Ижодкор мухлисдан мактуб

Салом, Саодат опа!

Мактубингизни олдим. Эътиборингиз учун ташаккур!
Хатингиздан анча олдин,чамаси бир-икки ой бурун “наззора” сўзининг маъносини билувдим. Шундаям, жавоб йўллаганингиздан хурсандман. Яна, мухлису китобхонга эътиборчил одамлар борлигидан суюндим.
Очиғи, швед адабиёти (аслият) дан таржима қилиб хайрли ишни бошлабсиз. Ҳавасим келди. Бир-икки таржималарингизни архивимга олиб қўйдим.
Имкони бўлса, шведларнинг табиати, характери, тоғлари, боғлари, кўллари, дарёлари, адирлари, қўйингки, бутун тийнати акс этган прозаларни ўзбекчалаштирсангиз зўр иш бўларди! Худди канадалик шотланд адиб Эрнест Сетон-Томпсонни Тоғай Мурод ўзбек болаларига содда ва равон таржима қилиб бергани каби.
Жавобингизда “Шеърга қизиқишингизга қараганда шеър ёзиб турсангиз керак, жўнатинг” дебсиз. Лутфингизга лойиқми, йўқми, ишқилиб бир-иккита қораламаларимни жўнатаяпман.
Хато ва қусурлари учраса олдиндан узр сўрайман.

Самимий ҳурмат билан укангиз Анвар (Суюнов).

Тун манзараси

Оқшом чўка бошлар, жунжикади эт.
Ҳоким бўлиб кезар музлар нафаси,
Умрдан ҳам ўтди бир саҳфа, бир бет,
Бир кунлик ғурбатнинг ўчмоқда саси.

Мов мушук тинчиди, итлар ухлади.
Тун забтига олди кўҳна дарёни,
Унда ташвишлар ҳам сокин оқади,
Аллалаган каби телба дунёни.

Улуғ мақсадлар ҳам тин олар бир пас,
Эзгу ғоялар ҳам хуррак отади.
Ҳатто болаликда уйғонган ҳавас,
Бу чоғда донг қотиб ухлаб ётади.

Кўкда маюс кезар бесару сомон,
Булутлар ортида қўрғонлаган ой.
Шерик тополмасдан сузади ҳамон,
Ўлик мавжудотдан ранжиб ҳойнаҳой.

Кечмиш ва келажак бир сутка бўлиб,
Қўл бериб хўшлашган ноёб лаҳза бу.
Балким, майса каби шудрингни сўриб
Кўкка ўрлаётган янги сабза бу.

Оқариб келади кунчиқар фалак,
Юлдузлар ортига кетади қайтиб,
Яна ташвишлардан беради дарак,
Хўрозлар ҳар галги қўшиғин айтиб.

Истак

Болалик чоғларим гоҳида узоқ,
Боқар эдим тубсиз фалакка.
Булутларга ёндош учган чоқ,
Лол қолардим митти читтакка.

Шунқорларга келган ҳавасим,
Кўк юзини забт этган бот-бот.
Хаёлимда этардим таслим,
Лекин менда йўқ эди қанот.

Шундай ўтди йиллар галма-гал,
Осмон мендан йироқлаб кетди.
Мен кутмаган чоғда, бемаҳал,
Ҳаёт қуши қўлимдан тутди.

Энди ўша шунқор мисоли
Орзуларим кетди олислаб,
Фақатгина читтак хаёли
Хотирамда қолганди музлаб.

Аслида ҳам ҳаёт – бу осмон,
Ниятларим – оппоқ булутлар.
Ўртамизда кезар бегумон,
Ташвиш – деган дайди бургутлар.

Аммо бир ҳис тинч қўймас мени,
Умр отлиқ отим қистайман.
Бургутлардан ўзиб ҳар куни –
Баландроқда учмоқ истайман.

***
Самони тўлдириб абри-найсонлар,
Безовта руҳимга ташлаётир из.
Олис кенгликлардан муродбахш онлар,
Умрим довонига мўралар сўзсиз.
Баҳор чорлаётир қошига бизни,
Демак, учратгаймиз яна Наврўзни!

Офтоб забтга олиб қорли қоялар,
Олмос жилосини васф этар чунон –
Музликларга тушган нурли соялар,
Дилбар ирмоқларга бахш этади жон.
Демак, эврилишдан бошланган бу дам,
Наврўз дегандир – нуроний байрам.

Булбул висол айлаб субҳидам чоғи,
Саррин қўшиқларин айлади хониш,
Даставвал уялчоқ бодом ёноғи,
Келинчак мисоли қилар тавозиш.
Турфа табиатда даври исён – Бу,
Наврўз деб аталган дилхуш замон – Бу!

Момолар бир-бирин қутлашар бешак,
Чоллар янги йилга йўнишар ҳасса.
Дошқозонлар тўлиб қайнар сумалак,
Мўтаъбар онларда мумтоз шаъаша.
Лолалар юзида соҳир табассум.
Демак, Наврўз бизни сийлади бир зум.

Во ажаб, шу лаҳза топдим мен ўзим!
Оташ туйғуларга эврилди ихлос.
Қайтиб келмас энди кетган Наврўзим!
Қайтмагани каби ёшликдаги овоз.
Азизам, фалакда чақнар бир юлдуз,
Бу бизнинг Баҳордан қолажак Наврўз!

Ғўр булут қисмати

Кўкка учар бўлди денгиз бўйидан,
Оппоқ – шалоладек парланган булут.
Қавмидан ажралиб қочди-ю бирдан,
Жануб томонларга йўл солди ҳай-ҳуйт.

Учиб кетаберди мавҳум томонга,
Улкан кенгликларни кузатиб узоқ.
У назар солмади атрофга – ёнга,
Қаршисидан чиқди ҳайбатли бир тоғ.

Ошиб ўтмоқликни айлади ҳавас,
Кўрсатмоқчи бўлди даставвал кучин.
Юқорига сузди шаҳд билан бир пас,
Чўққи йўл бермади, бироқ у учун.

Ҳайҳот! Сингган эди қоя бағрига,
Минглаб булутчалар шудринг мисоли.
Мудҳиш ажал бўлиб қолмиш барига,
Баҳайбат чўққининг ўрмонзор ёли.

У ҳам чарчади-ю келиб қўшилди,
Арчалар қўйнига рутубат бўлиб.
Шу чоқ ҳақиқатни англади. Билди,
Ташна майсазорлар ётарди ўлиб…

Манзара

Ҳаволаниб чопар оламон,
Чопар, билмай ўнгу сўлини.
Жилов бурган маррага томон,
Чангитиб кетади йўлини.

Кетмоқдалар шамоллардан тез,
Билмам кимнинг ошиғи олчи.
Бамисоли бариси шу кез,
Машҳар куни йўл олган йўлчи.

Гоҳ ёмғирлар қуяди юм-юм,
Уст-бошларни этар шаллабо.
Гоҳо бўрон қилади ҳужум,
Лекин улар беишқ, бепарво.

Кичик, катта, новча ва йўғон,
Қора, сариқ, буғдойранг юзлар.
Тебранади тарози – ЖАҲОН,
Мувозанат билмайди улар.

Кўк юзида тинч бир макон йўқ,
Илма-тешик унинг кўкси ҳам.
Қўйиб борар ранглари совуқ,
Морофончи – заъфарон одам.

Не мурод сўнгги маррада?.
Завқ – ҳаётнинг кумуш жиғаси!
Улар изи қолган заррада,
Урчиб ётар Тарих яраси…

Саратон тасвири

Адирларда ял-ял ёнар саратон,
Офтоб қовуради еру осмонни.
Сим-сим терлаётир бу чоғда замон,
Қучоғига олиб турфа жаҳонни.

Тошлоқ қояларда қуёш нурлари –
Тошларга тиркалган оловли ҳанжар.
Шундай лаҳзада ҳам тоғ бургутлари,
Тубсиз самоларда муаллақ кезар.

Ковраклар тагида ҳаллослаб каклик,
Сояки тупроққа уради тўшин.
Дарбадар қарғалар сезади ҳадик,
Босиб келаётир оловли қўшин.

Босиб келаётир ўтли ҳарорат,
Турфа мавжудотни пиширгали – У.
Минг йиллик арчалар ичида фақат,
Нажот топа олгай кун урган оҳу.

Чарсиллаб ёрилар ғўраки бодом,
Бамисли чўғдонга бера олмай тоб.
Жизғанак борлиқнинг муздайин оқшом,
Тафтини олади бағрикенг маҳтоб.

Кунлар асрларга татийди бу кез,
Ҳил-ҳил сониялар ўтар бирма-бир.
Олис кенгликларда ўйчан ва ёлғиз,
Фақат чўпон бобо айтади такбир.

Ҳали олдиндадир қўзипишиғи,
Нурли келажакнинг заҳмат они – Бу!
Сўнмас ироданинг саратон тиғи –
Забтга ололмаган метин жони – Бу!

Турар асосига суяниб узоқ,
Нигоҳида кезар йиллар жамоли.
Ўйларин банд этган дафатан шу чоқ,
Мурғак набиранинг мунис хаёли.

Олис манзилларга тиккан у кўзин,
Минг бир оташга ҳам бор унда бардош.
Ҳали миттигина авлоди учун
Авжи саратонда турар елкадош.

Пилдираб учади муллатўрғайлар,
Буталар остидан топай деб паноҳ.
Кишнаб юборади лол қолиб тойлар,
Ўт ичра чўпонни кўриб баногоҳ.

Кунлар ўтаверар тебраниб секин,
Яна эса бошлар хазонрез шамол,
Музаффар чиқади дунёда лекин,
Оташ лаҳзаларда тобланган хаёл!

Яна замин узра таратади бўй,
Кузак ёмғирининг намхуш нафаси.
Қайгадир йўқолар кўрсатмасдан рўй,
Ҳорғин саратон ҳам чиқмасдан саси.

Чавандоз фалсафаси

Чавандоз тулпорин чиқарди томдан,
Сўнгра яккамихда совутди узоқ.
Волидаси олиб эски тахмондан,
Бошига кийгизди қадимий бошмоқ.

…Қарчиғай самога сапчиди учқур!
Белида мағлублик билмас паҳлавон.
Ортидан боқади йўқотиб ҳузур –
Дуо айтганича онаси гирён.

Полвон қўймас сира ушбу одатин –
Беаёв кўпкари – кожбахт бир кечмиш…
Ҳамон ниқтаб келар самовий отин,
Баҳсу курашларда ҳузур бор эмиш…

Ҳикмат

Йироқ юлдузлардан ахтарма мени!
Коинот қўйнидан излама зинҳор.
Мен, бу кун қақраган замин бағрини –
Бир пасга уйғотган беқўним Баҳор.

Чечаклар бўйидан баҳра ол бир пас,
Олис манзилларни ўйлаган дўстим.
Югурик умрга завқ бера олмас,
Ташвишлар қўйнига жо бўлган тилсим…

Қизғалдоқ жомидан шавқ ич, биродар
Хазон япроғига айлама ҳавас.
Ёшликда чекилган афсус ва кадар,
Сўнгги манзилгача бўлади қафас.

Чашмалар сиридан гувоҳ бўл шу тоб,
Камалак мисоли у рангин маъво –
Ташлаб кетмагандек заминни офтоб,
Бизни тарк этмасин жўшқин бу ҳаво!

Назар сол сертуман тоғлар бошига,
Жўшиб эримоқда муз қотган шукуҳ.
Дилбар ариқларнинг қайроқ тошига,
Гўзаллик бахш этар ҳамалдаги руҳ.

Жилғалар юз буриб жилвагар – ўктам,
Ўшқирган тоғлардан қочмоқда бу чоқ.
Майсалар учида чақнаган шабнам,
Тонг чоғи дилларга ёқилган маёқ.

Адирларда кезар бетакрор бир ҳис,
Ошиқлар қалбида жунбушга келиб…
Баҳор бу – ийманиб довдиратган қиз.
Баҳор бу – муҳаббат ҳамиша ғолиб!

Мезон шабгирида увушмасдан эт,
Бу дилбар лаҳзадан ором ол сен ҳам.
Умрлар ўтади дўстим шу тахлит,
Сен мени ахтаргин сени тарк этсам!

***
Кузда баҳор ҳақида шеър ёздим.
Чиқмади!
Зўр бериб изладим ўтли сўзларни.
Ғализ жумлаларга тасвир етмади,
Чизиб беролмадим яшноқ кўзларни.

Тоғ-тошлар муз қотиб қолгандай гўё,
Нимжўш рутубатга ўхшар мисралар.
Намтортар қуёшда парланган дарё –
Мисоли килкиллар мавжсиз қатралар.

Сабо, сабо эмас бунда – қоғозда:
Ачимсиқ тутунни уфурган эпкин.
Барини билдиму шўхчан овозда
Ўқиб.
Ёзавердим тўхтамай лекин.

У шеър йўқ бўп кетди билмадим қай кун.
Балким, столимнинг ғаладонида…
Бироқ мерос бўлди мен учун бугун,
Ҳар не бўлса бўлсин ўз замонида.

Болалик ҳам келсин ўз даври билан,
Ёшлик,
ўспиринлик,
теран қарилик.
Пайтида айтилса ёр-ёру ўлан –
Дерлар: Бу рўзғордир номи Яхшилик.

Бедов кўпкарига солинар азал,
Олтида, олтин тиш – озиғин ёриб.
Йигит – йигитлигин кўрсатар маҳал,
Ўн еттига тўлиб, хизматга бориб.

Қизлар ўн олтидан ошганда – алвон,
Лола уялгудек нуқси-чиройи.
Сарвни дол этади шаксиз, бегумон,
Жамалак сочларнинг бўй етган жойи.

Ҳа, шундай!
Ҳар ненинг мавриди бордир,
Ҳар ненинг ўз вақти, соатлари ҳам.
Авжи кузда гулни очиш бекордир!
Нега шуни пайқаб олмади каллам…

Майли…
Ўтган ишга саловот дерлар,
Майли…
Менга йўйинг шеърнинг уволин.
Энди кўришмайди фикри кабирлар,
Шармандали баҳорнинг ҳолин…

Она

Атрофида бир этак жужуқ:
Таранг дунё – бамисли бозор,
Ивирсиқ жун, тошсалла урчуқ,
Пичирлайди ненидир такрор
Жиккаккина аёл…
дам билмас дастёр…

Қўқиб кетган уй,
униққан бўйра,
Диққинафас ҳаво кезар сарсари.
Қора човгум буғ отади паға-паға,
Ая чой ичамиз дейишар бари
Чойга уннар келажакнинг оналари.

Тизилиб ўтирар пўстак устида,
Катта-кичик пилдироқ жонлар.
Бир ҳовуч қаҳати ёнғоқ дастида,
Тортқилашар митти бобожонлар
Камшикоғиз…
шаддод моможонлар.

Бирма-бир расамад қилади аёл,
Олтита оғизга бешта ёнғоқни.
Ўзи-чи
кузатар,
шод – мамнун хаёл,
Тинчитиб серғалва Шому Ироқни
Ўртага тикди-да
тинчлик – байроқни!

Дунё таранг, бозор ҳеч гапмас,
Болалар-чи ҳиссиз,
кўзлари ҳам лўқ.
Сертакаллуф – мўмин
асло сен демас,
Сиз-сизлаб дунёга уришади дўқ,
Аммо энди… оналари йўқ.

Тошбулоқ

Бир тараф – шағирлаб оқиб тушган тош,
Бир тараф – ҳайбатли тиккайган қоя.
Қиш сийнаси каби ҳислар яланғоч,
Замҳарир кенгликдан тилар ҳимоя.

Осмон бамисоли тескари қудуқ,
Туйнукдан боқади муз еган қуёш.
Аёз учаётир авзойи бузуқ –
Ёрилиб кетгудек совуқ урган тош.

Тарам-тарам бўлиб ўнгир лаблари
Ёрилди. Бўронга топмади чидам.
Ҳув эски қайрағоч – қиров қалъаси
Йиқилди. Жон таслим этмоқда у ҳам.

Қотиб қолган гўё пўлат зирҳ янглиғ,
Шамоллар зарбидан ширадор тупроқ.
Бироқ бир манзара мавҳум, ноаниқ:
Муз ёриб, буғ отар эски Тошбулоқ.

Бамисли лавадек ҳаволанар буғ,
Қаҳратон забтини кесиб боради.
Шу митти чашмага минг бора қуллуқ!
Қор кечиб, шилдираб кетиб боради…

17.02.2010й

Омоч

Отдан ечиб олишиб уни,
Тираб қўйди эски охурга.
Зах том ичра энди ҳар куни,
Талпинади безавол нурга.

Соғинган у офтоб тафтини
Идраб кетган ёғочлари ҳам.
Қўмсар қайноқ тупроқ кафтини
Тишларида моғор билан нам.

От сағрисин ҳароратини
Туйиб ҳар кеч тўкади кўзёш.
Ажратишган ундан отини
У ташландиқ, бенаво омоч.

Йиллар шундай ўтарди бир-бир,
Эски матоҳ ортиқча уйга.
Шундай ўйлаб бир куни охир,
Келтиришди уни музейга.

Ҳозирлашди ойнабанд кўшкни –
Унинг учун мангулик бир жой.
Аслида ҳам йиллар ўчини,
Қариликда олар ҳойнаҳой…

Баҳор қайтиб келса…

Баҳор қайтиб келди…
яна боғимга.
Нурли шафақларда рангоранг бўлиб,
Чечаклар из солар…
ҳофиз дилимга,
Кумушранг аёзнинг қутқуси ўлиб.

Боз ҳаёт қўшиғи куйланар энди,
Камалак – сўзимни эшгувчи чилтор.
Бодомнинг ифори руҳимга энди,
Нафосатга эгиз – мусаввир Баҳор.

Бир зум шамол булут уюриб
сепалар ёмғир,
Кенгликларда тупроқ ҳиди сузади.
Дарбадар тошқинни ҳовучлаб ўнгир,
Янги бир ўзанга ирмоқ чизади.

Чопқинлаб-чопқинлаб оний лаҳзалар,
Еллар нафасидек ўтиб кетади.
Ҳар баҳор қалбимни ўйиб алҳазар!
Ҳар баҳор умримни ситиб кетади.

15.04.2010й

Тўфон

(Афсонадан)

Кучли шамол турди
мағриб томондан,
Ғози йўқ тупроқни кўтарди…
Қуюн бўлиб тўсатдан
афсонавий жиндек йўталди…
Қабоҳат
разолат
қиёмат сари
юз бурди замон.

Полвон қамчи ўйнат,
баковул зот айт!

Айт, тўйчибобонинг давлатидан,
Сермастланган бўталоқнинг савлатидан,
Ларза солиб гижинглаган Ғиркўк отнинг
Бу майдонга туёқ урган – дастхатидан!
Айт, баковул Қур келди – сурур келди,
Тақимизўр полвон билан ғурур келди,
Кўпкаридашт буғ кўтарган лаҳза бу чоғ,
Майда одам хаёлига путур келди.
Чалқайиб керилган бунда бўз йигит,
Узанги эшмоқда зот айт, баковул!
Қирмиз юз, бодомкўз, рўмоли тивит,
Санамжон кутмоқда, зот айт баковул!
Туёқлар тарсиллар, юрак гурсиллар,
Гурсиллар тоғларнинг қозондараси!
Ҳей, сиз назаркарда баковул эллар
Бир имо кутмоқда отлар галаси.
Айтинг, момоларнинг қалбидан ўйиб,
Олис келажакка мерос сўзларни.
Шу сўзлар шаънига сағана қўйиб,
Гўдак авлодлар ҳам эслар сизларни.
Эсланар номингиз қалблар тубида
Ёд этар шаҳарлар, эслайди овул.
Симдай ботган қамчиларнинг зарбида
Пишқирар бедовлар, зот айт баковул!
Симиллаган қаҳратоннинг забтин кесиб айт,
Қўчқор, буқа, той, туяни эшиб-эшиб айт,
Бу даврада улоқ бўлсин орият, номус,
Ҳайқир, эй баковул! Жондан кечиб айт.
Ҳов, ана тоғлардан кўчган кўчкидек
Бир уюр келади, бамисли довул.
Жийрон, тўриқ, буврил – камон ўқидек
Учиб келаётир, зот айт баковул!

Далалар қўйнида кезар бир товуш:
“Ҳалойиқ эшитинг! Той тикдим” деган
“Тўйчибобонинг борини тўкдим” деган
“Олакўз, ғирромингни сўкдим” деган
“Ол! Шунга, мен бир гилам ўтдим” деган

Ол-э, чавандозлар! Баковулинг солим айтди…

This entry was posted in Крилл алифбосида, Шеърлар. Bookmark the permalink.

Comments are closed.