Шаҳодат Улуғ
Қуёш кўкда жилва қилади. Баҳор чиндан борлиқни яшнатиб юборган эди. Муамбар шамол чунон дилтортар, ҳам нилуфар само ҳузурбахш, ҳам борлиқ чексиз ва шаксиз гўзал эди. Кун пешиндан ўтиб, асрга қараб оғди. Акам иккимиз шаҳардан қишлоққа қараб йўл солдик. Юким йўқ ҳисоб, ичи ширинликларга лиқ тўла ихчамгина бир жомадон, холос. Онам каттанг билан энангга, деб мазали пишириқлар солган эди.
Текис йўл тугаб, тошлоқ йўлга дуч келдик. Машина гўё тайсаллаб қолганди. Мен эса тезроқ энамнинг ҳузурига етишни орзулайман. Тоғ бағрига кириб борганимизда, қуёш олис-олис тоғлар ортига эринибгина яширина бошлади. Бу ўлка ўзи ажойиб! Биз виқор билан мағрур қад кўтарган тоғлар томон тобора яқинлашиб боряпмиз. Яшил барқут ёпинган қир-адирларга, бодом, жийда буталари билан қопланган зангор-қизғиш қояларга ҳали инсон қадами етмаган кўринади. Ҳам гардсиз, мусаффо тоғ ҳавоси, ҳам дилтортар, сўлим шамол, ҳам феруза осмон – барчаси борлиққа шаксиз бир ажойиб манзара бахш этган.