Kategorier
Фольклоршунос олимлар

Омонулла муаллим

Омонулла Мадаевни шогирдлари «устоз», касбдошлари эса «Омонулла муаллим» деб чақиришади. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки, у кишининг ҳаёти, ижоди ҳам олимлик, ҳам педагоглик билан чамбарчас боғланиб кетган. Мана эллик йилдирки, Омонулла Мадаев  «муаллим», «устоз», деган унвонни шараф билан ҳимоя қилиб келаяпти. Тиниб-тинчимас, ширинлутф, ҳамма давраларда самимий бу одамга шогирлари ҳайратланишади, касбдошлари эса  ҳавас қилишади.

Омонулла Мадаев илмий фаолиятини ўзбек фольклорининг рус тилидаги таржималарини ўрганишдан бошлади. Унинг дастлабки мақолалари ўзбек халқ термалари, достонларининг рус тилидаги таржималари ҳақида эди. Бу мақолалар эндиликда бир мунча содда туюлиши мумкин, лекин 70-йилларнинг бошида шу мавзуга қўл урилгани ёш олимнинг фанга дадил кириб келаётганининг элчиси бўлди. О.Мадаевнинг кейинги фаолияти Хоразм халқ достонлари тадқиқига боғланди. Унинг бу жабҳадаги изланишлари  профессор Муҳаммаднодир Саидов раҳбарлигида «Хоразм халқ достонларининг ўзига хос хусусиятлари»(1973) деб номланган номзодлик диссертацияси сифатида илмий жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилди. Айнан 70-йиллар ўзбек фольклоршунослиги тарихига назар ташласак, ушбу ишнинг қадри-қиммати янада аниқ намоён бўлади. Бу даврда Хоразм достончилиги, умуман Хоразм воҳаси фольклорини ўрганишга эндигина киришилган пайтлар эди. Аниқроқ айтилса, Хоразм фольклорини тўплашда фольклоршунослигимиз катта ишларни амалга оширган. 1930-йилда Ғози Олим раҳбарлигида уюштирилган экспидиция Аҳмад бахши, Бола бахши каби улкан достончилар, Биби шоира, Хонимжон каби халфаларни аниқлаб, уларнинг репертуаридан айрим намуналарни, Ҳоди Зариф «Аслхон» достонини, Буюк Каримов «Гўрўғли» туркумига кирувчи бир қанча достонларни  ёзиб олган эди. Лекин улар архив мулки бўлиб қолаётган,  Ж.Қабулниёзов чоп қилган  «Авазхон», «Бозиргон» достонларини соқит этсак, Хоразм достонлари деярли нашр этилмаган эди. Ана шундай бир пайтда Омонулла Мадаевнинг Хоразм достонларининг бадиий хусусиятларини ўрганишга киришиши ва монографик кўламдаги салмоқли тадқиқотни яратиши, ўзбек фольклоршунослигининг ушбу йўналишдаги дастлабки қадам сифатида ҳам катта аҳамият касб этди. Вақт ўтиб Сафарбой Рўзимбоев ва бошқа фольклоршуносларнинг Хоразм халқ достонларини ўрганишдаги тадқиқотлари Омонулла Мадаев бошлаб берган илмий йўналишнинг мантиқий давоми сифатида юзага келди.Соҳани янги бир босқичга олиб чиқди.

Омонулла Мадаевнинг илмий ижодий фаолиятини муаллимлик, ўқитувчиликдан айри тасаввур этиш қийин. У кўп йиллардан бери Ўзбекистон Миллий университетида халқ оғзаки ижоди фанидан дарс бериб келади. Табиийки олимнинг ушбу фаолияти фольклорни олий ўқув юртларида, коллеж, лицей, ва мактабларда ўрганиш жараёнларига ҳам боғлиқ кечмоқда. Ушбу йўналишда у томонидан яратилган ўндан ортиқ дарсликлар, ўқув қўлланмалари, илмий китоблар алоҳида эътиборга молик. Домланинг «Алпомиш билан суҳбатлар» (1998), «Халқ оғзаки поэтик ижоди»(2001, 2003) асарлари кенг илмий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Омонулла Мадаев яратган дарслик ва қўлланмалар ўқув жараёнини яқиндан билган олимнинг нуқтаи назаридан ўтказилиб яратилган. Шу билан бир қаторда улар бугунги фольклоршунослик олдида ўз ечимини кутиб турган долзарб муаммоларни бирдан кўз ўнгимизга намоён этиши билан ҳам қимматли. Жумладан, мифлар, ўзбек мифологияси масаласи билан боғлиқ назарий масалалар. Биз учун халқ тасаввурлар оламидаги мифологик тизимни яхлит ҳолда кўрсатиш имконини берувчи тадқиқотлар керак экан. Бу ўринда дастлабки уриниш бўлувчи мифологик луғатга катта эҳтиёж туғилгани маълум бўлди. Олий таълим учун фольклорнинг барча жанрларинига тегишли мумтоз намуналарини жамлаган хрестоматияни кўпчилик мутахасислар билан кенгашилган ҳолда тузиш лозим экан. Мавжуд христоматияларнинг бир қисми эскирган бўлса, қолганлари ҳам турли сабабларга қўра бугуннинг талабларга тўлиқ жавоб беради, деб айта олмаймиз.

О.Мадаев ўзи ёзган дарсликда: ”Ўзбек халқ оғзаки ижоди” курси бўйича янгича талқин қилинган, замон руҳи сингдирилган дарслик ва ҳатто қўлланманинг ёзилмагани ачинарли ҳол. Ана шу камчиликни муайян равишда бартараф қилиш мақсадида мазкур қўлланмани таёрлашга журъат қилдик”, деб камтарлик билан ёзган. Ушбу қўланма ўзбек фольклоршуносларининг тўнғич авлодларидан бошлаб, бу кунги вакиллари билдирган илмий изланишлари, ютуқлари замирида муаллифнинг ўз шахсий кузатишлари, нуқтаий назири асосланиб яратилган. Қўланмада асосий диққат халқ оғзаки ижоди асарларининг миллатимиз ҳаётида тутган ўрни, маданий меросимизнинг таркибий қисми сифатидаги аҳамияти, бадиий адабиёт намунаси эканлигини ёритишга қаратилган. Қўлланма фольклоршунос олим ва педагогнинг кўп йиллик иш тажрибалари замирида яратилган. Шундай экан ушбу дарслик ва қўлланмалар келажак ишларда ўзига хос пойдевор бўлиб хизмат қилишига шубҳа қилмаймиз.

Омонулла Мадаев нафақат ибратли олим ва педагог, балки ҳар қандай даврани гуллатувчи дилкаш инсон. Чинаккам фольклор кишиси. Эҳтимол Омоннулла Мадаев бахшилар муҳитида туғилиб ўсганида албатта бахши бўлар эди. Бунга асос уларнинг соз чалиб, қўшиқ хиргойи қилишларигина эмас, бахшилик санъатига чексиз меҳр муҳаббати, эътиқоди ҳам далилдир. Домланинг телевиденияда болалар учун мўлжалланган дастурда бир неча достонларни мароқ билан ҳикоя қилиб берганлари фикримизни тасдиқлайди.

Халқимизда яхши бир одат бор. Тўйу томошада — қутлуғ кунларда  яхши тилаклар билдирилади, алқовлар айтилади. Етмиш ёшни қаршилаган фольклоршунос олим, устоз — мураббий Омонулла Мадаев ҳақида ҳар қанча тилаклар билдирсак, алқов айтсак камлик қилади. Шундай бўлсада, биз ҳам юртимиз фольклоршунослари номидан камтар, камсуқум ва самимий  олим — Омонулла Мадаевни  улуғ айёми  билан чин қалбдан самимий табриклаймиз. Унга узоқ умр, сиҳат ва саломтлик, баракали ва сермаҳсул ижодига янада равнақ тилаймиз. Бундан кейин ҳам ўзининг яқинлари, дўстлари ва шогирдлари, бутун илм аҳлини  ҳайратлантириб, уларнинг эътирофларига сазовор бўлиб юришини тилаб қоламиз.

Тўра Мирзаев,

Шомирза Турдимов,

Жаббор Эшонқул.

www.fikr.uz

****

Таҳририятдан:

 

Биз ҳам ҳурматли устозимиз Омонулла Мадаевни муборак 70 ёшлик тўйлари билан муборакбод этамиз.

Омонулла муаллим бизга ҳам ўзбек фолклоршунослиги фанидан дарс берган эдилар.  Домла  ўзбек халқ достончилиги, достонлардаги турли образлар ҳақида бизга мароқ билан ҳикоя қилиб берар эдилар.

Устозимизнинг беғараз ёрдамлари билан достончилигимиз тарихи, Хоразм достончилиги анъаналарини ўша пайтда яхши ўрганган эдик. Бу билим ва кўникмалар Дорулфунун таҳсилидан кейинги ижодий фаолиятимизга жуда катта ёрдам берди. Ўзбекистон радиосида ишлаб юрган пайтимда халқ оғзаки ижодиёти бўйича кўплаб радио эшиттиришлар тайёрладим.

Устознинг ўгитлари, берган билимлари ҳамиша мени ёдимда. Бунинг учун Омонулла муаллимдан умрбод миннаддорман.

70 ёшингиз билан устоз!

Ҳурмат билан Саодат Пўлканова, Швеция.

www.pulkan.org