Сўфиёна

Саодат Пўлканова

Ман илоҳий май истарам,
Қақнус дила ғам истарам.
Қароқлара нам истарам,
Бер aллaҳим боз истарам.

Жондин тониб бородурман,
Бағри дили яродурман.
Ишқ кўйида ёнодурман,
Бўзанг дариғ тутма карам.

Сани мандин жудо этмиш,
Зоҳир олам мавшадлари.
Нафс анъойи расво этмиш,
Тўлмай кангул гулшанлари.

Раъфтори чўҳ бир девона,
Тажассуми ғарибона.
Ишқ майина тўйсин қона,
Нолам етсин сен раҳмона.

Ман илоҳий май истарам,
Қақнус дила ғам истарам.
Қароқлара нам истарам,
Бер Aллaҳим боз истарам.

2001 йил июнь.

ОШИҚ

Хақнинг гул васлига дил банди,
Бу кангул ажрга асранди.
Юрак-чи, май истаб зорланди,
Матлаби кулмаган ошиқман.

Дилима “ҳу” ишқин жойладим,
Кўзимдин оби дур сойладим.
Ботиним узлатга тайладим,
“Ҳайй”, меҳрин истаган ошиқман.

Этса деб, бир назар порамен,
Қақнус зуҳурида ноламен.
Айламас шафқатин қорамен,
Толе кулмаган ошиқман.

Жунунваш қул каби девона,
Бўлибман ўзимдин бегона.
Мақсудим ул ишқи ягона,
Савдойи саргардон ошиқман.

2002 йил июнь.

Видо

Наво дилкун,
Аё бир кун,
Ўтодурман, кетодурман.

Гоҳ дил ичра,
Гоҳ гил ичра,
Ёнодурман, қолодурман.

Бир гул каби,
Бир қул каби,
Сўлодурман, ўлодурман.

Аён эмди,
Руҳ суюнди,
Қайтодурман, шайдодурман.

Қолур бари,
Манзил сори,
Нетодурман, етодурман.

2002 йил июнь.

ДУНЁ

Бу дунё бир аросатлиғ,
Мани дилим ром этолмас.
Солиб бошға кўп балолиғ,
Валеъ мақсада элтолмас.

Кимҳобдин ҳийло кийғузиб,
Нафс чаманиға юрғузиб.
Бу дила зардоб тўлғузуб,
Лек малҳаму жон ўлмас.

Ишқида бўлурсан сархуш,
Кунинг ўтур ғафлатда хуш.
Бу қандай маломат бир туш,
Уёнмоқ керак, лек бўлмас.

Адаштиб дашти сар-сори,
Жонингдин ўтиб озори,
Туганмас ғалва бозори,
Кетарга лек чора бўлмас.

2002 йил июль.

* * *

Хажр даштида тийра дил,
Сани васлинг истар бўлди.
Жамолингга бўлиб маҳтал,
Сани ишқинг сўрар бўлди.

Ўртониб ишқ талошинда,
Юрак қонлар ютар бўлди.
Нафс ичинда бу жонима,
Маломатлар келар бўлди.

Болиш қилиб кесак ётсам,
Сийнама оби гил ортсам.
Жаҳолатдин ўзни тортсам,
Кимларгадир ўйин бўлди.

Кўк илкидин нур сўрадим,
Кўксимни ғамга беладим.
Беҳиштдин бир жой тиладим,
Саботларим синар бўлди.

Мискин дилим хор айлади,
Кимлара зор, бор айлади.
Ишқи дила кор айлади,
Чин дунёға кетар бўлдим.

2003 йил.

Чорасиз одам

(Юсуф Расулга)

Ёлғизоёқ кунлар, ёлғизоёқ тун,
Танҳоликка маҳкум этилган бу жон.
Паноҳ излар бир руҳ, истар бир илинж,
Топарми, топмасми кезар саргардон.

Некқадам кунларни санайди бир-бир,
На айтар сўзи бор, на дилга малҳам,
Эгасиз овулдай қисмати чўлдир,
Чораси йўқ унинг, чорасиз одам.

Вужуд чиркинидан холилик истар,
Юраги сипқорар ғам зардобини.
Самодан илоҳий муждалар кутар,
Дилига жой айлаб, Ҳақ каломини.

* * *

(Чолиқушини ўқиб)

“Фeрида” кўзида мунг каби,
Қалбингга оловлар ёқаман.
Тунлари бошингда ой каби,
Термулиб кўзингга боқаман.

Унутиш қўлингдан келмайди,
Муҳаббат ишқида ёнаман.
Ўзга ҳеч мен каби бўлмайди,
Энтикиб хаёлга толаман.

Кетгансан сен мендан йироқлаб,
Етмайгай дилимнинг оҳлари.
Борсам ҳам бир куни сўроқлаб,
Чиқмагай қалбингнинг моҳлари.

Хазонрез боғларга қайтаман,
Қўлимда тутганча ризвонгул.
Дардимни кимга ҳам айтаман,
Матлабим бемурод бўлди кул.

“Фeрида” кўзида мунг каби,
Қалбингга оловлар ёқаман.
Тунлари бошингга ой каби,
Термулиб кўзингга боқаман.

* * *

Алвидо айтамиз бугунча,
Эртага нимадир қиламиз.
Ғам юки юракда тугунча,
Тақдирга жимгина кўнамиз.

Соғинчнинг тонглари отгунча,
Бедорлик қўйнида тунимиз.
Аламлар ситами кетгунча,
Дунёдан балки биз ўтамиз.

Атиргул шохида бир ғунча,
Ҳидига маст бўлиб ётамиз.
Рисқимиз мисқоллаб йиғгунча,
Индамай бир куни кетамиз.

Алвидо айтамиз бугунча,
Эртага нимадир қиламиз.
Ғам юки юракда тугунча,
Тақдирга жимгина кўнамиз.

2003 йил май.

* * *

Бу менинг қалбимга берилган савол,
Сен нени изладинг хақсизлар ичра.
Матлабинг восилми?
Кўрмайин завол,
Дардингга дарддошми, бу ғариб ҳужра.

Ўзингни ғайрилар ичра излама,
Топиш маҳол эрур, йўқотмоғинг ҳақ.
Разолатдан куйиб унсиз бўзлама,
Малҳам бўла олур фақатгина Ҳақ.

Ундан ножот изла, ундандир хилқат,
Ўткинчи умрингдир ахир омонат.
Боринг ҳам, йўғинг ҳам ундандир фақат,
Сен кўп излаётган олий хақиқат.

Топсанг гар етишиб унинг васлига,
Дийдоридан айро тушмагин ҳеч вақт.
Кавсар шаробига тўйма майлига,
Маломат даштида чексанг ҳам заҳмат.

2005 йил.

* * *

Аламдан тонгдайин оқарса сочинг,
Сен ўзни койима,койима гулим.
Тупроққа қайтгунча бу тийра лошинг,
Яхши кунлар берар балки худойим.

Балки бермас, буни ким айта олар,
Худонинг бергани шу бўлса нетдик.
Надомат нағмаси ҳар куйга солар,
Қисматнинг илкидан тутганча кетдик.

Меҳр бера билмас юраклар билан,
Дунё бозорида олишиб ўтдик.
Риё саҳросида айтишиб ўлан,
Энди қўй, юр гулим, биз энди кетдик.

Ўзни ўзга ичра танимоқ учун,
Зулмат ёбонида бўзламоқ нечун?.
Руҳимиз аршники, бўлмасин тутқин,
Бани ишқ Тангридин бўлолмас устун.

2005 йил.

(Халқ оҳангида, ошиқ йигитлар тилидан)

Мен сенга хўп шайдо бўлдим,
Ишқинг ўртаб адо бўлдим.
Йўлларингда гадо бўлдим,
Ҳайрон этдинг, меҳмон қиз.

Сўрдим билган-билмагандан,
Бахти тинган-тинмагандан.
Омади ҳеч кулмаганман,
Алдаб кетдинг, шайтон қиз.

Бебош юрак тўлғонади,
Васлинг истаб ўртонади.
Мен ёнмасам ким ёнади,
Ширин тилли, бийрон қиз.

Забун этдинг ҳолимни,
Тингламасдан зоримни,
Олиб ақлу оримни,
Оловларда ёқдинг қиз.

ҲАСРАТ

Оҳ,ҳасрат эзади,дилингни бу кун,
Дардларинг ичингга сиғдиролмайсан.
Айролиқ тушди деб дил аро нечун,
Ҳижрондан энтикиб бағринг доғлайсан.

Умрингга ғанимат бўлган у дамлар,
Бирма-бир ёдингга тушади тинмай.
Дунёда йўқмиди, сендайин камлар,
Нима ҳам қилардинг, тақдирга кўнмай.

Белибос одамдай, қолсанг чорасиз,
Ҳам ватандан айро, ҳам юрагингдан.
Хаётинг ўтса гар рангсиз, маъносиз,
Муддао бормиди бундай яшашдан?

Ўлимга куч топсанг, ўлолмасанг лек,
Надомат юрагинг кемириб ётса.
Тангри мадад бериб ғамларинг енгсанг,
Қумсаб чорлаганинг малҳам бўлолса.

2006 йил февраль.

* * *

(Ошиқ тилидан)

Бозиргоннинг барно қизин,
Бунча арзон балдоғи.
Ҳеч тугарми айтинг ўзи,
Кўнгилнинг бу қийноғи.

Шамси қамар гул васлида,
Бўлдим гуллар шайдоси.
Мен ёнаман ишқ кўйида,
Борми бунинг даъвоси.

Ақлим олди, ўтга солди,
Кўзгинангни чароси.
Сен келмасанг, дил бермасанг,
Умримнинг йўқ маъноси.

Юрагимда алам ҳижрон,
Исминг ёқар дилни ҳар он.
Сўз демоққа бергин имкон,
Учрашгаймиз энди қачон.

Бозиргоннинг барно қизин,
Бунча арзон балдоғи.
Ҳеч тугарми айтинг ўзи,
Муҳаббатнинг фироғи?.

ЯХШИ

Юртга қайтмоқ нақадар яхши,
Дилда иймон гулининг нақши.
Қўлида соз куйлайди бахши,
Юртга қайтмоқ нақадар яхши.

Бежиз Бобур куймаган экан,
Дилга армон уймаган экан?
Хом хаёллар бўлмағур экан,
Юртга қайтмоқ нақадар яхши.

Тоғларда қор кўринадими,
Туркийлар ҳеч бўлинадими?
Кўзга намлар илинадими,
Юртга қайтмоқ нақадар яхши.

2004 йил октябрь.

* * *

Ғуборлар тилакнинг қонини ичар,
Маломат эртаги айтилар тунга.
Хасислик ҳакамдир имондан кечар,
Эзгулик тутқиндир нафрат тўфонга.

Кўтармас елкаси шафқат бегона,
Юракнинг иплари сўтилган кемтик.
Ғанимлар фасоддан қурмиш чордона,
Кўнгил азоблардан бўзлар боладек.

Қароқларга ботган армон излари,
Яланг оёқ кезар қаҳр елвизак.
Сийнамда қотади қиш чиллалари,
Тушимда маъбудлар сўйлайди эртак.

This entry was posted in Саодат Пўлканова. Bookmark the permalink.

Comments are closed.