Вақт шиддатидан ўзган ўзлигимиз

Ирода Мусурмонова
IV босқич талабаси

«Балогардон» достони мисолида

Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таъкидлаган «чаман» — халқ оғзаки ижодининг ҳар бир чечаги муаттар бўй таратади. Унинг улкан қадр-қиммати шундаки, халқ оғзаки ижоди намуналари ўзлигимиз сарчашмаларидан нишонадир. Бу эътирофда, айниқса, асрларнинг залворли силсиласига бўйин эгмаган халқ достонларимиз муносиб. Атоқли олим В.М.Жирмунский айтганидек: «Эпос бу — халқнинг қаҳрамонлик идеализацияси кўламидаги жонли ўтмишдир».Ўзбекнинг буюклиги унинг ўзлигида, инсонпарварлигида. «Гўрўғли» туркумига кирувчи достонларнинг барчасида ана шундай хусусиятлар кузатилади. Умумий фикрлардан қочган ҳолда, шу туркум таркибидаги «Балогардон» достонида келтирилган халқимиз миллий хусусиятлари яққол ифодаланган жиҳатларга эътибор қаратсак. Ушбу достоннинг мукаммал, тўлиқ варианти истеъдодли бахши Фозил Йўлдош ўғли томонидан айтилган ва бир неча марта нашр этилган.

Оила қадимдан халқимиз менталитетидаги энг муқаддас ва энг олий қадрият ҳисобланади. Бу қўрғон мустаҳкамлигини ота-она, фарзанд муносабатларидаги мустаҳкам эътиқод, ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат каби посбонлар таъминлайди. «Балогардон» достонида оилавий муносабатлардаги мана шундай жиҳатларга кенг ўрин берилган.

Достонда умумтуркумга хос Аваздаги мардлик, жасурлик, уддабуронлик сифатлари билан бирга, энг аввало, унинг қобил фарзандлиги улуғланади. Суюкли ёрлари ва тенгсиз оти жудолигидан ғам-андуҳ бағрига ўзини урган, узлатга чекиниб таваккал ғорини макон қилган Гўрўғли давлат ишларидан юз ўгиради. Унинг қўл остидаги беклари эгасиз қолган юртга бостириб келадиган ёв ҳужумидан қўрқиб, ўзга элларига қоча бошлашади. Гўрўғлининг асранди ўғли Аваз ҳам ўз юрти — Гуржистонга кетиш тараддудига тушади. Шунда бир ўй кўнглига келади: ”… қўлига парвариш топиб, от миндириб, тўп кийгизиб юрган эди. Шундай кунида, менинг ҳам юртим бор деб кетсам бу ҳеч одамгарчиликдан бўлмас.… отамга йўлиқиб, отамнинг розилигини сўрайин, агар жавоб берса, нима бўлса, бўлайин, Ғирнинг кетидан борайин”[2].

Ота-она хизматига камарбаста бўлиш, оғирини енгил қилиш ўзбегимнинг фарзандлик бурчи деб аталган юксак қадриятининг бош мезонидир.

Гўрўғли бу ишнинг нечоғлик хатарли эканлигини билгани боис, Авазга розилик бермайди. Ҳеч бир ота фарзандини қилча озор етказадиган хавфга ҳам асло рўбарў қилмайди. Шу ўринда Гўрўғли томонидан Авазга қарата айтилган фикрлар ўзбек оталарига хос хусусиятни ифодалайди:

Сувсиз чўлда қолма бўтадай бўзлаб
Бундай ғамлар жигар — бағримни тузлаб
Бормагин Эрамга отингни излаб,
… Бу хизматга бел бойлама, Авазжон[3]
Аваздаги қатъият туфайли Гўрўғли охири ўғлига розилик беради.

Ўзбек оналари -болажон. Унда ўз фарзандидан-да ортиб, ўзганинг фарзандини ҳам гулдек асрагувчи туганмас — меҳр бор. Достонда Оға Юнус сиймосида ўзбек оналарининг юраги уради. Гўрўғлининг юрти -Чамбилни тарк этаётган Оға Юнус: ”… туғмаган бўлсам ҳам туққандай унга меҳримни қўйиб”[4], — дея ўғли Авазга билдирмай, кўнглини узолмай, у билан йиғлаб — йиғлаб хайрлашади.

Отасининг ҳаловати учун ҳеч бир қийинчиликдан, ҳеч қайси душман ҳамласидан қўрқмаган Аваз сафар олдидан отасидан оқ фотиҳа сўрайди. Халқимиз азал-азалдан ота-она дуосини қадрлаб, унинг қийматини осмонларча юксалтирган. «Дуо олган омондир, қарғиш олган ёмондир» мақолининг неча замонлардан буён сўз мулкимиздан тушмай келиши бежиз эмас.

Юртбошимиз ўз сўзларида кўп бора таъкидлаганларидек, халқимиз учун адабиёт муқаддас ва улуғ бир даргоҳ. Адабиётнинг муқаддаслиги ва улуғлиги шундаки, у ўз бағрида миллатларнинг энг гўзал, зариф, айни пайтда мардона, ориятли, тарбия кўрган Алпомиш, Барчиной, Қалдирғоч, Гўрўғли, Аваз-у Равшанларни асраб келаётган маънавий маскан.

Ўсиб келаётган ёш авлод, мен ва менинг тенгдошларим юксак инсонийликни, одампарварликни, дўстпарварликни шу қутлуғ масканда, бадиият бағрида ўқиб, ўрганиб улғаямиз.

Юқорида келтирилганлар халқимиз миллий менталитети уммонидаги бир нечтагина тўлқинлардир, холос. Ҳайратланарлиси ҳамда қувонарлиси шундаки, неча асрлар илгари яратилган «Балогардон» каби достонларда улуғланган мана шундай қадриятлар ҳали-ҳамон халқимиз томонидан қадрланади. Бу умрбоқийликнинг сабабини юртбошимизнинг қуйидаги фикрлари асослайди:

«Инсонпарварлик — ўзбек халқи миллий онгининг ўзак фазилатидир. Шафқатсизлик ва зўравонлик унинг табиатига ёт. Халқимиз минг-минг йиллик тарихи давомида кўп нарсаларни бошидан кечирди… Лекин тарихнинг ўйинлари ҳам, табиий офатлар ҳам халқимизнинг инсоний табиатига доғ туширолмади»[5].

Мусурмонова Ирода
IV босқич талабаси
Илмий раҳбар: ф.ф.н. А.Турсунқулов

[1] Жрмунский В.М. Зарипов Ҳ. «Узбекский героический эпос», Ленинград 1947 йил, 17-бет

[2] «Балогардон» Ғ.Ғулом. 1986 йил. 16-бет.

[3] «Балогардон» Ғ.Ғулом. 1986 йил. 18-бет.

[4] «Балогардон» Ғ.Ғулом. 1986 йил. 11-бет.

[5] Каримов И.А. «Истиқлол ва маънавият». Т.: ”Ўзбекистон”. 1994. 72-б.
Fikr.uz

This entry was posted in Тадқиқотлар. Bookmark the permalink.

Comments are closed.