Kategorier
Крилл алифбосида Мақолалар

Хусуматнинг сурати

Умида Абдуазимова ижодидан

-Менинг юрагим ёниб кетаяпти. Бу ёнғинни ўчиришга қурбим етмаяпти. Чунки хотира ҳамма вақт ҳам оёққа туравермас экан.

Нега одамлар бир-бирларининг бошига турли балоларни солишади? Кўнгилнинг ёп-ёруғ кўчаларига зулмат бостиришади? Ахир улар эмасми, оламни давом эттирувчилар? Нега унда бир-бирларига чоҳ қазийдилар? Улар сабаб, охири кўринмас замин шу қадар торми?

Қабристонда ётар одамлар,

Кундузларин алмашиб тунга.

Келмадилар, йўқ, келтирдилар,

Одамларни одамлар бунга!, деб шеърлар ёзаман, шуларни ўйлаб ўзим ўзимдан озаман…

-Мен осмонда учиб юрган эканман. Оламда шундай одамлар ҳам бор эканки, бир лаҳзада пастга тушириб қўйишар экан, деб панд-насиҳат ҳам ўқийман, ўзимга!

Ростдан ҳам, ҳаммага ишонибман, ҳаммани яхши кўрибман. Холбуки, мен ишонганим, ҳар куни дилдан сўзлашиб, бирга тушлик қилганим, ўзимга дўст билганим, қувонч ва ташвишларимдан хабардор бўлганим кўнглида қароликлар ғивирлабди, тинчимни ўғирлабди…

Ногаҳон бир лаҳча чўғ куйдирди мени,
Шу бир парча чўғ очиқ куйдирди мени,
Боладек чўққа куйдинг, деяпсизми, йўқ,
Бир найрангбоз, мунофиқ куйдирди мени.

Ҳаммаси, бир кунлик хизмат сафарига кетган кунимдан бошланди. Ишга яхши таассурот билан чиқдим. Стол тортмасини очдиму ҳанг-манг бўлиб қолдим. Тўлалигидан зўрға ёпганим — қоғоз папка бўшаб қолганди. Унда биринчи қўлёзмаларим, бир катта инсоннинг (охирати обод бўлсин!) китобимга ёзиб берган тавсияномалари бор эди!

Илк машқларинг илк севгинг каби азиз бўларкан. Йиғлаб ҳам олдим. Кимга керак бўлибди у қоғозлар?..

— Синглим, сиз энди йўқотяпсизми, — деди ҳамхонам оддийгина жилмайиб. Менда ҳам кўп шундай бўлган…

Уйга умид билан қайтдим. Чунки ишхонадаги айрим қўлёзмаларимни уйга ҳам олиб келиб қўйгандим-да. Орзиқиб ўша сумкани очдим, аммо улар ўрнида, ғижимланган қоғозлар, кераксиз картонлар турарди! Бунчалар ҳам содда бўлмасам! Уйга олиб кетаман деб, уларни икки-уч кун ўша ерда қолдиргандим-да!

Кўп ўтмай, ҳамхонам ишга келмаётган кунларда унинг столидан айрим ҳужжатларни олаётганимда… йўқотган қўлёзмаларимдан бир варағини топиб олдим!

Кундош — кундошга пахта, овсинлар эса бир-бирларига тош отади, — деган гапни бувижонимдан эшитгандим. Кундошлар кайфияти — улар учун ягона бўлган эркакка таъсир қилармиш. Овсинлар эса мол-мулк талашишаркан… Аммо, менинг қувонч ва кулгуларимга шерик, орзу-ўйларимнинг сирдошига айланиб қолган бу аёл на «овсин»им, ва на «кундош»им! ..

Мен яхшидан ёмонни, душмандан дўстни,
Ажратолмай ўтяпман қон қилиб ўзни.
Бир куни шу қон билан ювинтираман,
Менга аталган тиғни, қадалган кўзни…

Беихтиёр у ҳақда айтилган бир гапни эслаб қолдим:

— Сиз заҳарли илоннинг офтобда ётганини кўрганмисиз? Бу роҳатдан илон ўзини ҳар тарафга отади, кулча бўлиб, тангачаларини жилолантиради. Чунки илон ўша дамларда заҳар тўплаётган бўлади. Бир куни ўша заҳарни бетингизга шундай туфлайдики, қочгани жой тополмай қоласиз! Опангиз ҳам бамисоли илон, эҳтиёт бўлинг!..

Эҳтиёт бўлишликни эса, билмабман…

Ҳаётда оқ ранг бўлмаса, қора рангни ажрата олмаймиз. Ёмон одам бўлмаса, яхшини танишимиз қийин. Улар ўзимизни ўзимизга «танитиб» турадилар. Ўзгаларнинг хотиржам ҳаёти ва шодликларини кўролмай, уларга дилхираликлар келтирадиган одамларнинг инсофини сўрайман. Чунки биз бир макон ва бир замонда яшаётган эканмиз, эллик йил кейин ёки юз йил аввал дунёга келсак, бир-биримизни кўролмасдик, бир-биримизга бунақа ёвқарашда туролмасдик. Шундан ҳикмат ахтараман-да, кўрар кўзим, юрар изимизни янада равшан айлашга интиламан, ёзаман, яна ё-з-а-м-а-н!

Ҳамма билан бўл яхши муомалада,
Қўполлик йўқ зиёли таомилида.
Одам Ато ҳам МомоҲавоимиз бир,
Бириси падар бўлса, бири волида.

Манба: fikr,uz