Ҳақ йўлина жоним фидо

Саодат Пўлканова

Назар этсун

Кўнглум маним адо бўлмиш,
Дарду дилим сиё бўлмиш,
Мусофирлиғ бошға келмиш,
Не иш этсам хато бўлмиш,
Назар қилсун фақат Тангри.

Бандасида вафо йўқтур,
Каломинда риё хўпдур,
Андин безиб юрак хундур,
Хаста дилда мадор йўқтур,
Кўмак этсун фақат Тангри.

Кутмам алардин рўшнолиғ,
Билгум чиқмас ошинолиғ,
Ситаминдин юрак доғлиғ,
Ҳар тарафда риёкорлиғ,
Нажот эрур фақат Тангри.

Билиб дилни бездирсалар,
Шайтон изминда юрсалар,
Ҳақдин юзин ўгирсалар,
Яро дилни чўктирсалар,
Малҳам бўлур фақат Тангри.

Сўрай, Ҳақдин келар олқиш,
Басирлардан келар ташвиш,
Рўзи маҳшар савол бўлмиш,
Ҳама унда жавоб қилмуш,
Хукмин ўқур фақат Тангри.

Бас, Мискина сабр айла,
Гумроҳлиқдин ўзни сақла,
Қалб сийратинг йўлға чоғла,
Ҳақ йўлина дилни боғла,
Йўл кўрсатур фақат Тангри.

2007. 08. 17

Унитғонлар

Ором учун Ҳақдин кечуб,
“Ҳу” ла бирлашмоқдин қочуб,
Сўнг кетарда андин чўчуб,
Саломини унитғонлар,
Каломини унитғонлар.

Бўлур зарға девона хўп,
Нафси тоғдин бисёра кўп,
Сўнгги дамда ололмай чўп,
Бозорини унитғонлар,
Мозорини унитғонлар.

Бир-бировин ўйиб кўзин,
Рангу рўйин этиб сўлғин,
Сўнгги онда излар таскин,
Аъмолини унитғонлар,
Камолини унитғонлар.

Ҳақ йўлинда ўтди Кубро,
Анга йўлдош эди Мавло,
Вале қолур бўлиб гумроҳ
Ҳақ йўлини унитғонлар,
Тоқ йўлини унитғонлар.

Ўтди бундин Темур,Доро
Фақиру ночор уқробо,
Кетар чоғда истар Худо
Қазосини унитғонлар,
Жазосини унитғонлар.

Узлат аро тушиб маҳзун,
Қалбинг покла аё Мискин,
Ҳақдин ўзга излар таскин,
Маъвосини унитғонлар,
Мавлосини унитғонлар.

2007 .08.18

Нола

Гумроҳлара парвойим йўғ,
Солмиш ишқи қалбимға чўғ,
Раббим ўзи бошимға туғ,
Андин кечиб ҳеч бўлғайму?

Оҳим етмай ашк кўшкиға,
Тушдим савдонинг қасдиға,
Боқмам дунёнинг нақшиға,
Мавлом мани эшитғайму?

Жолаларим тўкиб бисёр,
Истиғфорим айтиб мингбор,
Фарёд тортсам ҳар тун бедор,
Ҳурлар мани овутғайму?

Балогардон йўлин тутсам,
Фақир дилла ишққа етсам,
Ул истаса, бунда кетсам,
Қабоҳатлар чекинғайму?

Ул номиға сано айтсам,
Хаста жонни фидо этсам,
Ҳурлар ила кўкга қайтсам,
Тангрим мани кечирғайму?

Бале, йўлдин тойрилмағил,
Ул ишқидин айрилмағил,
Мискин, қанча оҳ урмағил,
Сани дардинг соп бўлғайму?

2007.08. 19

Гумроҳ – адашган киши
Жолаларим – кўзёшларим
“Ҳу” ла бирлашмоқ – Аллоҳнинг номи
Тоқ йўли – ягона  йўл
уқробо – фақир  – бечора
маҳзун – ғамгин,қайғули
Маъво – қўл етмас  жой
Мавло – Аллоҳнинг номи
шеърда – зардоб сўзи, дилга ғашлик тўлғизиш маъносида қўлланилган.
Бу ерда Худонинг 99 исмининг иккитаси  келтирилган.

This entry was posted in Саодат Пўлканова. Bookmark the permalink.

One Response to Ҳақ йўлина жоним фидо

  1. Кунгилнинг маъюс ранглари says:

    Шеърлар чиндан хам суфиёна,ошикона…Уларни ахли тарикат йиглаб-йиглаб ,куйиб-куйиб, суйиб-суйиб,туйиб-туйиб укигай…