

“Tешиктош”да лақма ”отқоровул юр деса юрган, тур деса турган, устидан ошириб ўқ узганда киприк қоқмаган” Бабар образи тасвирланади. Ёзувчи уни туҳмат билан отқоровул қўлига тушиб қолишида ҳам, совуқдан музлаб ўлишида ҳам, асосан ўзи айбдор эканлигини такидлайди. Айни пайтда асардан кўзланган мақсад ҳам (Бабарга ўхшаш қаҳрамонлар воситасида) ўтмишдагиларнинг турмуш тарзи, маънавий-маданий ҳаёти, сиёсий, ижтимоий қарашларини кўрсатиш орқали, жамиятнинг нақадар қолоқ ва жаҳолатга ботиб кетганлигини кўрсатиш эди. Жаҳолатга ботган замон кўринишини яратаркан, ёзувчи қаҳрамонларнинг кетма-кет асарга кириб келиши воситасида ҳолатни пастдан юқорига қарата ўстиради. Ҳар бир қаҳрамон умумлашманинг маълум бир қисмини тўлдиради ва замонани жаҳолат сари тортади. Энди шундай бир тип бўлсинки, унда замонанинг умумий кўриниши мужассамлашсин. У эса Бабар эди. Асарга ”Тешиктош”нинг киритилиши асар мазмуни ва ёзувчи яратаётган жамиятнинг тўлақонли бўлишини таъминлайди.

Асар композициясидаги ҳикоялар кетма-кетлигида ҳам ”Тешиктош”нинг ўрни юқори. Ҳар бир ҳикоя ўз кульминациясига эга, лекин умумий воқеликнинг ҳам кульминацион нуқтаси мавжуд. Агар биз ёзувчининг мақсади ўша давр умумий кўринишини яратиш деб билсак, ва шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда фикрласак, ”Тешиктош” ҳикояси маълум бир маънода асарнинг кульминацион нуқтаси эканлигини англаб етамиз.

”Ўтмишдан эртаклар” қиссасида жами ўн саккизта боб мавжуд бўлиб, фикримиз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда асарни шартли равишда икки қисмга: ”Тешиктош”гача ва ”Тешиктош”дан кейинги ҳикоялар тарзида таҳлил қиламиз. ”Тешиктош” ҳикояларнинг ўн биринчиси, унгача ”Бир-икки сўз”, ”Фалокатнинг шарофати”, ”Индамас”, ”Зингерли бой”, ”Ҳур қиз”, ”Худо”, ”Тўрақул вофуруш”, ”Бир палла тарвузнинг пўчоғи”, ”Валихон сўфи”, ”Одам заводи” каби ҳикоялар жой олган. Ҳикояларнинг бу тарздаги тартиби бир мақсад сари йўналтирилади. Яъни, ёзувчи шу ҳикоялар воситасида давр умумий кўринишини ҳосил қилади. У мақсадидаги тубанликка ботган жамият тасвирига ана шу ўн бир ҳикоя воситасида эришади. Ҳикоялар бирин-кетин ёритиларкан, жаҳолатга ботган жамият кўриниши ўсаверади. Ҳикоя қаҳрамонлари жамият аҳлининг маълум бўлаклари сифатида келтирилади, сўнгида жаҳолатнинг энг юқори чўққиси, кульминацияси сифатида ”Тешиктош” ҳикоясининг қаҳрамони Бабар асарга киритилади. Энди ундан юқориси, ундан ортиғи бўлмайди.

”Тешиктош” асарнинг кульминацияси экан, дастлабки ўн ҳикоя тугун, воқеалар ривожини ташкил этади. Кейинги ҳикоялар эса ечим вазифасини ўтайди. Дастлабки ҳикояларда ўсиш, ривожланиш мавжуд бўлиб, буни қаҳрамонларимизнинг узлуксиз кўчиб юриши ва асарга кираётган қаҳрамонларнинг жуда ҳам сермаҳсуллиги билан изоҳлаш мумкин. Асардаги тугунни биринчи кўчишга сабабчи бўлган, ”Фалокатнинг шарофати” бобида Олим буванинг опаси, устанинг ”шайтон аравасидан” чўчиб ўлгани ва буванинг қизи устани ҳаёсизликда айблаб, отасига айтиб берган воқеа яратади. Конфликт уста Абдуқаҳҳор оиласини турли жойларга кўчишига сабабчи бўларкан, ўз-ўзидан воқеалар ривожлана боради, шу кўчиб юриш асосида ёзувчи ниятидаги жамиятни тасвирлайди.

”Тешиктош” асарнинг марказида. Моҳиятан дастлабки ўн ҳикоя бир тараф-”Тешиктош” бир тараф. У ана шу ҳикояларни умумлаштирувчи, улардаги мазмун-моҳиятни ўзида жамловчи бобдир. ”Тешиктош” ўзича мустақил бўлиб, умумий мазмунга бирика олмаётган бобларни бирлаштиради. Яъни ўн ҳикоянинг мустақил маънодаги тартиби, ҳақиқатан ҳам ўқувчида тубанликка ботган жамият тасвирини яққол гавдалантира олса-да, муайян хулоса чиқаришига барибир нимадир камдек туюлади. Сюжетдаги шу ғализлик буюк истеъдод соҳибининг эътиборига тушган бўлса ажаб эмас.

Дастлабки ҳикояларни ўқирканмиз, тубан жамият тасвирининг турли кўринишдаги, бир қанча бўлаклари ҳаёлимиздан тарқоқ, ўзаро боғланмаган ҳолида жой олади. Жамият ҳақида маълум бир тасаввурга эришсак-да, ёзувчи уқтирмоқчи бўлган хулосадан йироқда қолаверамиз. Асарга ”Тешиктош”нинг кириб келиши ўқувчида қатъий хулоса чиқариб, бундан ортиғи бўлмаслигига ишонтиради ва кейинги, ёзувчи мулоҳазаларига тайёрлайди.

Айнан ”Тешиктош” ҳикоясидан кейин асар мазмуни ва структурасидаги бурилишни сезиш мумкин. Бу кульминациядан кейинги ечимга томон бурилиш эди. ”Тешиктош”дан кейин ”Оқпошшонинг арзандаси”, ”Дукчи эшон кўланкаси”, ”Арафа”, ”Кўза”лар”, ”Муҳаммаджон қори”, ”Бир бошга икки ўлим”, ”Қўқон харобалари орасида”, ҳикоялари ўрин олган. Эндиги ҳикоялар ҳам юқоридагиларга ўхшаса-да, А. Қаҳҳор улардан ўзга мақсадлар сари фойдаланганлиги яққол сезилади. Ҳикояларда қаҳрамонларнинг кўчиб юриши, янги образларнинг киритилиш ҳолатлари кузатилса ҳам уларни ёзувчи мақсади билан эмас, балки бошидан ўтказганларининг шартли баёни сифатида шарҳлаш лозим. Яъни улар воситасида жаҳолатга ботган жамиятни тасвирлаш эндиликда ёзувчининг асл мақсади бўлмай қолди. Адиб ўша мавжуд жамиятнинг маълум ҳодисаларга бўлган муносабати орқали, вазиятни таҳлил қила бошлайди. Мардикор олиш, ”босмачилар” ҳаракати, инқилобдан кейинги ҳолатларга муносабат-буларнинг барчаси жамиятнинг ўта қолоқлашиб кетганлигидан далолат бериб, ёзувчи ”Бундай халқ билан нимага ҳам эришиш мумкин эди?” деган савол атрофида мулоҳазалар юритади…

Шу тариқа ”Тешиктош” ёзувчи маҳорати эвазига асарнинг ажралмас қисми, композициянинг асосий унсурларидан бири сифатида келтирилади.

Қиссани ўқир эканмиз, адибнинг”Тешиктош”га бўлган ўзгача муносабати яққол сезилади. Бабар адибнинг умри давомида ўйлантирган, қийнаб келган одамларидан бўлса ажаб эмас. Зеро, асарнинг бошланиш нуқтасидаёқ ( “Бир- икки сўз” бобида ) Абдулла Қаҳҳор Бабарни тилга олади: ” ” Ўттизинчи йилларнинг ўрталарида болалигимни ўйлаганимда чалакам-чатти туш кўргандай бўлган эдим: думли юлдуз чиққан эди; Бабар (Бобир бўлса керак) йигитни отқоровул милтиқ билан отганда ўлмаган эди, шунда отқоровул одамларга юзланиб: ” Ёпирай, бунақа баттол ўғрини умримда кўрган эмасман, устидан ошириб ўқ узибману киприк қоқмайди-я!” деган эди”. Воқеани кўриб турган Абдулланинг жажжи юраги бундан таъсирлангандир? Ҳаёти давомида бундай одамларни кўп кузатгандир? Бошқа бир қанча асарларидаги қаҳрамонлар ҳам шунинг аксидир? Балки асарнинг яралишига сабабчи бўлган омиллардан бири ҳам шу Бабардир?..

This entry was posted in Адабиётшунослик, Крилл алифбосида. Bookmark the permalink.

Comments are closed.