Kategorier
Крилл алифбосида Мақолалар

Хақни излаб

Маҳмуд Журъат

Қадимий манбаларда туркий сўзлар

Миллатнинг шавкатли тарихи унинг буюк солномаларида жамулжам бўлиш баробарида тилида ҳам акс этади. Тилнинг лексик бойлиги замонлар ўтиши билан ўзгариб бораверади. Архаиклашиб истеъмолдан чиқиб бораётган сўзлар ўрнига янгилари кириб келаверади ва орадан асрлар ўтгач, қўлёзмаларда қолиб кетган ўша архаик сўзларнинг маъносини топишга қийналиб қоламиз. Оқибатда турли чалкашликлар, тусмоллашлар рўй беради ва матнларнинг маъноси бузилиб, қозоқ шоири Ўлжас Сулаймонов таъбири билан айтганда, қадим манбалардаги “хўроз” сўзи русча “гораздая птица”га, Игор солномасидаги бахши, достонни куйлаб берувчи сказитель баёнчи – Боян вещийга айланиб қолади.Масалан, буюк бобокалонимиз Култегиннинг “Фалакдай худодан бўлган турк доно ҳоқони бу дунёга келдим, сўзимни тугал эшитгин, орқамдаги иним, жияним, ўғилларим, иттифоқ-уруғим, халқим, ўнгдаги шаданит беклар, чапдаги тархонлар, буйрук беклар, ўттиз тўққиз ўғиз беклари, халқим, бу сўзларимни яхшилаб эшит, диққат қилиб тингла”, деган тошбитиклардаги айрим сўзларига тишимиз ўтмайди. Айтайлик: “буйрук”, “шаданит” ва бошқа шунга ўхшаш сўзларидир.
Лекин яқин ўтмишимизга назар ташласак, бу ҳам ҳолва эканига шоҳид бўламиз. Туркий алифбода битилган қадимги тошбитиклардаги ёзувлардан бегоналашиб, уларни ўқий олмай қолган эдик. Бугун Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк» асаридаги сўзларни қай даражада биламиз? Ваҳоланки, ўша замонларда туркийлар отни 72 сўз билан, мисол учун: чўбир, саман, йўрға, аблақ ва бошқа атамалар билан ажратган. Тилимизда биргина шамолни англатадиган 30 дан ортиқ сўзлар бор. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам соф туркий сўзлар эмас, лекин уларнинг аксарияти тилда ҳамон фаол истифода этилади.
Мана, шамолни англатадиган сўзлар: шамол, шаббода, шарпа, бўрон, бода, буюқ, гармсел, гирдибод, довул, ел, елвизак, елпинчоқ, изғирин, насим, сабо, самум, тайфун, тўзон, тўфон, талғағ, тўпи, учоқ, уюрма, эол, эсин, эпкин, қасирға, қуюн, қаз.
Маълумки, ўтмишда аждодларимиз “сак-шак” қабилалари, деб ҳам аталган. Бу хусусда фанда турли фикрлар мавжуд. Лекин негадир бизга Шарқникидан кўра Европа, асосан, рус манбалари яқинроқ. Ҳинд манбаларида сак-шак қабилалари тарихда Канишка империяси ҳудудларида яшагани аниқ кўрсатилади ва “сак-шак” сўзи ҳозирги ҳинд тилидаги “шакямуна” – “саклар авлиёси” (муна санскритда авлиё) маъносини англатиши айтилади. Бунинг учун Ашвагхошанинг “Будданинг ҳаёти” ёки Калидасанинг “Сакунтала” асари ўрганилса кифоя.
Ҳозирда Ўрхун-Энасой даштларида буюк битиктошлар ётибди. Уларда ҳарбий ва дунёвий унвон сифатида юқорида зикр этилган “шаданит” сўзи “шад, шуд, шод” шаклларида учрайди. Айни шу унвон Чингизхоннинг ясосида, ҳарбий низомларида тилга олинади.
“Ясо” сўзи эса Қадимги Римда “yusun”, (ҳозирги “юстиция” сўзи шундан келиб чиққан) шаклида учрайди ва у урф-одатларга асосланган оддий ҳуқуқни англатади. Оддий урф-одатга асосланган ҳуқуқ тизимини билдирувчи сўз ўзимиздаги “шариат нормалари” бирикмаси ва афғонлардаги “пуштунвала” тушунчаларини эслайлик. Бинобарин, ушбу сўзни “ясоқ” шаклида ёзиш хатодир. Бу ҳақда турк олими Садри Мақсудий туркий халқларнинг ҳуқуқий билимларига бағишланган бир китобида анча-мунча маълумотлар келтиради. “Ясо” сўзнинг тарқалиш жуғрофияси кенглигидан ҳам қадим замонларда туркий давлатларнинг Ғарбу Шарқ билан маданий алоқалари юксак даражада ривожланганини билиб олса бўлади. Кейинчалик бу сўзни Амир Темир ҳам қўллаган.
Маълум сабабларга кўра, биз шу вақтга қадар Чингизхон шахсига Россия империясининг умумтуркий нуқтаи назаридан узоқ ҳукумрон сиёсати кўзи билан қарадик ва уни босқинчи сифатида ўрганиб келдик. Аниқроғи, шунга мажбур бўлган эдик. Биз ўзимизни умумтурк тарихи ва ҳудудидан ажратиб қарасак, Чингизхон чиндан ҳам босқинчи бўлиб чиқади. Аммо унга ўрта асрлардаги тарқоқ туркий халқларни бирлаштирган шахс деб қаралса-чи?
Албатта, Чингизхоннинг тарихдаги ролига нисбатан йиллар давомида шаклланган қарашни бирдан ўзгартириб бўлмайди. Қолаверса, мақсадимиз ҳам бу эмас.
Бу ўринда гап Чингизхон билан алоқадор бир китоб ҳақида кетяпти. Биз ушбу улуғ саркарда тарихига оид 1240 йили ёзилган “Монголойн нюсук тобшо“ – “Мўғулларнинг сирли тугмаси” китобини бурят тилидан ўзбекчага ўгирдик, лекин ҳали алоҳида китоб бўлиб босилиб чиққани йўқ. Бу китоб кўп тилларга таржима қилинган. 1865 йили бир рус элчиси Хитойга борганида уни кутубхонада кўриб қолиб, рус тилига таржима қилади. Ўша таржима китоб унинг бурят тилидаги нусхаси билан солиштирилганда кўп ўринларда жиддий тафовутлар борлиги, баъзи жойлари таржима қилинмай қолдириб кетилгани маълум бўлди.
Унда юқорида зикр этилган “шад” ва “шаданит” сўзлари Ўрхун-Энасой битикларидан сўнг 4-5 аср вақт ўтиб ушбу китоб матнида ҳам учрайди. Бу ушбу китобни ёзиб тугатгани тахмин этилаётган уйғур Тататўнганинг сўз бойлигида бор бўлганини англатиши баробарида Чингизхон турк ҳоқонларининг, қолаверса, ўша қадимий ёдгорликларнинг давомчиси, вориси эканини ҳам исботлайди. Чунки мўғуллар ҳам қадимий туркий халқларнинг бир бўғини бўлган, Чингизхон сулоласида ҳам барлос, боёвут сингари туркий уруғлар вакиллари бўлган. Бинобарин, юқорида айтилганидек, шу пайтгача унинг тарихи маълум сиёсий сабабларга кўра туркий қабилалардан ажратиб ўрганилган, десак хато қилмаймиз.
Давлатшоҳ Самарқандий тазкирасида қайд этилишича, ҳазрат имом Зайнулобиддиннинг авлодларидан бири ўзбакия орасига тушиб қолган ва Чингизхон унинг авлодидандир деб ўтилган.
Бунга ўхшаш далилларни кўплаб келтириш мумкин.
Илк маълумотларга қараганда, “Мўғулларнинг махфий китоби”ни хитой тилида Чжан Му деган киши 1841 йили нашр қилган. Лекин китоб асли қайси тилда ёзилгани ҳозиргача номаълум. Юқорида келтирилган фикрлар тасдиқланадиган, яъни уйғур Тататўнга бу китобни ёзиб тугатган бўлса, демак, китоб туркий тилларнинг бири – уйғур тилида ёзилган бўлиши мумкин. У 1748 йили мўғул тилидан хитой тилига таржима қилинган, деган маълумот бор ва бу таржима қайсидир сабабларга кўра орадан салкам юз йил ўтиб нашр қилинади.
Кейинчалик унга қизиқиш кучаяди. Китобни илк марта рус тилига Палладий Кафаров таржима қилади, лекин таржима баён тарзида эди. У 1866 таржимон вафолиядан сўнг 1866 йили нашр этилади. Баён дейилишининг сабаби қўлимиздаги рус ва бурят тилларидаги нусхалар солиштирилганда, уларнинг айрим ўринлари бир-биридан узоқ экани маълум бўлди.
Китоб кейинчалик кўп тилларга, хусусан, япон тилига бир неча марта таржима қилинди. Масалан, 1899 йил Найта, 1940 йил Кубаяши Такаширу, 1942 йил Ширатори Куракиши ва бошқалар уни япончага ўригиб, чоп эттирди.
Кейинчалик уни тадқиқ ва нашр қилишда мўғул олимлари Ц. Дамдинсурен, Элдендей, Оюндалай, Ху Гуван, Баяр, Хитой Мўғулистони олимларидан Хешигбату, Бухехешик, Алтанвчир ва бошқалар фаол иш олиб борди. Китоб бундан ташқари Европа ва бошқа туркй тилларга таржима қилинди, қилинмоқда.
Китобни илк бора бурятчадан ўзбекчага таржима қилиш жараёнида бу икки туркий тилнинг бир-бирига ўта яқинлигига амин бўлдик. Бу икки тил нафақат лексик бойлиги, (сари – шари, қора – хара, чидар – шидар, мерган – миргин ва шу кабилар) қолаверса, грамматик хусусиятлари билан ҳам бир-бирига жуда яқин турар экан. Ушбу жараёнда биз бундай тарихий асарларни асл манбадан эмас, рус ва бошқа тиллардан таржима қилиб келганимиз сабабли яқинликни сезмай юрганимиз ойдинлашди.
Масалан, “суюрғол” сўзи ва ундан ясалган “суюрғолланиш”, “суюрғолланди” сингари сўз шаклларини олиб кўрайлик. Улар рус тилида “жалованное поместье”, “подарок” деб берилгани учун аслиятдаги ва таржимадаги яқинликни билмаганмиз.
Китобда бугунги сўзлашув тилларида кам ишлатиладиган, аммо туркий халқларнинг аксариятига хос бўлган сўзлар, урф-одатлар кўп учрайди.
Бошқа бир сўзни олиб кўрайлик.
“Қуда-анда” деган жуфт сўзни ҳаммамиз ишлатамиз. Албатта, “қуда” – муайян маъно ташийдиган таниш сўз. Лекин “анда”-чи? Уни худди “пичоқ-мичоқ”, “таёқ-паёқ” сингари жуфт сўзларнинг иккинчи бўлаги сингари ҳеч бир маъно англатмайдиган сўз ўрнида қабул қиламиз. Лекин халқ даҳоси ҳеч бир сўзни ноўрин ишлатмайди.
“Анда” сўзига 1981 йили З. Маъруфов таҳрири остида нашр этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да ҳеч бир изоҳ берилмаган. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” нашриётида чоп қилинган 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса унга “Қадимги турк-мўғул халқларида тутинган ака-ука”, деб таъриф берилади.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида “анд” – “онд”, “онт”, “қасам” сўзлари учрайди. “Мўғулларнинг махфий китоби”да эса унинг 5 жилдлик луғатдагига яқин маъноси берилади: “Анда – икки кишининг бир-бирига совға-салом бериб ва танасининг бир жойидан қон чиқариб, қонини қўшиб дўстлашиши”. Бу ўзига хос маросим бўлган. Бинобарин, ушбу сўз ўзбек тилидаги қуда-андачилик, қон-қариндошликни билдиради ва андалашиш эса қон-қардошлик, дўстлашишнинг алоҳида бир туридир.
Луғат бойлигимиздаги баъзи ноаниқликларга сўзларнинг маъносини бошқа тиллардан излаб кўриш орқали аниқлик киритиш мумкин. Масалан, тилимизда энг кичик фарзанд “кенжа”, “кенжатой” дейилади. Бурят, мўғул, қолмиқ, тува ва бошқа туркий тилларда энг кичкина фарзанд “отхон” (ўтхон), “ўтоғаси” дейилади. Туркийларда кичкина фарзанднинг ота-она билан бирга яшаб қолиши кўзда тутилгани учун у “олов оғаси”, “ўт оғаси” деб аталган.
Ёки бошқа бир мисолни олиб кўрайлик. Бурят, мўғул, қолмиқ ва бошқа тилларда одам “хун” сўзи билан ифодаланади. Бу сўз ўзбек тилидаги баъзи ибораларда ҳам шу маънода қўлланади. Масалан, қадимда ўлдирилган одам учун хун пули тўланган. Бизнингча, айни шу ҳол кўпгина Европа ва туркийларга қўшни бошқа халқ тарихчиларини чалғитиб келган ва улар туркийларни умумлаштириб, “хуннлар”, “гуннлар” деб атаган. Рус тарихчилари бу сўзни алоҳида қабила, уруғ, халқ маъносида ҳам қўллаган.
“Мўғулларнинг махфий китоби”да яна бир туркий сўз бўлмиш “ариқ” (“арик”) “арик ус” – “тоза сув” маъносида учрайди. Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарида у “ариган”, “тозаланган” маъносини берувчи сўз дейилади.
Бурят, мўғул ва бошқа туркий халқларнинг бир-бирига яқинлигини исботловчи бошқа мисоллар ҳам мўл. Масалан, бурят халқининг қадимий эпоси бўлмиш “Гэсэр”да Ошар, Алте, Эренса, Айдуре, Аламжи, Хараасиғе, Буха, Нурманхан, Ботир сингари исмлар учрайди.
Гэсэр – Кўктангри Хурмаснинг ўғли. Хурмас эса асл маъно жиҳатидан бизнинг ўтмишдаги оташпарастликка оид тарихимиз бўлмиш Авестода тилга олинган тириклик ва ҳаёт асосчиси Ормуз (Хурмуз) – Ахурамаздага бориб тақалади.
Шу жойда яна бир масалага ойдинлик киритиб кетиш зарурати борга ўхшайди. Маълумки, шу пайтгача туркий халқлар “ашин” – бўрига эътиқод қилган деган қараш мавжуд. Туркий халқлар тарихида зардуштийлик динининг ўрни беқиёс бўлганини, Зардуштнинг, куч ва имконим борича, мен одамларни “аша”га, яъни, Ҳаққа, ҳақиқатга даъват қиламан, деган фикрини ҳисобга олиб, оташпарастлик динидаги яккахудоликни эсласак, баъзи туркий тилларда “шино” – “бўри”га оҳангдош “аша” (“ашин”) сўзи аслида “тангри” эканини уқиб олиш қийин эмас. Албатта, мен бу гапни қатъият билан, шундай, деб айтмаяпман, аксинча, муҳокама учун ўртага ташлаяпман. Эҳтимол, шу йўналишда ҳам тадқиқотлар ўтказилиб, филолог олимлар қатъий хулосасани айтар. Аммо зардуштийликдай буюк динни яратган, зикр этилганидай, қўшни халқларга Шакямуна – саклар авлиёсини берган халқларнинг тангри – якка худодан эмас, биз бўридан тарқалганмиз, дейишига ишонгинг келмайди. Демак, Аша бўри эмас, биз Ашиннинг, Кўктангрининг болаларидир.
Тахминимизча, халқимиз бир пайтлар “ашин” сўзининг асл суғдий маъносини унутиб юборган пайтларда кимдир Рим шаҳрига асос солиниши билан боғлиқ Рем ва Ромулнинг бўри эмиб катта бўлгани ҳақидаги афсонани эшитгану “ашин” ва “шино” сўзларига тотем маъносини берган бўлиши мумкин. Оқибатда кейинги авлодлар Ҳақ, Аша, Яккахудодан ажраб, бўри болаларига айланиб қолган.
Ҳар бир сўзнинг тарихи ва тақдири бор. Шу жойда китобда учрайдиган зангги сўзи алоҳида эътиборга лойиқ. Бу сўз ҳозиргача мўғул тиллар гуруҳида уруғбоши ва бизнинг туркий тилларда ҳам кўп ишлатилиб асосий бўғин, ғурур, токнинг асосий новдаси маъноларини беради. Қизиғи шундаки бу сўз қадимий Авестода ҳам айнан мана шу маънода яъни зангтупати – уруғбоши маъносида ишлатилганини кўрамиз. Авестодаги зангтупати яъни, зангту – уруғбоши, пати, падре сўзлари ота маъносида.
Биз бу сўзни учратганимизда бевосита Занггиота сўзи ёдимизга тушди. Маълумки, Занггиота кунясини кимлар нималар деб шарҳлашмади. Қорабобойдан то ҳинду ҳабаш зангигача. Занггининг туркий тилларда уруғбоши эканлигини инобатга оладиган бўлсак ва бу шахснинг жуда катта билимли ва обрўли киши бўлганини эсласак занггиотанинг уруғбоши ота бўлганлиги маъно ва мантиқан ўз ўрнига тушади қолади.
Демак Занггиота номи билан машҳур, асл оти Ойхўжа ибн Тошхўжа исмли авлиёга тааллуқлидир. Ул зотнинг туғилган йили номаълум, 1258 йили вафот этган. Бизнингча, кейинги йилларда чоп этилган манбаларда у ҳақда қора танли араблардан, деб маълумот берилиши унчалик тўғри эмас. Шундай экан Занггиотанинг куняси – лақабини “Занги”, “Занжи” эмас, – Зангги, Зангиота деб олиш керак.
Чингизхон тарихига оид китобни таржима қилиш жараёнида шўролар даврида унинг босқинчилиги хусусида онгимизга сингиб қолган тушунчалардан воз кечолмай тайсаллаб турдик. Лекин китоб қарашларимизни бутунлай ўзгартириб юборди.
Чингизни хон кўтарилиб, унвон олиши мени ўйлантириб қўйди. Балки бу қараш мутахассисларга илмга хос бўлмаган қараш бўлиб туюлиши ҳам мумкин. У ўша пайтда сиёсий жиҳатдан заифлашиб тарқоқлашиб кетган туркий халқлар орасидан чиқиб, уларни бирлаштиришга жазм қилгани учун ҳам Чингизхон – Чин Ўз Хон номига сазовор бўлган бўлиши ҳам мумкин. Таржима қилинган китобда туркий уруғлар вакиллари уни оқ кигизга ўтирғизиб, хон кўтариши ва «энди чин ўзимизнинг чин хонимиз чиқди, чин ўз хонимиз», деб улуғлаши тасвирланади. Асарда Чингизхоннинг тахтга ўтириш даври ўта фожиали пайтга тўғри келгани қайд этилади. Ўша замонлар ўта тарқоқ бўлган туркий элатлар босқинчилар зулми остида изтироб чекади. Ўша пайтда уларни бирлаштиришда Чингизхонга Тоорил – Тўғри ўул, Тўғри ўғил – Ван хон (уйғур) биринчи ёрдам кўрсатади.
Хўш, Ван хон аслида ким бўлган? У ўша пайтда Хитой ҳудудларини бошқариб турган туркий хон бўлган.
Шу ўринда “Чингиз” сўзи маъно жиҳатидан “денгиз” сўзига алоқадор эмаслиги хусусида таъкидлоб ўтиш жоиз. Чунки мўғул, бурят ва бошқа туркий тилларда “денгиз” маъносини ифодаловчи “долон” сўзи бор. Бинобарин, у биз юқорида илгари сурган “Чин Ўз Хон” фаразига мос келади.
Ном, кимлар қайд қилганидай, масалан, француз шарқшуноси Пол Пеллио “чингиз” сўзини туркий денгизнинг бузилган шакли деб ҳисоблайди . “Жамоати таворих” асари муаллифи эса бу сўзни мўғул тилидаги “чинг” (“чин”) сўзига олиб бориб тақайди . Бизнингча, “чингиз” сўзининг бу каби маъноларга дахли йўқ .
Мўғул ва бошқа туркий тилларда “чин” сўзи “қаттиқ”, “қайтмас”, “ҳаққоний”, “тўғрилик”, ҳатто “тиришқоқлик” маъноларини беради. Ушбу тилдаги “чийрэг”, ўзбек тилидаги “чийир” (“чайир”) сўзи ҳам “кучли”, “пишиқ” маъноларини беради. Демак, биз “Чингизхон” сўзидаги “чин” ўзагинигина фақат мўғул тилига алоқадор деб қарашимиз мумкин. Агар фаразимизни фақат шу тилгагина асослаганимизда Чингизхоннинг лақаби “Чингхон” ёки “Ченхан” бўлиб қолар эди. Лекин мўғул тилида на “ўз” ва на “гиз” га олиб келувчи асослар йўқ.
Шунинг учун бу масалага ўша пайтдаги сиёсий муҳитдан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, Чин Ўз Хон унинг руҳига, яъни туркий халқларни бирлаштириш заруратига тўла мос келади.
Маълумки, Чингизхоннинг асл исми Темужиндир ва у бизга Европа, аниқроғи, рус тарихшунослиги ва талаффузидан кириб келган. Аммо уни туркий тилларнинг қонун-қоидаларига таяниб талаффуз қилсак, “темирчи” бўлиб чиқади. Ўша замонларда темирнинг ҳам, темирчининг ҳам қадри баланд бўлгани сир эмас.
“Темирчи” сўзини ифодалайдиган чех, поляк ва бошқа славян тилларидаги “ковал”, рус тилидаги “кузнец” немис тилидаги “schmied”, инглиз тилидаги “smith” сўзларига ҳам тааллуқли. Ушбу сўзлар ўша тилларда кейинчалик фамилияга айланиб кетгани сабаби ҳам шунда. Демак, Чингизхоннинг асл исмини туркий тиллар грамматикаси талабларидан келиб чиқиб, “Темирчи” ёки “Темир” деб атасак бўлади.
Шу ўринда Чингизхоннинг ўғли Жўжихоннинг исми ҳақида ҳам яна бир мулоҳаза. Маълумки, туркий тилларда ж ва й, ж ва ч, с ва ш ҳарф ва товушлари алмашиб келган ҳоллар кўп учрайди. Шунга асосан, “Жўжи” сўзи “йўлчи” сўзининг “ж”ловчи қипчоқ шеваларидаги ўзгарган кўриниши эканлиги аниқ.
Туркий тилларда яна бир тез-тез учрайдиган сўз “гўр”дир. У ўзбек тилида “қабр” маъносидан ташқари “нур” маъносида ҳам ишлатилади. Халқ достонларида у янгиланган “қабр” тарзда маъносида қўлланилади. Гап “Гўрўғли” достонлар туркуми хусусида боряпти. Бадиий асарларда эса Баҳромгўр исми учрайди. Бундан ташқари, Марказий Осиёда “гўр” билан боғлиқ жуда кўплаб топоним ва гидронимлар бор. Афғонистондаги Гўр вилояти, Гўрийлар сулоласи, Гўрируд (Нурли дарё) дарёси, Хоразмдаги Гўргон, Гурлан, Урганч (нурли тупроқ), ҳозирги Жиззах вилояти ҳудудларидаги Гўрдасой булоқлари, Намангандаги Гўртепа, Нуротадаги Гўрхонасой ва бошқалар шулар жумласидандир. Наҳотки ота-боболаримиз жой номларини фақат қабр билан боғлаб айтиб келган бўлса?
Бу жойда таъкидланадиган асосий фикрлардан бири бу Гўрўғлининг асл маъноси Нурўғли эканлигида.
Ушбу сўз тарихи Ў.Сулаймоновнинг “Шумернома”сида ҳам учрайди . У “қуёш, “нур” маъносидаги “гўр” сўзининг келиб чиқишини чуқур таҳлил қилади. Асли келиб чиқиши туркий бўлган бу сўз суғд тилига, зардуштий динига эътиқод қилган бошқа халқлар тилларига ўтган. Кейинчалик этрусклар тилида “геркле”, “гер” (“ўғил”), юнон тилида “геракл”, лотин тилида “геркулес”, туркий эпосларда Гўрўғли шаклини олган. “Гўр” сўзи исмларга бирикиб, “ўғил”, “қуёш ўғли”, балким “Зардушт ўғли” маъносини берган, “нурли”, “қуёшли” маъносида жой номларига қўшилган. Бундан ташқари, туркий халқлар ҳаётини илк марта системали тарзда тавсифлаб берган юнон тарихчиси Геродотнинг (гер-нур, одот-ота) исми ҳам “гўр” сўзи билан боғлиқ бўлса ажаб эмас.
Шу нуқтаи назардан олганда, “Гўрўғли” достонлар туркумининг тарихи зардуштийлик динига бориб боғланади. Демак, достонларнинг бош қаҳрамони Гўрўғлининг сизу бизнинг тушунчамиздаги гўрга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бинобарин, Баҳромгўр ўз лақаби билан форсийлар талқинидаги ёввойи эшак, Қабрбаҳром, Баҳромқабр эмас, аксинча, ва гўзал маъноли Нурбаҳром, Баҳромнур бўлиб чиқади.
Шу пайтгача Гўрўғлининг оти Ғирот нима маънони англатишини билмаймиз. Юқоридаги фикрларга таяниб айтадиган бўлсак, Қуёш ўғли – Гўрўғлининг Қуёш, нур оти, Гўрот, Нурот бўлиб чиқмайдими?
Биз кўпгина ҳолларда қарши сўзи мўғул тилидан келган, деб юрамиз. Аслини олганда бу сўз қадимий туркий сўз бўлиб аксинча мўғул тилига биздан кириб борганлигини билмаймиз.
Яна бир сўз – кош, хўш яшаш жой, уй, хошшилик, кошилик – ўтов, уй. Қирғизлардаги кош, хош ўтов маъноси, туркманлардаги – гош – дала уй. Ҳозирги замон қолмиқ тилида бу сўз хош шаклида келиб вақтинчалик уй маъносида ишлатилади. Яна бир сўз бу тэрмэ, байрамона тикилган ўтов. Бошқирдларда бу сўз тирмэ, нўғайларда – терме уй, туваларда – тербе öг кийгиз ўтов, қирғизларда қозоқларда терме, бизда терма, терилган, тартиб берилган маъноси ётади. Мана шу терилган, махсус қурилган уй кейинчалик турма, қамоқ сўзларига асос бўлган, айни шу сўз русларга терем, теремок – шоҳона уй шаклларида кириб борган. Бу ўринда қамоқ сўзининг корейс тилида ҳам айнан мана шу маънода ишлатилишини айтиб ўтиш лозим.
Хуллас, биз узоқ йиллар давомида туркий халқлар тарихига оид билимларни бошқалардан олдик. Тува, қолмиқ, хакас, мўғил ва бошқа туркий тиллардаги тарихий манбаларни рус тили орқали ўрганганимиз учун улар тилидаги талаффуз товланишларидан бебаҳра бўлиб келдик.
Энди Ўрхун-Энасой тошбитикларида башорат қилинган «давр келди», мустақиллигимиз, эркимиз ўз қўлимизда. Бир вақтлар Чингизхоннинг уйғур хони Идууд хонига қарата: “Булутлар кетиб, ёрқин қуёш чиқмоқда, музлар эриб қандай тоза дарё оқмоқда”, деганини эслайлик. Энди тарихимизни асл манбалардан ўқиш имконига эга бўлдик. Ўзимиз қиладиган ишни келажак авлодларга ташлаб қўйишимизни ҳеч ким, айниқса, вақт кечирмайди.

Манба: Ziyo.net.